Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:52

Эронда Исломий инқилобнинг 35 йиллиги нишонланди


Эрон президенти Ҳасан Руҳоний.
Эрон президенти Ҳасан Руҳоний.

11 февраль куни Эронда Исломий инқилобнинг 35 йиллигини катта тантана билан нишонланди. Давлатга қарашли ахборот воситалари Эрон бўйлаб уюштирилган маросимларда миллионлаб одам иштирок этганини билдирди.


11 февраль куни Эронда Исломий инқилобнинг 35 йиллигини катта тантана билан нишонланди. Давлатга қарашли ахборот воситалари Эрон бўйлаб уюштирилган маросимларда миллионлаб одам иштирок этганини билдирди.

Эрон пойтахти Теҳроннинг Озодлик майдонида уюштирилган намойиш қатнашчилари “Йўқолсин Америка!” ва “Исроилга ўлим!” деган шиорларини айтиб бақирдилар.

Омма олдида чиқиш қилган президент Ҳасан Руҳоний Эрон ядро қувватидан тинч мақсадларда фойдаланишни давом эттиришига ваъда берди ва хорижий давлатларни Эроннинг ядровий дастури сабаб ҳарбий чоралар кўрмаслик ҳақида огоҳлантирди.

Сўнгги ойларда Эрон билан дипломатик келишувларга эришилганига қарамай, АҚШ ва яқин иттифоқчиси бўлган Исроил ядровий масалада Эронга қарши ҳарбий чора кўрилиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаган.

Эроннинг аввалги президенти Маҳмуд Аҳмадийнажодга нисбатан мўътадил қарашдаги Ҳасан Руҳоний ўтган йил август ойида ўтказилган президент сайловида ғалаба қозонганидан кейин Эроннинг ядровий дастури борасида Ғарб давлатлари билан давом этиб келаётган зиддиятга барҳам беришни ваъда қилган эди.

Унинг ташаббуси қисқа вақтда ўз натижасини берди. Ноябрь ойида Эрон дунёнинг етакчи давлатлари билан тарихий келишув имзолади.

Ҳужжатда Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатиши эвазига Халқаро ҳамжамият томонидан жорий қилинган санкциялар юмшатилиши назарда тутилган.

Кўп йиллардан бери давом этиб келаётган санкциялар Эронинг хорижга нефт экспорт қилишини чеклаб қўйгани боис мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етган.

Сешанба кунги чиқишида Руҳоний халқаро санкциялар оддий эронликлар ҳаётига жиддий зарар етказганини таъкидлаб, уни кескин қоралади.

- Миллатимизга қарши золимона тарзда жорий қилинган санкциялар ғайриқонуний ва нотўғри. Дунё миллатимизга қарши бундай санкцияларни давом эттира олмайди, дея баён қилда Эрон президенти.

Теҳроннинг ядровий дастури борасидаги музокаралар “тарихий синов” эканини урғулаган Руҳоний агар Ғарб ҳурмат ва ҳамкорликни намоён қилса, Эрон ишончли ҳамкор эканини таъкидлади.

1979 йилда Эронда амалга оширилган инқилоб пайтида АҚШнинг Теҳрондаги элчихонаси эгаллаб олинган. Бир йил ўтиб АҚШ ва Эрон ўртасида дипломатик алоқалар узилган.

Шунга қарамай, сўнгги ойларда икки давлатнинг юқори лавозмли дипломатлари бир неча бор учрашувлар ўтказди.

Дунёнинг олти етакчи давлат ва Эроннинг ядровий дастури борасидаги музокараларда сезиларли олдинга силжиш кузатилди.
XS
SM
MD
LG