Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:23

"Мигом"дан Ўзбекистонга пул жўнатиш тўхтатилди


Ўзбекистондаги банклар “Мигом” тизими орқали Россиядан пул жўнатиш вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. Ўзбекистондаги банк ходимларига кўра, пул ўтказмалари Россия ҳамкорлар дуч келган муаммолар сабабли тўхтаган. Ўзбекистон Марказий банки расмийси "Мигом"дан фойдаланмасликни тавсия қилди.

Ўзбекистондаги банклар “Мигом” тизими орқали Россиядан пул жўнатиш вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. Ўзбекистондаги банк ходимларига кўра, пул ўтказмалари Россия ҳамкорлар дуч келган муаммолар сабабли тўхтаган. Ўзбекистон Марказий банки расмийси "Мигом"дан фойдаланмасликни тавсия қилди.


Россиядан хорижга пул жўнатиш ва қабул қилиш билан шуғулланиб келган “Мигом” тизимининг Москвадаги ходими Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонга пул жўнатиш ва Ўзбекистондан пул қабул қилиш вақтинча тўхтатилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

- Ҳозирда “Мигом” тизимининг фаолияти техник сабабларга кўра тўхтатилган. Тизим фаолияти қачон қайта тикланиши ҳозирча маълум эмас, деди ўзини Анна деб таништирган “Мигом” вакили.

Анна пул операциялари қачон тўхтатилгани ва шу билан боғлиқ бошқа саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Ўзбекистондаги қатор банклар, жумладан, “Агробанк”нинг телефон гўшагини кўтарган оператори ҳам “Мигом” тизими орқали Россиядан пул ўтказмалари тўхтаб қолганини тасдиқлади.

- Ҳа, “Мигом” ишламаяпти. Бизда ҳозирча ишламаяпти. У ёқдан пул жўнатишса ҳам бу ерда олишолмайди. Ҳозир бизда “Мигом” билан шартнома янгиланяпти, деди “Агробанк” вакили.

Озодлик билан мулоқотда бўлган Тошкентдаги “Ҳамкорбанк” вакили ҳам “Мигом” билан пул операциялари тўхтаганини билдирди.

- Бизларда “Мигом” ишламаяпти. Бу программа ёпилган бизда. Яқинда “Мигом” билан шартнома бузилди. Ҳозир “Мигом” билан кўп банк ишламаяпти, деди “Ҳамкорбанк” ходими.

Озодлик билан мулоқотда бўлган “Ипак йўли” ва бошқа банклар вакиллари ҳам “Мигом” тизими орқали пул ўтказмалари тўхтаганини билдирди.

Ўзбекистон Марказий банкининг исми ошкор этилишини хоҳламаган расмийси Озодликка “Мигом” фаолияти тўхтаб қолгани тизим соҳиби бўлган “Евротраст” банкининг лицензияси олиб қўйилгани билан боғлиқ эканини айтди.

Марказий банк расмийси Россияда ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирларни “Мигом” тизими орқали пул ўтказмасликка, акс ҳолда муаммога дуч келишлари мумкинлигидан огоҳлантирди.

- Пул ўтказмалари бўйича “Мигом” тизимининг хизматидан фойдаланмасликни тавсия этамиз. Сабаби, “Мигом”нинг асосчиси бўлган “Евротраст” банкининг лицензияси Россия Марказий банки томонидан олиб қўйилган. Бундан кейин пул жўнатишда ҳар-хил қаллобларга дуч келиб қолмаслик учун мана шу “Мигом” тизимидан фойдаланишни тавсия қилмаймиз, деди Ўзбекистон Марказий банки расмийси.

“Мигом” тизимининг исми ошкор этилишини хоҳламаган Москвадаги бошқа ходими Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ва МДҲга аъзо бошқа мамлакатларга пул ўтказишда муаммолар ўтган йил охирида бошланганини билдирди.

Унга кўра, Ўзбекистон “Мигом” тизимининг Украина ва Беларусдан кейин учинчи энг йирик мижози ҳисобланади.

Россия Марказий банки маълумотига кўра, Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ватанига пул жўнатишда "Анелик", "БЛИЗКО", "Coinstar Money Transfer", "Контакт", "InterExpress", "MoneyGram", "PrivatMoney", "UNIStream", "Western Union", "АзияЭкспрес", "Allure", "Блиц", "Fast Mail", "Gold Crown", "ЛИДЕР" ва "Почта России" каби тизимлар хизматидан фойдаланган.
XS
SM
MD
LG