Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:39

Ўзбекистонда аёллар қотиллари бир умрга қамалди


Ўзбекистон ва Қозоғистонда 11 нафар аёлни ўлдирганлик, зўрлаганлик ва талаганликда айбланган икки шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.


Бу ҳақда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабар қилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон Бош прокуратураси мулозими Азизбек Назаров матбуотга Абдусаид Ўрмонов ва Пўлат Пардалиев исмли шахслар 2011-2012 йиллар оралиғида Ўзбекистонда етти нафар, Қозоғистонда эса тўрт нафар аёлни тўнаганлик, зўрлаганлик ва ўлдирганликда айбдор деб топилгани ҳақида маълум қилганди.

- Қотиллар бир хил схема асосида ҳаракат қилганлар: улар аёлларга такси хизматини таклиф қилиб, уларни Мersedes Benz 180-C машинасига ўтқазиб, кимсасиз жойга олиб кетганлар, ўша ерда уларни бўғиб, зўрлаганлар, кейин эса қурбонларнинг пули, тилла тақинчоқлари ва бошқа қимматбаҳо ашёларини олиб кетганлар. Ўғирланган ашёларни жиноятчилар бозорда пуллаганлар. Ушбу жиноят иши юзасидан 2 мингдан ортиқ киши гувоҳ сифатида сўроқ қилинган, 500 та Мersedes Benz автомобили эгасининг ўрганилаётган бу ишга алоқадорлиги бор-йўқлиги текширилган, мобил алоқа мижозларига тегишли 50 мингдан зиёд рақам анализ қилинган, - дея иқтибос келтиради 12uz.com ахборот портали Азизбек Назаров сўзларидан.

Бу қотилликлар учун Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди ва Ўзбекистон Олий суди Абдусаид Ўрмонов ва Пўлат Пардалиевни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилганини айтган Бош прокуратура мулозими мазкур маҳкама жараёнлари қачон бўлиб ўтганига аниқлик киритмаган, бироқ Пардалиев даставвал Қозоғистонда ҳибсга олиниб, судлангани, сўнгра эса Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини қайд этган.

Январь ойи охирида Жанубий Қозоғистон Ички ишлар департаменти матбуот хизмати раҳбари Салтанат Қаракўзова матбуотга 27 ёшли ўзбекистонлик йигит (яъни Пўлат Пардалиев) мамлакат Жиноят кодексининг қатор моддаларида айбланиб қамалгани ҳақида маълум қилганди.

- Қозоғистон Жиноят кодексининг 96-моддаси (қотиллик), 120-моддаси (зўрлаш), 179-моддаси (талончилик) ва 235-моддасида (уюшган жиноий гуруҳ тузганлик ва бошқарганлик) кўзда тутилган қатор оғир жиноятларни содир этгани учун Жанубий Қозоғистон вилояти ихтисослашган суди 27 ёшли ўзбекистонликни қаттиқ режимли колонияда ўташ шарти билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этди, - деганди Салтанат Қаракўзова.

Унинг айтишича, судланган шахс ўз айбига тўла иқрор бўлган.
XS
SM
MD
LG