Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:04

Россия ҳарбийлари Қримдаги яна бир заставани босиб олди



Россия ҳарбийлари Қримнинг “Черноморское” посёлкасида Украинанинг чегара заставасини босиб олди. Украина Давлат чегара хизмати расмийси застава қон тўкилишсиз ишғол қилинганини айтди. Бу билан Россия ҳарбийлари Қримда назорат қилаётган чегара постлари сони 11 тага етди.

Россия ҳарбийлари якшанба куни эрталаб Қримнинг ғарбий соҳилидаги “Черноморское” посёлкасида Украинанинг чегара заставасини босиб олганини Украина Давлат чегара хизмати матбуот котиби Олег Солободян маълум қилди.

Слободян айтганига таяниб Украинанинг “5-канали” застава маъмурияти якшанба куни эрталаб соат олтида 30 нафар россиялик қуролли ҳарбий томонидан ишғол қилинганини билдирди.

Бу билан Россия ҳарбийлари Қримда босиб олган чегара постлари сони 11 тага етди.

Чегара хизмати расмийси сув устидаги вазиятни назорат қиладиган техник постларни яроқсиз ҳолатга келтириш ҳаракатлари кузатилганини билдирган.

УНИАН Интернет нашри бир кун олдин Симферополь шаҳри томонга ҳарбий юк машиналари карвони жўнаб кетганини билдирди.

Рейтерс ахборот агентлиги мухбирлари Россиянинг юзлаб аскари, бронемашиналар ва тезёрдам хизматлари ҳамкроҳлигида, тахминан 50 та юк машинасида Симферополь шаҳридан шимолда жойлашган ҳарбий база томон жўнаб кетаётганини видео тасвирга туширган.

Москва Россия Қримда ўз ҳарбий ҳозирлигини кучайтираётгани тўғрисидаги хабарларни инкор қилди.

16 март куни Қрим Мухтор Республикасининг Россияга қўшилиши бўйича референдум ўтказилиши режаланган.

Якшанба куни Қрим Бош вазири ўринбосари Рустам Темиргалиев Киев расмийлари давлат хазинасининг Қрим бўлими электрон тизимини ўчириб қўйгани ва Мухтор Республиканинг ҳисоб рақамларига кириш блок қилинганини айтди.

Украинанинг янги ҳукумати Қримда ўтказилиши режаланган референдумни ноқонуний, деб атаган.

Украина Президенти вазифасини вақтинча бажараётган Александр Турчинов ўтган ҳафта референдум ўтказиш ҳақидаги қарор “Россия ҳарбий кучлари тўлиқ назорат қилаётган” Қрим парламенти томонидан қабул қилганини таъкидлади.

Қримда яшайдиган украинлар ва туб аҳоли бўлган татарлар 16 март кунги референдумга бойкот эълон қилишни режалаган.

Ўзбекистонда туғилган ва ҳозир Украина фуқаролигини олиб Қримнинг Симферополь шаҳрида яшаётган Ризвон Озодлик билан суҳбатда татарлар референдумда иштирок этмайди деб йўлашини айтди.

- Мен Қрим татар халқи референдумда қатнашмайди деб ўйлайман. Чунки россияликлар бу масалани ҳал қилиб қўйибди. Биз қатнашамизми ёки қатнашмаймизми бу аллақачон ҳал бўлган, деди Ризвон.

9 март куни Украинанинг турли шаҳарларида Россия ва Украина тарафдорлари бўлган минглаб одам иштирокида намойишлар бўлиб ўтди.

Қримнинг Севастополь шаҳрида россияпараст намойишчилар Украина яхлитлигини қўллаб намойишга чиққан одамларга таёқлар билан ҳужум қилди.

Қрим пойтахти Симферополь шаҳрида Россия ва Украина тарафдорларининг намойиши тинч ўтди.

Донецк шаҳрида минглаб намойишчилар олдида сўзлаган УДАР партияси етакчиси Виталий Кличко Украинанинг парчаланиши ва қон тўкилишининг олдини олишга чақирди.

- Барча украиналиклар учун бугунги кундаги энг долзарб масала бирлашишдир. Бирлашиш ва провокацияларнинг, айирмачилар ўз режаларини амалга оширишининг олдини олишдир. Айирмачилар мақсади мамлакатни парчалаш ва мустақилликни йўқ қилиш, дея баёнот берди Виталий Кличко.

Донецк шаҳрида Россия тарафдорлари ҳам ўз намойишини ўтказди.

Пойтахт Киевда Тарас Шевченко таваллудининг 200 йиллик юбилейи муносабати билан уюштирилган тадбирда минглаб намойишчи олдида сўзлаган Украина Бош вазири Арсений Яценюк Украина хатто бир қарич ерини Россияга бермаслигини таъкидлади.

Шанба куни Қримнинг бир неча шаҳрида турли миллат вакиллари урушга қарши намойишлар ўтказиб Қрим Украина таркибида қолишини ҳамда Россия Президенти Владимир Путиндан ўз қўшинларини Мухтор Республикадан олиб чиқишни талаб қилдилар.
XS
SM
MD
LG