Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:24

Қирғизистонда ҳукумат тарқатилди


Жантўрў Сатибалдиев қирғиз ҳукуматига 1,5 йилдан кўпроқ бошчилик қилди.
Жантўрў Сатибалдиев қирғиз ҳукуматига 1,5 йилдан кўпроқ бошчилик қилди.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 19 март куни ҳукуматни истеъфога чиқариш тўғрисида фармон имзолади. Мазкур фармонга мувофиқ, парламентдаги Қирғизистон социал-демократик партияси, “Ар-Намис” ва “Ата Мекен” фракциялари ўртасида 2012 йил 3 сентябрида тузилган келишув ортидан шакллантирилмиш ҳукумат истеъфога чиққан, деб ҳисобланади.


Атамбаевнинг ҳукуматни тарқатиб юбориш қарорига “Ата Мекен” фракциясининг 18 март куни кўпчилик коалициясидан чиқиб кетгани сабаб бўлди. Бу билан атамекенчилар амалдаги ҳукуматни автоматик равишда истеъфога чиқаришга эришдилар.

“Ата Мекен” фракциясининг кўпчилик коалициясидан чиқиб кетишига унинг бош вазир фаолиятидан қониқмаслиги сабаб ўлароқ кўрсатилади. Атамекенчилар ўтган йили жиноят олами раҳбари Азиз Батукаевнинг қамоқдан озод этилиши ва мамлакатни тарк этишига йўл қўйилгани, Қумтор олтин кони атрофидаги муаммо ҳал қилинмагани, Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси (ўз вақтида амалдаги бош вазир бу дирекциянинг раҳбари бўлиб ишлаган – таҳр.) ишида кузатилган камчиликлар ва бошқа нуқсонлар Жантўрў Сатибалдиевнинг бундан буён бош вазир вазифасини бажариш бўйича маънавий ҳуқуқдан мосуво этажагини билдирганлар.

“Ата Мекен” фракцияси раҳбари Ўмурбек Текебаев фикрича, Қирғизистоннинг амалдаги ҳукумати тўмтоқлашиб, ўтмаслашиб қолган, шунинг учун уни алмаштиришга эҳтиёж туғилган.

- Ҳукумат дегани қонунийликкина эмас, ишончга боғлиқ легитимлиликка ҳам эга бўлиши керак. Шунинг учун биз “ҳукумат ўзининг маънавий-сиёсий заҳирасини битириб бўлди, ўзига юклатилган муҳим вазифани бажара олмаяпти” деган фикрга келиб, коалициядан чиқиш билан ҳукуматни алмаштиришга қарор қилдик, - деди “Ата Мекен” фракцияси раҳбари Ўмурбек Текебаев.

Эслатиб ўтамиз, “Ата Мекен” фракцияси аввалги ҳукумат – Ўмурбек Бабанов кабинетини ҳам шундай йўл билан истеъфога чиқаргандилар.

Сатибалдиев ҳукуматини истеъфога чиқариш ташаббуси даставвал мухолифатдаги “Республика” фракцияси депутатлари томонидан кўтарилганди. Уларнинг аризаси билан ҳатто Вазирлар маҳкамасига ишончсизлик билдириш учун 47 нафар депутатнинг имзоси ҳам йиғилганди. Эндиликда бу масала парламент муҳокамасига олиб чиқилиши лозим эди, бироқ атамекенчилар “отни аввалроқ қамчилаб” қолганлар.

Эндиликда қирғизистонлик депутатлар парламентда янги кўпчилик коалициясини тузишлари лозим бўлади. Янги ташкил қилинган коалиция 15 кун ичида бош вазир лавозимига ўз номзодини кўрсатади. Агар депутатлар номзод борасида келиша олмаса, президент парламентдаги 5 фракциядан бирига янги коалициясини шакллантиришни топширади. Бунинг ҳам имкони бўлмаса, бошқа бирига топширади. Бунда ҳам муросага эришилмаса, бутун парламентга бош вазирликка номзод кўрсатиш вазифаси юклатилади. Шунда ҳам янги ҳукуматни шакллантиришнинг имкони бўлмаса, мамлакат президенти парламентни тарқатиб юбориб, янги сайлов кунини белгилайди.

Қирғизистон Бирлашган миллий мухолифат ҳаракати раҳбари, мухолифатчи депутат Равшанбек Жээнбеков ҳукумат тарқатилиши билан боғлиқ воқеаларни “аввалдан тайёрланган спектакль” ўлароқ баҳолайди.

- Бу олдиндан тайёрланган спектакль. Режиссёри – Атамбаев билан Текебаев. Булар аҳвол қийин эканини кўришди. “Агар ҳукуматни истеъфога кетказиб, буғ чиқариб юбормайдиган бўлсак, Қирғизистонда беқарорлик бўлиб кетади” деб, ҳукуматни истеъфога чиқариб қўя қолишди. Коалиция эски ҳолича қолаверади. Балки бирор партияни қўшиб олишар, - деди Равшан Жээнбеков.

Мухолифатчи депутат тахминича, янги ҳукумат раҳбари ҳозирги бош вазирнинг биринчи ўринбосари Жўўмарт Ўтўрбаев бўлиши мумкин.

Қирғизистон қонунчилигига кўра, янги ҳукумат тузилгунига қадар истеъфога кетиши лозим бўлган бош вазир ҳам, бошқа вазирлар ҳам ўз вазифасини адо этиб тураверади.
XS
SM
MD
LG