Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:10

Австриядаги ўзбеклар Наврўзни нишонлади


22 март куни Австрияда яшаётган марказий осиёлик ўзбеклар Наврўз байрамини нишонлади. Тадбир давомида ўзбек фаоллари Австрияда Ўзбеклар жамияти тузишга келишиб олишди.

Шанба куни Линц шаҳрида ўтказилган Наврўз тадбирида Марказий Осиёнинг турли мамлакатларидан Австрияга келиб яшаётган ўзбеклар иштирок этди.

Австриянинг турли шаҳарларида яшовчи ўзбекистонлик, қозоғистонлик, тожикистонлик, туркманистонлик ва афғонистонлик ўзбеклар ҳар йили Наврўзни нишонлаш учун бир жойга йиғилиб, ўйин-кулгу қилишади.

Бу мамлакатда яшаётган ўзбекистонликлар орасида сиёсий ва диний сабабларга кўра, қочқинлик мақоми олган шахслар ва талаба ёшлар бор.

Байрам муносабати билан қўй сўйилиб, дастурхонга нўхат шўрак, ош варақи сомса ва бўғирсоқ каби ўзбекча таомлар тортилди.

Линцдаги Наврўз тадбирида ўзбекона куй-қўшиқлар янграб, рақслар хиром этилди. Венада яшаётган сиёсий қўшиқлари билан танилган ўзбек - Юсуф Ўзгур ва хонанда Забиҳилла ўз ашуллалари билан тадбирни қизитди.

Тадбир ташкилотчилари Австриядаги ўзбеклар лидери Нажмиддин Маҳмудий ва Сарфараз Казақлар бўлиб, улар ушбу мамлакатда яшаётган ўзбекларни тез-тез йиғилиб, ўз муаммо ва ютуқлари билан ўртоқлашиб туришга чақиришди.

Шунингдек, ўзбек фаоллари Австрияда ўзбеклар жамияти тузиш масаласини ўртага қўйиб, уни ташкиллаштиришга келишиб олишди.
XS
SM
MD
LG