Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:10

Тошкент-Симферополь рейслари бекор қилинди



Украина ҳудуди бўлган Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши ортидан Қрим ҳаво ҳудуди халқаро авиақатнов учун ëпилди. Шу жараëн доирасида Тошкентдан ҳафтасига бир қатнаëтган рейс бекор қилинди.


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг Тошкент- Симферополь -Тошкент йўналиши бўйича 3 апрель кунига белгиланган парвозлари бекор қилинди.

Озодлик суҳбатлашган авиаширкат вакили парвоз бекор қилингани сабабини изоҳлашни истамади:

-“Тошкент – Симферополь – Тошкент” йўналиши бўйлаб 3 апрель кунига мўлжалланган HY-747/HY-748 рейслари бекор қилинди. Йўловчилар қайд этилган рейс чипталарини қўшимча тўловларсиз ва жарима тўламасдан қайта брон қилишлари ёки қайтариб беришлари мумкин¸ деди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг ўзини таништирмаган вакили.

Айни пайтда Қримга парвозларнинг вақтинча ëки бутунлай бекор қилингани масаласи мавҳум қолмоқда.

Озодлик гаплашган мулозимлардан бири парвозларнинг вақтинча бекор қилинганини айтса¸ яна бири эса бу парвозларнинг бундан сўнг давом этишишига ишонмаслигини айтди.

Тошкентдан Қримга учадиган самолетлар парвози бекор қилингани Қрим осмонининг парвозлар учун вақтинча ëпилгани билан изоҳланмоқда.

Парвозлар ва ҳаво қатновларини ташкил қилувчи Россия федерал идораси (ОрВД) пайшанба куни тарақатган баëнотга кўра¸ Қрим ярим ороли осмони Симферополдаги рус ҳарбийлари назоратига олинган.

"Бу борадаги аэронавигацион информация Қрим ҳаво ҳудудида парвозларни амалга оширадиган барча авиаширкатларга етказилди” дейилади баëнотда.

Украина ҳудуди бўлган Қримнинг аннексия қилиниши ортидан бу ҳудуд осмони Қора денгиздаги Россия флоти назоратига олингани халқаро ҳаво қатновлари фалаж бўлди.

Жорий ҳафта Европа аэронавигация хавфсизлиги ташкилоти Европадан Симферополь ва Севастополга учадиган парвозларни тақиқлаб қўйган эди.

Бундан ташқари кеча Беларуснинг "Белавиа"ширкати ҳам ўз учоқларининг Симферополга парвозини бекор қилди.

Озодликниннг “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясидаги манбаларига кўра¸ шу кунларда “Украина халқаро авиалиниялари” ширкати дипломатик идораларни жалб қилган ҳолда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати билан музокоралар ўтказмоқда.

Музокораларда¸ айтилишича¸ Украинага тегишли Қрим ярим ороли Россия тарафидан аннексия қилгани ортидан юзага келган ҳолатда парвозлар қандай амалга оширилади¸ деган масала муҳокама қилинмоқда.

Айни пайтда Тошкентдан Қримга парвозларнинг амалга оширилиши қайталанмаслиги кутиляпти.

Тошкентдан Қримга парвоз қилиш Россиянинг ярим оролни аннексия қилишини маъқуллаш ишорати сифатида талқин қилиниши боис¸ Симферополь рейсларининг бекор қилиниши сиëсий қарор тусини олмай қолмайди.

Бундай ҳолатда расмий Тошкент¸ Ташқи ишлар вазирлигининг икки расмий баëнотида таъкидланган каби¸ Украинанинг суверенлигини ҳурматлаш мантиғидан келиб чиқиб қарор қабул қилиши мумкин. Масалан¸ расмий Тошкент Озарбайжон манфаатларидан келиб чиқиб¸ ўзини Бакудан мустақил деб эълон қилган Қорабоғ-телеком ширкати билан ҳамкорлик қилмайди.

Бундан олдин Тошкент-Киев-Тошкент йўналиши бўйича 1 апрель кунига белгиланган парвозлар амалга ошмагани борасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси вакили Украина томони тегишли рухсатнома бермагани билан изоҳлаган эди.

2013 йилда Ўзбекистон ва Украина пойтахтлари ўртасида ҳафтасига иккита рейс амалга ошириб келинган.

Жорий йил бошида Тошкент-Киев ўртасидаги парвоз биттага туширилган.
Давлатга қарашли “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига тегишли самолётлар Америка, Европа, Осиё, Яқин Шарқ давлатларидаги 21та шаҳар ҳамда МДҲ давлатларининг 22 та шаҳрига парвоз қилади.
XS
SM
MD
LG