Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:20

Славянскдаги тўқнашувда Украина хавфсизлик кучлари ходими ҳалок бўлди


Словянск шаҳри ташқарисида "Беркут" махсус кучлари билан тўқнашувга тайёргарлик кўраётган Россия тарафдорлари автомобиль шиналарини ёқмоқда, 2014 йил 13 апрель.
Словянск шаҳри ташқарисида "Беркут" махсус кучлари билан тўқнашувга тайёргарлик кўраётган Россия тарафдорлари автомобиль шиналарини ёқмоқда, 2014 йил 13 апрель.

Украина Ички ишлар вазири Славянск шаҳрида Россия тарафдорлари билан рўй берган қуролли тўқнашувда хавфсизлик кучларининг бир ходими ҳалок бўлгани, беш нафари яраланганини маълум қилди. Айни пайтда 13 апрель куни Россия тарафдорлари Донецк вилоятидаги Мариуполь шаҳар маъмурияти биносини босиб олди.


Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков мамлакат шарқида жойлашган Славянск шаҳридаги “аксилтеррор” амалиёти чоғида “икки томондан ўлганлар ва яраланган одамлар борлиги”ни билдирди.

Аваков ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Славянск шаҳрида Россия тарафдорлари билан отишмада Украина хавфсизлик кучларининг бир ходими ҳалок бўлгани, беш нафари яраланганини маълум қилди.

Унга кўра, тўқнашув пайтида айирмачилар томони ҳам талафот кўрган.

Арсен Аваков айирмачиларни 1000 чоғли киши қўллаб-қувватлаётганини қўшимча қилди.

Ички ишлар вазирига кўра, айирмачилар одамлардан тирик қалқон сифатида фойдаланмоқда. Вазир воқеа тафсилоти ҳақида бошқа маълумот тарқатмади.

Якшанба кунги отишма Украина хавфсизлик кучлари россияпараст айирмачилар автомобил йўлига ўрнатган тўсиққа яқинлашган пайтда бошлангани айтилмоқда.

Ўзини Славянскдаги Россия тарафдори бўлган жангчилар қўмондони, деб таништирган Павел Петров “Россия 24” телеканалига Славянскдаги вазият ҳақида қуйидаларни айтди:

- Ҳозир, сўнгги маълумотларга кўра, Славянск томонга Украина Ички ишлар вазирлиги махсус кучлари кийимидаги 150 киши пиёда ҳаракатланмоқда. Славянск томонга яна 5-7 дона бронетранспортёр ҳам ҳаракатланаяпти. Биз жонимизни аямай, уларни тўхтатамиз ва шаҳарга киришларига йўл қўймаймиз, - деди Павел Петров.

13 апрель куни Славянск шаҳридаги журналистлар эрталаб шаҳар осмонида ҳарбий вертолётлар парвоз қилганини билдирди.
Украина кучлари яқинлашар экан, Россия тарафдори бўлган қуролли гуруҳлар Словянск шаҳридаги милиция идораси олдида баррикадалар тикламоқда.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:03 0:00

Славянск россияпараст қуролли гуруҳлар 12 апрель куни милиция идораларини босиб олган Украина шарқидаги шаҳарлардан биридир.

Украинадаги ахборот агентликларига кўра, 13 апрель куни қуролланган Россия тарафдорлари Донецк вилоятидаги Мариуполь шаҳар маъмурияти биносини ҳам босиб олган.

Украина шарқида, жумладан, Славянск, Донецк, Краматорск ва Красний Лиман шаҳарларида ҳукумат бинолари ва милиция идораларига ҳужумлар давом этар экан, Киев ҳукумати буни "Россиянинг босқинчилиги”, дея атади.

Донецк шаҳридаги ҳукуматга тегишли асосий бинолар бир ҳафта олдин босиб олган россияпарст қуролли гуруҳлар назоратида қолмоқда.

Россия Киевни Украина шарқидаги Россия тарафдори бўлган фаолларга қарши куч қўлламаслик ҳақида огоҳлантирди.

Россияпараст фаоллар мухторият бўйича референдум ўтказиш ва Россияга қўшилишни талаб қилмоқда.

12 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина шарқида Россия тарафдорларига нисбатан Киев томонидан ҳар қандай куч қўлланилиши тўрт томонлама музокараларни таҳлика остига қўйиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

17 апрель куни Женева шаҳрида ўтказилиши режаланган музокарада Украина, Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқи расмийлари иштирок этиши кутилмоқда.

Айни пайтда АҚШ Вице-президенти Жозеф Байден 12 апрель куни Сергей Лавров билан телефон орқали сўзлашуви чоғида, агар Россия Украина чегараси яқинидан ўз қўшинларини олиб чиқмаса ва Шарқий Украинадаги вазиятни юмшатиш бўйича ҳаракат қилмаса, Россияга нисбатан қўшимча чоралар қўлланилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

13 апрель куни АҚШ нинг Украинадаги элчиси Жеффри Пйатт Твиттердаги саҳифасида “Украина шарқидаги жанггарилар Россия қуроллари билан қуролланган" ва "Қримни босиб олган Россия кучларининг кийимида" эканини ёзди.

Оқ Уй расмийлари АҚШ Вице-президенти Жозеф Байден 22 апрель куни Украинага сафар қилишини билдирди.

12 апрель куни Оқ Уй эълон қилган баёнотда Украина ҳукумати раҳбарлари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан бўлажак учрашувда Байден Қўшма Штатлар "яхлит ва демократик Украина"ни астойдил қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлаши маълум қилинган.
XS
SM
MD
LG