Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:28

Милиция собиқ инспектори: Эримни қийнашяпти, мен қийноқ қандай бўлишини биламан!


Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи 41 яшар Фотима Йўлдошева айни пайтда қотилликда айбланиб, 20 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган турмуш ўртоғи Алишер Хожибоевга қийноқ қўлланилаётганини иддао қилмоқда. У Қибрай тумани ИИБда 10 йилдан ортиқ иш юритувчи бўлиб ишлагани ва милиция қийноқларига шахсан гувоҳ бўлганини айтмоқда.



Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳри, Спортивная кўчаси, 30-уй, 65-хонадонда истиқомат қилишини айтиб, OzodMikrofon рукнига боғланган 41 яшар Фотима Йўлдошева бир ярим йил муқаддам қотилликда айбланиб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган эри Алишер Хожибоев Қарши қамоқхонасида қийноққа солинаётганини иддао қилди.

- Аҳволи жуда оғир, уни қаттиқ уришган. Оёқ-қўллари синдирилган. Бошидан жароҳат олган. 10 апрель куни қайнонам борганида, унинг кўзи олдида ҳам уришибди,- дейди Фотима Йўлдошева.

Унинг айтишича, 36 яшар эри Алишер Хожибоев оилавий можаро ортидан ўз қайнатаси ва қайнисини ўлдирганликда айбдор, деб топилган ва 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Айни пайтда Қарши қамоқхонасида жазо муддатини ўтамоқда.

Ўтган ҳафтада Алишер Хожибоевни кўриб келган 69 яшар онаси - Назира Эрназарова ҳам ўғлига қийноқ қўлланилаётганини иддао қилди.

- Учрашув тугагандан кейин чиқишга чақирганида ўрнидан туролмади, чунки боши қаттиқ оғриётган эди. Улар аччиғи чиқиб, бақиришди. Зўрға туриб, чиққандан кейин уни олиб кириб кетишди. Ўша заҳоти тасир-тусир бўлиб кетди. Мен орқасидан бориб, эшикни очдим. Қарасам, халтадаги егуликлар ерда сочилиб ётибди. Улар эшикни ёпинг, деб бақиришганида қўрққанимдан ёпдим, - дейди Назира Эрназарова.

Шовқин-сурондан кўнгли ғаш она эшик ёнидан кетолмай яна бироз тургани ва яна бир марта эшикни очгани ва бу гал яримжон ўғлига ерда сочилиб ётган нарсаларни дўқ-пўписа билан тердиришаётганини кўрганини айтади.

- Кўрдимки, боламни қийнашяпти. Аҳволи жуда оғир, қўл-оёқлари қақшаб оғриётганини айтди. Футболкасини ечганда кўрдим, елкалари кўкариб кетган. Ишончим комил, уни қийнашяпти. Мен кейин началникларига учрашдим, врачи билан кўриштиришни талаб қилдим. Ҳеч ким ҳеч нарса демади. Фақат началниги чиқиб: "Сиз хавотир олманг, Сангородга жўнатиб, даволатамиз, сиз тинчгина кетаверинг!" деб, алдаб мени қайтариб юборди. Болам қўрқиб қолган, бир оғиз оғзини очиб, арз қилмади, -дейди чирчиқлик 69 яшар ўқитувчи Назира Эрназарова.

У келини Фотима Йўлдошева билан ўғлига ноҳақ айблов қўйилган, деган якдил хулосада эканини айтади.

Уларнинг айтишича, Фотиманинг отаси ва укаси муттасил ичкилик истеъмол қилган ва маст ҳолида Алишер Хўжаевга ҳам кўп таҳдид қилишган.

- Ўзи менинг отам қабртош ёзарди. Топган пулига ичарди. Бир умр отамнинг ичкилигидан азоб чекиб яшаганмиз. Кейин раҳматли укам ичишни бошлади ва мактаб пайтидан қамалиб чиқаверди. 12 марта қамалган укам. Улар бирга ичиб, маишатбозлик қиларди. Мен оғир, ётоқда ётган пайтимда, бир куни укам 12 яшар қизимни зўрлабди,- дея уввос тортиб юборди Фотима Йўлдошева.

Унинг айтишича, бунинг устига келиб қолган қўшни маст ўғилнинг аҳволидан маст отани хабардор қилган ва кайф ичидаги ота-бола муштлашиб кетишган.

- Бақир-чақир бошланиб кетди. Улар бир-бирини арматуралар билан уришган. Мен тўрт оёқлаб, зўрға ҳовлига чиқдим. Иккаласи қонга ботиб кетган. Ёрдамга чақирдим. Бир вақт эрим келиб қолдилар. Улар унга ташланиб кетишди. Отам раҳматлик эримни пичоқламоқчи бўлди. Эрим 96 килоли бақувват одам, ўзини ҳимоя қилди. Кейин доктор чақирдик. Ҳаммамизни олиб кетишди. Отам ва укамга касалхонада вақтида қарашмади. Қонга ботган укамни полга ташлаб қўйишди, ишонасизми?! Улар касалхонада оламдан ўтди. Эртаси куни эса эримни олиб бориб, буларни ўлдиргансан, деб қамаб қўйишди,- дейди Фотима Йўлдошева.

Суҳбат чўзилган сари бир-биридан даҳшатли воқеаларни ҳикоя қилаётган бу аёл отаси ва укаси оламдан ўтиши билан зўрланган 12 яшар қизининг иши ҳам ёпилиб кетганини айтади.

- Эримни уриб-уриб, бу айбни бўйнига қўйишди. Қизимни иши ёпилди. Қайси бирини айтай, ҳасратим битиб, адо бўлмайди. Мен Озодликни бир йил қидирдим. Менга ёрдам беринглар, сизларни зўрға топдим. Ҳозир қамоқда ноҳақ ётган эримни уришяпти, даволашмаяпти, аҳволи оғир, ёрдам беринглар!- дея зорланди Фотима Йўлдошева.

У эрига нисбатн ноҳақ айблов қўйилгани ва унинг ҳибсда, сўнгра қамоқда қийноққа солинганини исботловчи далилларга эга экани, буни халқаро ахборот воситаларига етказишга тайёр эканини айтди. (Аммо, қийноқ иддаосини тасдиқловчи бу ҳужжатлар ҳозирча Озодлик тасарруфига етиб келгани йўқ.)

У эрининг қийноққа солинаётганига ишончи комиллиги, боиси, 10 йилдан ортиқ Тошкент вилояти, Қибрай тумани ИИБ иш юритувчи бўлиб ишлаган кезларида қийноқларга кўп бор гувоҳ бўлаганини айтади.

- Мен делопроизводитель (иш юритувчи-таҳр.) эдим. Кечаси 12 ларгача қолиб, терговни печать қилардим. У вақтлар компьютерлар йўқ эди. Неча марта мени гувоҳ қилиб чақиришарди. Ўшанда урганларини, газетага наркотикаларни ўраб, бегуноҳ йигитларнинг чўнтакларига тиққанларини кўрганман. Мен қўл қўймаганман, бунақа протоколларга қўл қўймаганман. Лекин биламан, булар қанақа қилиб қийнашини, уришларини биламан. Шу рецидивист укамни деб мени ишдан бўшатишди охири,- дейди собиқ милиция ходимаси.

Айни пайтда Фотима Йўлдошева саратон касаллигидан азият чекаётгани, 2-гуруҳ ногирони экани ва куннинг асосий қисмини ётоқда ўтказиши, 3 фарзанди билан жуда оғир шароитда яшаётганини айтади.

- Нимасини айтай, ҳаётим машаққат, азобдан иборат бўлди. Шу раҳматли отамнинг ичувчилигидан бўлди ҳаммаси. На маҳалла, на яқинларимиз ёрдам беролди. Энди улар кетишди, ҳеч бўлмаса, эримни ноҳақ айбловдан қутқариб, болалар билан нормал яшасак, деб орзу қиламан,- дейди суҳбат якунида Фотима Йўлдошева.

У 69 яшар қайнонаси билан бугун-эрта Қарши қамоқхонасига боришни режалаётгани ва Алишер Хўжаевнинг аҳволи бўйича қамоқхона раҳбарлари, зарур бўлса, уларнинг республикадаги раҳбарларига мурожаат қилиш ниятида эканини айтмоқда.

Озодлик бу аёл воқеасини кузатишда давом этади. Қуйида эса у билан қурилган суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:15 0:00
Бевосита линк


* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Эслатма: “Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG