Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:32

Турчинов референдум ўтказишга "қарши эмас". ЕИ Россияга қўшимча санкциялар қўлламоқчи


Украина муваққат президенти Олександр Турчинов мамлакатни бошқариш шакли масаласида умумхалқ референдумини ўтказишга “қарши эмаслигини” баён қилди. Айни пайтда, Европа Иттифоқи Украина шарқида бўҳронни кескинлаштираётгани учун Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий қилиш масаласини муҳокама қилмоқда.




14 апрель куни телевидение орқали қилган чиқишида Турчинов референдум президент сайлови белгиланган 25 май куни ўтказилиши мумкин, дея маълум қилди.

Муваққат президент украиналикларнинг аксари “мустақил, демократик ва ягона” Украина учун овоз беришларига ишончи комил эканини таъкидлади.

Турчиновнинг бу баёноти ҳукумат Украина шарқидаги айирмачиларга қуролларни ташлаш учун берилган муҳлат тугаши ортидан янгради.

Айни пайтда, Москвада чиқиш қилган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Киев томонидан илгари сурилган референдум масаласи борасида қўшимча маълумотлар керак, дея билдирди. Лавров Украина шарқидаги русийзабон минтақалар референдумга олиб чиқиладиган конституция лойиҳасини ишлаб чиқишда қатнашиши керак, дея таъкидлади.

Россияпараст айирмачилар Украина шарқидаги минтақалар ваколатларини кенгайтириш ёхуд Россияга қўшилиши масаласини референдумга олиб чиқишни талаб қилмоқда. Айримачилар шарқий вилоятларда ҳукумат биноларини эгаллаб олган. Украинлар яшайдиган ғарбий минтақалар мамлакатнинг федераллаштирилишига қарши чиқиб келмоқда.

Украина ҳукмати россияпараст айирмачиларга қуролларни ташлаш учун берган муҳлат 14 апрель куни соат 9.00да (Тошкент вақти билан 11.00) тугаганига қарамасдан айирмачилар ультиматум талабларини бажаргани йўқ.

Душанба куни камида 100 нафар исёнчи Ҳорливка шаҳарчасидаги полиция қароргоҳига ҳужум қилди.

Украина муваққат президенти Олександр Турчинов исёнчилар қуролларни топширмаса, армия иштирокида “кенг қамровли аксилтеррор” амалиёти ўтказилишидан огоҳлантирган. Турчинов амалиёт натижасида Славянск ва Донецкдаги вазият назоратга олинишини айтмоқда.

Москва Киевни россияпараст норозиларга қарши куч қўллашдан тийилишга чақирди. Бироқ Украина ҳукмати ва Ғарб давлатлари Москвани Украина шарқида сунъий тарзда бўҳрон келтириб чиқарганликда айбламоқда.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари душанба куни Люксембургда ўтадиган йиғинда Украина шарқида вужудга келган бўҳронга қандай жавоб қайтариш масаласини муҳокама қилади.

Душанба кунги чиқишида Лавров вужудга келган вазият учун Москва нолегитим деб ҳисобловчи Украинанинг амалдаги ҳукумати жавоб бериши керак, дея таъкидлади.

Россияпараст намойишчиларга қарши куч ишлатиш, деди у, 17 апрель кунига белгиланган Украина, Россия, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи ўртасидаги музокараларга доир режаларга путур етказади.

- Ўнлаб одамнинг ҳалок бўлишига олиб келган Майдондаги зўравонликлар “демократия”, деб атлганини эслаш фойдадан ҳоли бўлмайди. Ҳозир эса жануби-шарқий Украинадаги тинч намойишлар “террорчилик”, дея аталмоқда ва уларга қарши “аксилтеррор” амалиётида армияни ишлатиш тўғрисида чақириқлар бўлмоқда. Бу учига чиққан иккиюзламачиликдир, деди Лавров.

Лавров Украинани бўлиш Россия манфаатларида эмас, дея таъкидлаб, Украина ва АҚШ вакилларининг айирмачилар ортида Россия махфий агентлари тургани тўғрисидаги айбловларини рад этди.

- Сизнинг қандай вазиятда Россия Украинада ҳарбий интервенция бошлайди, деган гипотетик саволингизга келсак, уни умуман изоҳлашни истамайман. Биз Украинанинг ички ишларига аралашмаймиз, бу бизнинг манфаатларимизга зиддир. У ерда бизнинг агентларимиз ҳам йўқ, ГРУ ёки ФСБ ходимлари ҳам йўқ, деди Лавров.

Айни пайтда Британия Европа Иттифоқини Украинада бўҳронни кескинлаштираётган Россияга қарши “қўшимча санкциялар” жорий қилишга чақирмоқда.

14 апрель куни ЕИ ташқи ишлар вазирлари учрашувида қатнашиш учун Люксембургга келган Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг “Россиянинг ҳаракатларига жавоб қўшимча санкциялар бўлиши керак”, дея баён қилди.

- Украина шарқида сўнгги 48 соат ичида рўй берган ҳодисалар Украинадаги бўҳронни янада кескинлаштиргани яққол кўриниб турибди. Бу вазият жуда таҳликалидир ва иккала томондан чоралар кўрилишини тақазо қилади, деди Британия вазири.

“Бу Россия тарафидан режалаштирилиб, амалга оширилаётган нарса эканига ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас”, деди Ҳейг.

- Украина шарқидаги кучлар яхши қуролланган, тайёргарликдан ўтган ва координация қилинмоқда ҳамда худди Қрим Россия ҳарбийлари томонидан босиб олинишидан аввал у ерда ҳаракат қилган ва кейинчалик Россия қўшинлари бўлиб чиққан кучлардек ҳаракат қилмоқда. Шу боис бу ерда Украина мустақиллиги ва суверенитети қўпол, қасддан ва аввалдан ўйлаб қўйилган тарзда бузилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз, деди Ҳейг.

ЕИ алақачон Россия амалдорларига қарши виза чеклови ва активларни музлатишга доир жазо чораларини қўллаган.

ЕИнинг бошқа ташқи ишлар вазирлари бу борада эҳтиёткор баёнотларни қилмоқда. Ҳолландия Ташқи ишлар вазири “ҳозирча бу ҳақда гапириш бироз эрта, лекин бунга тайёр бўлиб туришимиз керак”, дея таъкидлади.
XS
SM
MD
LG