Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:18

Тошкентда 10 минг талаба 2 кун "йўловчи ҳисоблагич" бўлади


23 ва 27 апрель кунлари Тошкентнинг 14 та олийгоҳидан жами 10 мингдан зиёд талаба жамоат транспортларидаги йўловчилар оқимини ўрганишга жалб қилинади. Талабалар икки кун давомида эрталаб соат 5дан кечки соат 12гача метро, автобус, трамвай ва маршрут таксиларида "ҳисоблагич" вазифасини бажариб, йўловчилар сонини аниқлашади.


Тошкент Автомобил йўллари институтидан 2000 нафар талаба пойтахтнинг жамоат транспортларидаги йўловчилар сонини аниқлаш тадбирида иштирок этади.

- Бизларнинг институтдан энг кўп талаба қатнашади. 23 ва 27 апрель кунлари бўлади. Икки кун бўлади. Ҳамма институтдан қатнашади. Тошкент шаҳрининг ичида бор институтлар борку¸ ҳаммаларига буйруқ беришган. Энг кўп контингент бизлардан қўшилган. Талабалар учётчик вазифасини бажаради,- деди Автомобил йўллари институтининг ўзини таништирмаган ўқитувчиси.

"Тошйўловчитрансхизмат" унитар корхонасидан олинган маълумотга кўра, мазкур тадбирга талабалардан ташқари ўқитувчилар ҳам жалб қилинган.

- 10 минг 24та талаба қатнашади. 350та ўқитувчи. Бундан ташқари автокорхона ва ташкилотлардан 100 киши, - деди "Тошйўловчитрансхизмат" корхонасининг исмини очиқламаётганимиз мулозими.

Сўнгги бор шу каби тадбир бундан 14 йил аввал ўтказилган бўлиб, ўша пайтда талабалар кучидан текинга фойдаланилган.

Суҳбатдошимиз мулозимга кўра, бу сафар талабалар эрталаб транспорт билан таъминланиб, овқатланиши учун 8000 сўмдан пул ҳам берилади:

- Асосий вазифани студент-учётчик бажаради. Уларнинг ҳаммасини ëтоқхонасидан автобус билан олиб келамиз. Эрталаб овқат беришади. Соат 5дан кейин чиқиб кетишади. Бундан ташқари уларга пул ажратилган овқатланишга. Ҳар битта студентга 8000 сўмдан,- деди мулозим.

Тошкент Аграр университетининг ўзини таништирмаган ўқитувчисига кўра, талабалар тадбирда қатнашиб қолдирган дарсларини қоплаш учун қўшимча дарслар ўтилади:

“Бу борада Олий таълим вазирлигининг махсус буйруғи бор. Қолдирилган дарслар кейинчалик ўтилади. Бу тадбир дарсларга мутлақо ҳалақит бермайди", - деди Аграр университети ўқитувчиси.

Ўзбекистон Миллий университетида ўқиётган исмини очиқламасликни сўраган талаба йигит ҳам мазкур тадбирда иштирок этади.

Унинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, уларга қолдирилган дарсларни қоплаш борасида айтилмаган, лекин у тадбирда қатнашиб, пул ишлаш мумкинлигидан хурсанд:

“Ўзи розилигимизни сўрашмади. Лекин мен овқат пули бераётгани учун чин кўнгилдан қатнашмоқчиман. Эртага тонгги соат 4да автобус келиб, ётоқхонадан олиб кетади. Кейин қўлимизга 8 минг сўм овқат учун беришди. Мен курсдошим билан 101-автобусда бўламиз. Иккаламиз ҳам уйдан егулик олиб чиқиб, пулни ёнимизга тежашни режалаштирдик. Айримлар домлалар билан келишиб, икки сменада қатнашмоқчи. Уларга 20 минг сўмгача беришди”, - деди талаба йигит.

"Тошйўловчитрансхизмат" унитар корхонасидан олинган маълумотга кўра, икки босқичдан иборат мазкур тадбирда дастлаб талабалар йўловчилар оқими борасида маълумот йиғади, кейин Тошкентдаги Турин политехника университетининг илмий ходимлари йиғилган маълумотларни таҳлил этади.

Тошкент шаҳри жамоат транспортларидаги йўловчилар оқимининг реал кўламини аниқлашга қаратилган бу тадбирдан сўнг пойтахтда транспорт қатновидаги узилиш ва тирбандлик муаммоси ҳал бўлишига умид билдирилмоқда.
XS
SM
MD
LG