Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:05

Тошкентда бир кило қулупнай баҳоси 50 минг сўмга чиқди


Қашқадарёда ногиронлардан пора олган шифокор қамалди. Ички ишлар вазирлиги расмийси “олифта” велосипедчиларни танқид қилди. Актёр Абдурайим Абдуваҳобов “ўлди”га чиқарилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Ногиронлардан пора олган шифокор узоқ йилга қамалди”

Қашқадарё вилояти руҳий касалликлар диспансери шифокори, 16 ёшгача бўлган беморларга ногиронлик тайинлаш комиссияси раиси Олимжон Жамолов порахўрлик учун қамалди (“Ҳуқуқ”, 24 апрель).

Шифокор Жамолов фарзанди руҳий касал бўлган ота-оналардан ногиронлик нафақаси тайинлаш ва тиббий кўрикдан ўтказиш учун катта миқдорда пора талаб қилган. Масалан, фуқаро Баҳор Очиловадан 300 минг сўм пора олган, шунга қарамай, нафақа ҳам тайинламаган.

Тамагирлик ва порахўрликда айбланган мансабдор шифокор 6 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

“Сабзавот ва мевалар нархи кўтарилди”

Баҳор кунлари Тошкентда витаминларга бой мева ва сабзавотлар баҳоси кўтарилди (“Новий век”, 24 апрель). Масалан, бир килограмм қулупнай баҳоси 45-50 минг сўмни ташкил этмоқда.

Помидор ва бодринг 5000-7000, картошка (янгиси) 5000, олма (ўтган йилгиси) 4500-5000 сўмдан сотилмоқда. Хориждан келтириладиган апельсин, банан, мандарин каби мевалар баҳоси ҳам 40 фоизгача кўтарилган.

Бир ҳафта муқаддам 900 сўмдан сотилган пиёз нархи 2000 сўмга чиққан. Газета мева ва сабзавотлар нархининг нега бу қадар кескин ошганини савол остига олади.

“Фарғона водийсида 300 га яқин хавфли сел ирмоғи бор”

Фарғона водийси, Чирчиқ, Ангрен, Зарафшон, Сурхондарё, Қашқадарё, Сангзор дарё ҳавзалари Ўзбекистондаги сел тошқини хавфи кучли бўлган ҳудудлар саналади (“Ҳуррият”, 23 апрель).

Газетага кўра, айниқса, Фарғона водийсидаги сел оқимлари хатарли ҳисобланади. Водий тоғ ёнбағирларида 300 га яқин сел оқими мавжуд.

“Сел ва сув тошқинлари мавсум ёки вақт танламайди. Шу боис зилзила каби табиий офатларни олдиндан башорат қилиб бўлмаганидек, сел ва сув тошқинлари хусусида ҳам аниқ бир гап айтиш қийин. Бунинг учун сел ва сув тошқинлари тарихини яхши билиш ва ундан ўз вақтида хулоса чиқариб, ҳимояланиш чора-тадбирларини кўриш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш тавсия этилади” деб ёзади газета.

“Ички ишлар вазирлиги “олифта” велосипедчиларни танқид қилди”

Катта кўчаларда 13 ёшга қадар болалар велосипед ҳайдаши мумкин эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги расмийси, подполковник Мансуржон Рихсиев огоҳлантирди (“Оила даврасида”, 24 апрель).

“Тўғри, бизда велосипед ҳайдаш учун йўлларда махсус йўлаклар йўқ ҳисоби. Велосипеддаги киши йўлнинг энг четки ўнг томонида юриши керак... Баъзан катта кўчаларда велосипедни ҳайдаётганда олифталик билан рулини ушламай бошқарадиган ёшларни учратиб қоламиз. Айримлар йўлларда машиналар қатновига халақит бериб, ҳайдовчиларнинг асабини бузади ёки жамоат жойларда велосипедни катта тезликда ҳайдайди. Шунда тартибни бузгани учун уларга нисбатан чора кўришга мажбур бўламиз” дейди вазирлик расмийси.

“Актёр Абдурайим Абдуваҳобов “ўлди”га чиқарилди”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурайим Абдуваҳобов оламдан ўтгани ҳақида совуқ хабар тарқалди (“Даракчи”, 24 апрель).

Ушбу хабарга ойдинлик киритиш учун актёрнинг уйига қўнғироқ қилган газета мухбири “марҳум” актёрнинг ўзи билан гаплашган.

“Очиғи, кўча-кўйда “Тирик экансиз-ку” дейишлари ғашимга тегяпти. Гўёки ҳамма мени ўлишимни кутгандек. Бу гапларни тарқатиш кимга керак бўлди?” дея актёрнинг фиғони фалакка чиққан.

“Фарғона ҳокими хусусий корхона раҳбарининг қонуний сўровини асоссиз чўзди”

Фарғона шаҳар ҳокими “Моҳизар пласт” хусусий корхонаснинг қонуний сўровини қондирмаган (“Инсон ва қонун”, 22 апрель).

Хусусий корхона Фарғона шаҳридан бино ва иншоот сотиб олиб, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирган. Сўнг бино ва иншоот ҳамда унга тегишли ер майдонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи беришни сўраб шаҳар ҳокимига мурожаат қилган. Мазкур талаб қондирилмагач, хусусий корхона адлия идорасига ариза ёзган. Мазкур талаб хўжалик суди ҳал қилув қарори билан қондирилган.

“Терговчининг айбланувчини сенсирашга ҳаққи йўқ”

Жиззахлик Нурали Шерматов ёши ўзидан кичик терговчи йигит сенсираб сўроқ қилганидан норозилик билдирган (“Адолат кўзгуси”, 24 апрель).

Ҳуқуқшунос А.Абдуркаримовга кўра, ўзбек миллий менталитетидан келиб чиқиб, ёшидан қатъи назар терговчи фуқароларни сенсираши мумкин эмас. Қолаверса, Жиноят-процессуал кодексининг 17-моддасига мувофиқ, судя, прокурор, терговчи ва суриштирувчи ишда қатнашувчи шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт.

Сенсириб гаплашган терговчи эса ваколатли раҳбар белгилаган ички ҳужжат ва Меҳнат кодексига мувофиқ интизомий жавобгарликка тортилиши лозим.
XS
SM
MD
LG