Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:35

Украинада айирмачилар гаровга олган ЕХҲТ кузатувчиларидан бири озод бўлди


ЕХҲТ музокарачилар гуруҳининг аъзолари, Славянск ш., 2014 йил 27 апрель.
ЕХҲТ музокарачилар гуруҳининг аъзолари, Славянск ш., 2014 йил 27 апрель.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) музокарачилар гуруҳи ташкилотнинг Славянск шаҳрида гаровга олинган саккиз нафар ҳарбий кузатувчиларидан бирини озод қилишга муваффақ бўлди. Халқаро ташкилот вакиллари 25 апрель куни Россия тарафдори бўлган айирмачилар томонидан Славянск шаҳрида гаровга олинган эди.


Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) музокарачилар гуруҳи ташкилотнинг гаровга олинган ҳарбий кузатувчиларини озод қилиш мақсадида Украина шарқидаги Славянск шаҳрига борди.

Халқаро ташкилот вакиллари ўзини Славянск шаҳри ҳокими деб эълон қилган Виталий Пономарёв билан музокара бошлаганидан кейин халқаро кузатувчилардан бири, яъни, Швеция фуқароси озод этилгани маълум қилинди.

27 апрель куни эрталаб Славянск шаҳрида бир неча журналист иштирокида ўтказилган учрашувда Пономарёв “уруш вазияти ҳукм сураётган бизнинг шаҳарда рухсатномамизга эга бўлмаган ҳар қандай ҳарбий "уруш асири" бўлиб ҳисобланади”, дея баёнот берган эди.

25 апрель куни айирмачилар Германиянинг тўрт нафар, шунингдек, Дания, Швеция, Польша ва Чех Республикасининг бир нафардан вакилини қўлга олганди.

ЕХҲТнинг ҳарбий кузатувчилари бўлган бу кишилар Украина шарқида кескинликни юмшатиш учун апрель ойи ўртасида Женевада имзоланган тўрт томонлама келишув қандай бажарилаётганини кузатиш учун Славянск шаҳрига борган пайтда гаровга олинган.

Вячеслав Пономарёв гаровдаги ҳалқаро кузатувчилар Киев ҳукумати ҳибсга олган россияпараст айирмачиларга алмаштирилишини бир неча марта такрорлади.

Журналистлар билан учрашув чоғида Пономарёв ўзи етакчилик қилаётган кучлар якшанбага ўтар кечаси амалга оширган рейдда уч кишини қўлга олганини билдирди.

Айирмачилар лидери ҳибсга олинганларнинг Украина хавфсизлик хизмати ходимлари эканини иддао қилди.

- Украина хавфсизлик хизматининг махсус вазифасини бажариш учун бизнинг ҳудудга келган подполковник, майор ва капитан унвонидаги ходимлари қўлга олинди. Улар Горловка шаҳар Ички ишлар бошқармаси биносини ишғол қилган гуруҳ раҳбарини ўғирлаб кетиш учун келишган. Гуруҳ етти кишидан иборат бўлган. Бироқ биз уч кишини қўлга олишга муваффақ бўлдик, деди Пономарёв.

Якшанба куни Украина Хавфсизлик хизмати Донецк вилоятининг Горловка шаҳрида ташкилотнинг бир неча ходими қўлга олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

Улар шаҳар кенгаши аъзоси Михаил Рибакни ўлдирганликда гумонланган Россия фуқаросини 26 апрель куни уўламоқчи бўлган пайтда бир неча қуролли шахс томонидан олиб кетилган.

Украина шарқида Россия тарафдори бўлган айирмачилар халқаро кузатувчиларни гаровга олгани Вашингтон ва Москва муносабатларининг янада кескинлашишига сабаб бўлди.

26 апрель куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасидаги бўлиб ўтган телефон сўзлашуви чоғида келишувга эришилмади.

Керри Москвани Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ҳарбий кузатувчиларини озод қилиш уринишини қўллаб-қувватлашга даъват қилди.

Ўз навбатида, Лавров Вашингтонни Киев ҳукумати ҳибсга олган россияпараст айирмачилар лидерларини озод қилишда ўз таъсирини ўтказишга чақирди.

Айни пайтда 27 апрель куни Путражая шаҳрида Малайзия Бош вазири Нажиб Раззоқ билан бирга ўтказган матбуот анжуманида сўзлаган АҚШ Президенти Барак Обама Россияга қарши янги халқаро санкциялар режалангани ва бундан кўзланган мақсад Украина шарқида беқарор вазиятни юзага келтириш уринишини тўхтатишда Москвага мужда йўллашдан иборат эканини урғулади.

- Биз ва европаликлар бир овоздан: "Токи Россия масалани тинч ҳал қилиш ва вазиятни юмшатиш ўрнига провокациялар йўлидан боришни давом эттирар экан, бунинг салбий оқибатлари бўлиши ва бу оқибатлар кўлами кенгайиб бораверади", деб айтганмиз, - дея баён қилди АҚШ президенти.
XS
SM
MD
LG