Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:53

Маҳмудхўжа Беҳбудий: Ҳақиқий матбуот ҳеч кимни хотирига қарамас


Маҳмудхўжа Беҳбудий
Маҳмудхўжа Беҳбудий
Бугун OzodNazar мутлақо кутилмаган, лекин мутлақо кутилиши, битиклари ўқилиши лозим бўлган меҳмон билан “мулоқот қилди”. 1875 да Самарқандда туғилиб, 1919 да Қаршида қатл этилган драматург, публицист, дин ва жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Танқид – сараламоқдир” мақоласи “Ойна” жаридасида чоп этилганига бу йил роппа-роса бир аср тўлди.

Озодлик радиоси яқин келажакда Беҳбудий дохил бўлган Туркистон жадидчилик ҳаракати ва унинг ёрқин вакиллари тўғрисида туркум эшиттиришлар қилиш ниятида. Ҳозирча, бу туркумнинг шаклу шамойили аниқ эмас бўлса-да танишишни бошлаганингиз ушбу материални ана ўша туркумнинг дебочаси, деб билинг.

XIX аср охири ва XX аср бошларида яшаб, ижод қилган мутафаккирнинг кўплаб мақолалари, таассуфки, бугун, XXI аср бошида ҳам ўз долзарблигини йўқотган эмас.

“Танқид – сараламоқдир” мақоласи ўша - долзарблигини йўқотмаган мақолалардан биридир.

Биз мақоланинг аслиятдаги (шоир Хуршид Давроннинг сайтида берилган версия) шаклини OzodNazar формати талабларидан келиб чиқиб, саволларимиз билан буздик, холос, лекин ундаги биронта ҳам сўзга путур етказмадик, биронта сўзни тушириб қолдирмадик ёки ўзимиздан сўз қўшмадик. Фақат бир жойда жумла бошига “Ҳа” сўзини қўшдик ва унинг ортига “таҳр.”, деб ёзиб қўйдик.

Нима учун Беҳбудий жанобларининг айнан шу мақоласини танлаганимиз у киши билан ўтказганимиз ғойибона суҳбат матнидан аён бўлади, деган умиддамиз.

***

ОzodNazar: Домла, Сизнингча, матбуот ва матбуотчининг вазифаси нима?

Маҳмудхўжа Беҳбудий: Мажалла ва жаридаларнинг катта бир хосияти танқид, яъни сараламоқдур. Саррофлар ақчани, тужжорлар матоъни саралаганидек, муҳаррирлар ҳам умумий ҳол ва маишатга тааллуқ нимарсаларни саралайдурки, бошқа сўз ила «танқид» аталур. Масалан, янги мактаб ва муаллимлари ва анда ўқулатургон китобларни маънан тафтиш этиб, андаги нуқсонларни баён этмоқ танқиддур.

ОzodNazar: Демак биз матбуотчи сифатида Сиз айтаётган вазифани бажараётган бўлиб чиқамиз. Лекин баъзи муштарийларимиз буни, яъни танқидни Ўзбекистонга душманлик, деб тушунади...

Маҳмудхўжа Беҳбудий: Таарруз (ҳужум) ва душманлик эмас.

ОzodNazar: Домла, мен масалани кенгроқ олаяпман. Сиз эса, асосан, “янги мактаб ва муаллимлари ва анда ўқулатургон китоблар” тафтиши, танқиди устинда сўзлаётирсиз. Лекин моҳиятан бир нарса устида гаплашаётгандаймиз. Шунинг учун, рухсатингиз билан кейинги саволни берай. Сўзларингиздан келиб чиқсак, танқид қилингувчи нимарса фаолиятдир. Фаолият эса шахсники. Матбуотчи фаолиятни танқид қилар экан, шахсни қандай иҳоталайди? Яъни танқид қай ҳолатда жоиз?

Маҳмудхўжа Беҳбудий: Агарда шахсиятга тўқунмаса. Аммо бир муаллим ё мударрис ва муҳаррирни ишидан, шахсиятидан халойиқға зарар келса, андан ҳам баҳс ва танқид ёзмоқ шахсий бўлмайдур.

ОzodNazar: Танқиддан мурод недир?

Маҳмудхўжа Беҳбудий: Танқид янги ёзилган китоб, жарида ва мажаллаларга–да жорий ва нофеъдур. Масалан, бир муҳаррир ва ё муаллимни саҳвини ва ўз хизматига бепарволигини ва лозим қоида ва тартибларга амал қилмай, оммага зарар келтурғонини танқид этмоқ боиси ислоҳ бўлур.

ОzodNazar: Бизнинг даврда танқидга айримларнинг муносабати Сизни суҳбатга тортишимизга сабаб бўлди. Сизнинг даврда, бундан бир аср муқаддам танқиднинг аҳволи қандай эди?

Маҳмудхўжа Беҳбудий: Бизни Туркистонда янги мактаблар хейле бордур. Янги рисола хейле босилиб турубдур. Жаридаларга мақола ва шиорлар – ўқулуб турубдур. Аммо ҳануз танқид даврига етушганимиз йўқ.

ОzodNazar: Танқидга муносабатчи?

Маҳмудхўжа Беҳбудий: Иттифоқо, танқид шаклинда бир нимарса ёзилса, бизларга қаттиқ тегар. Ёзганларимиз-ни бузуқлиги ва фикримизни хатолиги, ишимизни ноқислигини бирор киши кўрсатса, аччиғимиз келур. Ва ул одамни душман кўруб, шахсидан нафрат ва фикрига норозилик баён этармизки, бул бизни янгидан ишга бошлаганимиздан, бошқа тил ила ноқислигимиздандур.

ОzodNazar: 1914 даги эмас, 2014 даги аҳволни сўзлаётгандайсиз, домла...

Маҳмудхўжа Беҳбудий: (Ҳа – таҳр.) биз эскиларни айблаймизки, аларга ислоҳдан сўзласак, чидай олмайдурлар. Аммо ўзимизнинг мактаб, рисола, таҳрир ва маслакимизни бир киши танқид этдими, чидай олмаймиз, диққат ила мунаққид сўзини тингламаймиз. Мунаққид бизни тўғримизга минг сўз ила баёни муддао этар экан, биз они ичиндан ўн сўзини номаъқул топиб, юзига урармиз. Ва ёйинки важҳсиз онинг сўзини радду ўзига эътироз этармиз. Агарда ул десаки, ман сизга бир минг калима насиҳат ё танқид сўйладим, дуруст, ўн калимаси сизга бежо эканки, қайтиб олдим, 990 калимасига на дерсиз? На жавоб берармиз! Танқидни кўтаролмаганимизга тўғриси, ҳануз танқидга лойиқ бўлмаганимизни мисоли.

ОzodNazar: Домла, гапларингизни тингларкан, ҳайратдан қўлларим ёқамни тутамлайди. Айтганларингизни ўз даврингиздан мисоллар билан пишиқласангиз?

Маҳмудхўжа Беҳбудий: Кафказли сайёҳ Муҳаммад Сайид афанди Туркистон мактаблари тўғрисинда «Оила ва мўътабаран иқбол» жаридасига танқид ёзиб эдики, анинг жавоби ялғуз қуруқ бир эътироз (прутест) бўлди. Аммо онинг ёзғаниға жавоб тушмас. Иккинчи, «Адаб ва тарбият» унвони ила яна сайёҳ мазкур «Ойна»нинг 27—28—29—30 рақамларинда мактаб тўғрисинда воқеъи далиллари ила баъзи нимарсалар ёздики, мўътабар «Садойи Туркистон» рафиқимиз 11-ададинда Муҳаммад Сайид афанди мақолаларини хилофи адаб ва тарбия деб, они ёзилғониға соҳиби мақола ва идорага изҳори норизолик айтиб, мазкур мақолаларни «аҳамиятсиз» дер. Ҳамда «муаллимларнинг хотирин қолдирув» бўлармиш. «Ойна» камоли эҳтиром ила «Садойи Туркистон» рафиқимизга арз этарки, мазкур мақолалар бошдан охиргача аҳамиятсизми? Агарда аҳамиятлиги бўлса, илтифотга олмаганларига таассуф этармиз. Ва мақола ичидан икки–уч хати мизожга номувофиқ тушган учун афуларини тилаймиз. Такроран, айтармиз: биз ҳануз танқидга лаёқат пайдо этганимиз йўқ. Яна қадима касалларимиздан — «норизо», «хотири қолмасуну…» иллатлари ҳануз кетган йўқ.

ОzodNazar: Бас, танқидга лаёқатсизлик касаллик экан, бу иллатнинг оқибати не бўлур, домла?

Маҳмудхўжа Беҳбудий: Муҳаммад Сайид афанди таъбиринча, мундай кетаберса, «қиёматдан минг йил сўнгра–да, Туркистонга тараққий йўқ». Агарда, «хотир қолмасун» қоидаси маслак тутулса, матбуотдан қалам тортмоқ керак. Чунки ҳақиқий матбуот ҳеч кимни хотирига қарамас. «Хотир қолмасун» касали биз мусулмонларни барбод этди.

ОzodNazar: Домла, танқид ўз йўлига, лекин ўзбек ўзини андишали, деб билади, юз-хотир қилади, бунга не дейсиз?

Маҳмудхўжа Беҳбудий:
Умумий ҳоллардан баҳс қилиндими? Мутлақ ҳар бир масалага бир неча кишини хотири қолур. Ислоҳи мадорис ва дорулқазо десангиз, уламони хотири қолур. Ислоҳи расм базм десангиз, авомни хотири қолур. Ислоҳи савомеъ (ибодат қиладиган) десангиз сўфи, шайху эшонларни хотири қолур. Ислоҳи фойдахўрлик ва тижорат десангиз, бойларни хотири қолур. Энди ислоҳи макотиби жадида дейилганда, муаллимларни хотири қолса, бас муҳаррирлар учун сукутдан бошқа иш қолмайдур.Шуни-да айтмоқ керакки, Муҳаммад Сайид афандидан ёинки идорадан биргина «баъзи» калимаси ма-ат-таассуф қолибдурки, бу баъзи важҳдан баъзи муаллим афандилардан идора афу истар.
XS
SM
MD
LG