Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:15

Иккинчи хотинга уйланмоқчи бўлган одам машинасида ёқиб юборилди


Қашқадарёда 7000 доллар пора олган бозорқўм 11 йилга кесилди. Иккинчи хотинга уйланмоқчи бўлган хоразмлик ёқиб юборилди. Театрдан ҳайдалган актриса Саида Раметова маошсиз ишлашга ҳам рози. Жорий ҳафтада матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Фарғонада иш ўринлари яратишда камчиликлар аниқланди”

Фарғона вилояти туманларида 2014 йилнинг биринчи чорагида янги иш ўринлари яратиш ҳолати ўрганилди. Таҳлиллар жараёнида ютуқлар билан бирга бир қатор камчиликлар ҳам аниқланган (“Ўзбекистон овози”, 1 май).

Газета хабарига кўра, Фарғона, Қўқон шаҳарлари, Данғара, Қўштепа ва Ёзёвон туманларидаги айрим корхона ҳамда ташкилотлар иш ўрни яратиш режасини бажармаган. Масалан, Фарғона механика заводи, “Фарғонадонмаҳсулотлари” жамияти, Фарғона ёғ-мой заводида шундай ҳолат кузатилган.

Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Нурали Назаров танқидлар ўринли экани, камчиликлар бартараф этилишини маълум қилган.

“Иккинчи хотинга уйланмоқчи бўлган хоразмлик ёқиб юборилди”

Хоразм вилояти Урганч шаҳрида мудҳиш қотиллик қайд этилди (“Ҳуқуқ”, 1 май).
1986 ва 1988 йилларда туғилган Ойбек Матрасулов ва Равшан Ҳасанов Урганч деҳқон бозорида қассоблик қилиб келган Шавкат Абдуллаевни машинаси билан бирга ёқиб юборишди.

Маълум бўлишича, учовлон кўпдан бери бирга маишат қилиб келган. Қассоблик ортидан анча давлат йиққан Шавкат Абдуллаев Ойбек Матрасуловнинг синглисини иккинчи хотин сифатида олишни таклиф қилган.

Матрасулов бу таклифни камситиш ва хўрлик деб қабул қилган ва дўсти Равшан Ҳасанов билан қотилликка қўл урган.

Хоразм вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи Ғайрат Султоновга кўра, қотилликда айбланган икки шахс узоқ йилга озодликдан маҳрум қилинган.

“Болалар боғчалари тўлиб кетган – жой етишмаяпти”

Тошкентда болаларни боғчага жойлаштириш жиддий муаммога айланмоқда, сабаби, боғчалар тўлиб кетган, болаларни қабул қилишга эса жой етишмаяпти (“Новий век”, 1 май).

Масалан, Миробод туманидаги 389-, Cергели туманидаги 565-, 593-, 598-боғчаларда битта гуруҳда 38 тагача бола тарбияланмоқда. Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган низомга кўра эса, мактабгача таълим муассасалари гуруҳларида болалари сони 20 тадан ошмаслиги керак.

Гуруҳларда болалар сони меъёрдан ошиб кетгани Чилонзор, Яккасарой ва Ҳамза туманларида ҳам кузатилмоқда. Бу эса табиийки болаларнинг таълим ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Кучли эҳтиёжга қарамай, сўнгги ўн йил ичида шаҳарда бирорта мактабгача таълим муассасаси қурилмаган. Аксинча, бир неча ўнлаб боғча банк ёки тиббиёт муассасалари ихтиёрига ўтказиб юборилган.

“Сурхондарёда 40 ошиқ никоҳ тўйи тўхтатиб қўйилди”

Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг биринчи чорагида эрта турмуш қуришнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар доирасида 40 дан ортиқ никоҳ тўйи вақтинча тўхтатиб қўйилди (“Инсон ва қонун”, 29 апрель).

“Маҳалла” жамғармаси маълумотига кўра, Ангор туманида 2 та, Узунда 3 та, Қумқўрғонда 7 та, Музработда 8 та, Термизда 1 та никоҳ тўйи тўхтатилган. Қайд этилишича, эрта турмуш қуриш ногирон бола туғилиши ёки оилалар бузилишига сабаб бўлади.

“7000 доллар пора олган бозор хўжайини 11 йилга кесилди”

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги “Янги Кеш” бозори раиси Дониёр Пўлатов Жиноят кодексининг бир неча моддаси бўйича айбланди.

Бош прокуратура вакили Отабек Шоимовнинг “Ҳуқуқ” нашрига маълум қилишича, нафси ҳакалак отган бозорқўм дўкон олмоқчи бўлган тадбиркор Хосият Баратовадан 7000 доллар пора олаётган пайтда ушланган.

Текширувлар жараёнида бозор раиси бир неча йил давомида 727,7 миллион сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни камайтириб кўрсатгани ҳам маълум бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди Пўлатовни 11 йилга озодликдан ва 2 йилга мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган.

“Зулфиқор Мусоқов битта филмдан қанча даромад олишини очиқлади”

Дуппа-дуруст ёзувчилар ҳам мўмай қалам ҳақи эвазига енгил-елпи киносценарий ёзиб бермоқда (“Оила даврасида”, 1 май).

Таниқли ўзбек режиссёри Зулфиқор Мусоқовнинг олдига ҳам бу тоифа “киночи”лардан ҳар ойда икки-учтаси келади.

“Булар ҳам ғалати қавм. Эшикдан қувсанг, тешикдан мўралайди. Кейин... унақаларга сценарийнинг кераги ҳам йўқ. Баъзилари қисқача сюжетни дафтарчага ёзиб олади. Диалогларни эса камера олдида тўқиб ташлайверади... Мана, бугун хусусий фильм олишдан олдин сценарий талаб қилиняпти. Унақаларнинг патагига қурт тушгани шундан”, деган режиссёр Мусоқов.

Маълум бўлишича, давлат буюртмаси асосида олинган фильмлар учун сценарий муаллифига 14 миллион, режиссёрга 11 миллион сўм берилади.

“Нексия” оммабоп автоуловлардан бири деб топилди”

Асакада ишлаб чиқарилаётган “Нексия” автомобили 2013 йил якунлари бўйича BestSellingCarsBlog портали томонидан дунёнинг оммабоп автоуловлари рўйхатига киритилди (“XXI аср”, 1 май).

“Ушбу рейтинг маълум бир автомобил моделининг алоҳида давлатлардаги кўрсаткичлари бўйича тузилган бўлиб, автомобилларнинг дунё миқёсидаги умумий сотувига ҳеч қандай дахли йўқ”, деб изоҳлайди газета.

160 та мамлакат кўрсаткичларини таҳлил қилган мутахассислар ушбу давлатларда кўп учрайдиган 58 та автомобил рўйхатини тузишди. Маълум бўлишича, “Нексия” автомобили Ўзбекистондан ташқари Тожикистон ва Арманистонда бошқа автоуловларга қараганда кўпроқ сотилмоқда. Рўйхатнинг биринчи ўрнида эса “Toyota” бренди қайд этилган.

“Театрдан ҳайдалган актриса Саида Раметова маошсиз ишлашга ҳам рози”

Ўзбек миллий академик театридан четлаштирилган актриса Саида Раметова спектаклларда текинга ўйнаб беришга ҳам рози эканини билдирди (“Даракчи”, 1 май).

Миллий театрда 20йил ишлаган актриса ўтган йили тўйларга бориб, спектаклларга кечиккани сабабли ишдан бўшатилган эди.

“Театрда хатога йўл қўйишим англашилмовчилик эди. Раҳбариятнинг сўзи менга тўғри келмади ва акси. Шу тариқа кетишга мажбур бўлдим, лекин соғинаман... Исталган театр спектаклига таклиф қилса, албатта рол ижро этаман. Маош ҳам керакмас. Ҳатто таклиф қилишса вилоят театрларига ҳам бораман, чунки театр мен учун муқаддас”, деган Саида Раметова.
XS
SM
MD
LG