Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:55

Дилором Зоирова: Ёрдам беринг, асраб олган боламга метрика ололмаяпман!


OzodMikrofonга Сурхондарё вилояти, Музработ тумани, Гагарин посёлкасидан боғланган 30 яшар Дилором Зоирова 5 йил муқаддам асраб олган боласига туғилганлик ҳақида гувоҳнома ололмаётганидан арз қилди. Унинг айтишича, 5 йил муқаддам уйига туйқусдан кириб келган нотаниш ёшгина қиз 5 ойлик хаста гўдагини унга қолдириб, ғойиб бўлган ва шундан буён болани расмийлаштиришга уринишлари беҳуда кетмоқда.


Музработлик аёл ҳозир 5 ёшга кирган ташландиқ болани ўз номига расмийлаштиришни истаб, тегишли идораларга мурожаат қилганида ундан болакайнинг асл онасини топишни сўрашаётганини айтмоқда.

- 2009 йил ёзида кириб келди, уйда ўтирган эдик. Қўлида шу 5 ярим ойлик бола, куйиб қолган, яра-чақа, озиб кетган, жуда касал эди бола. Ўзи ҳам бир аҳволда экан. "Мен ракман, яқинда ўламан, уйим ҳам, ҳужжатим ҳам йўқ, илтимос шу боламни олиб қолинглар!" деди. Биз ҳайрон қолдик. Лекин бола жуда оғир аҳволда эди. Уни дарров шифохонага олиб бордик, бола билан оввора бўлиб кетдик. У қиз ўша куни уйимиздан чиқди-кетди - шу бўйи қайтгани йўқ. Болани эса биз боқиб олдик, - дейди Дилором Зоирова.

Унинг айтишича, болакайни узоқ даволашган ва сўнгра уни ўз номига расмийлаштиришга уринишган.

- Ҳамма идора боланинг онасини топиш керак, қидиряпмиз, дейди. Лекин мана беш йилдирки, у қизнинг дараги йўқ. Исмини Нодирами, Наргизами, деган эди. Йўқ, у қизни тополмаяпмиз. Болани эса расмийлаштириб ололмаяпмиз. Кейинги йил мактабга чиқиши керак, лекин туғилгани ҳақида гувоҳномаси йўқ. Нима қилишим керак, ахир?! Ташландиқ бир хаста болани асраб олдим, даволатдим, боқдим, улғайтирдим. Ўз ўғлимдек катта бўлаяпти, - дейди музработлик аёл.

Охир-оқибат, Озодликка боғланган бу аёл ёрдами тегиши мумкин бўлган ҳаммага - маҳаллий раҳбарлар ва жамоат ташкилотларига ҳужжат муаммосини ҳал қилишда ёрдам беришини сўраб юзланмоқда.

Қуйида Дилором Зоирова билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:11 0:00
Бевосита линк

******************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG