Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:00

“Tошкентни ваҳимага солган таксичи маньяк тўғрисидаги гаплар бўрттирилган”


Ўзбекистондаги таксиларнинг кўпи "Матиз" русумида.
Ўзбекистондаги таксиларнинг кўпи "Матиз" русумида.

Кейинги бир ҳафта ичида Тошкентда "таксичи маньяк" пайдо бўлгани ва у йўловчи қизларга тажовуз қилаëтгани ҳақида бир биридан даҳшатли миш-нишлар тарқалди. Республика Бош прокуратурасидаги Озодлик манбаси “маньяк таксичи” ҳақидаги гапларни уйдирма деб атади.



Таксичи маньяк ҳақидаги гаплар ижтимоий тармоқларга ҳам сизиб телефондан телефонга ўтиб аҳоли ўртасидаги ваҳимани кучайтирди¸ лекин бу гапларда асос ҳам бор, дейди Озодлик билан суҳбатда тошкентлик 37 яшар уй бекаси Шаҳноза.

Шаҳноза ўз дугонасининг Тошкентдаги Алгоритм мавзеида тажовузкор таксичига дуч келганини Озодликка гапириб берди:

- Бир ҳафта бурун, кечки пайт дугонам Алгоритм мавзеида кира қилиб юрган “Матиз” машинасини тўхтатган. Шофер уни олдги ўриндиққа ўтқазган¸ сал юргач орқада ўтирган икки киши уни бўйнидан қучоқлаган. Шофер эса, дугонамга жинсий тажовуз қилган,- дейди Шаҳноза.

Суҳбатдошимизнинг иддаосига кўра¸ дугонасини тажовузкор таксичилар йўл четига ташлаб кетишган. Шок ҳолатида бўлган бу аëл машина номерини эслаб қолмаган ва гап-сўздан қўрқиб милицияга хабар бермаган.

Алгоритм мавзеида рўй берган бу таҳлит тажовуз ҳақида Faсebook тармоғидаги “Водители Ташкента” гуруҳининг ўзини Настя деб атаган фаоли ҳам ëзди:

“Ҳа, ҳақиқатан ҳам Алгоритмда иккита шунга ўхшаш жиноят содир бўлди. Кумушранг “Матиз”да учта эркак одам бўлган. “Матиз” гўëки такси бўлган. Йўловчини олдинги ўриндиққа ўтқазишган. Пировардида орқада ўтирган икки эркак олдиндаги йўловчини бўйнига арқон солиб бўғиб чўнтакларини қоқлашган. Ҳозир ҳар иккала жабрланувчи комада ëтибди", деб ëзади ўзини Настя деб атаган ижтимоий тармоқ фаоли.

Айни пайтда, Настя ўз ëзувларида тажовузкор таксичиларни фақат пул қизиқтиргани ва улар ўз қурбонларини жинсий зўрламагани ҳақида ҳам таъкидлайди.

Ижтимоий тармоқларда ўзини Умка Хака деб атаган фаол “Тошкентда Матиз” машинасида юрган педофил ҳақида ҳам иддао қилади.

“Ҳа¸ умуман эҳтиëт бўлинглар. Зангори рангли давлат рақами илинган¸ қаймоқ ранг “Матиз” ҳайдовчиси педофил. Ҳозир бунақалар кўпайган деб ëзади"¸ ижтимоий тармоқ фаоли.

Ўзини Рашид деб таништирган тошкентлик киракаш¸ Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, гап маньяк ҳақида эмас¸ оддий талончилар тўғрисида кетмоқда, дейди.

- Энди тўрт миллионлик катта шаҳарда сохта таксичиларнинг одамларни тунагани доим бўлиб турган ҳодиса. Баъзан оддий ҳалол таксичилар ҳам безори йўловчилар тазйиқига нишон бўлишади. Менга қолса, оқ “Матиз”да юрадиган маньяк чиқибди, деган гаплар бўрттирилган деб ўйлайман. Тошкентдаги “Матиз”ларнинг 80 фоизи оқ рангда¸- дейди суҳбатдош.

Республика Бош прокуратурасидаги Озодлик манбаси эса Тошкент шаҳрида “маньяк таксичи” пайдо бўлгани ҳақидаги гапларни уйдирма деб атади.

- Менинг қўлимда кейинги бир ой ичида Тошкент шаҳрида содир қилинган жиноятлар рўйхати турибди. Бу рўйхатда бирорта таксичи тарафидан йўловчига ҳужум қилингани борасида маълумот йўқ. Маньяк чиққани ҳақидаги гаплар уйдирма¸- дейди Озодлик манбаси.

Тошкент милицияси аëллар ва болаларга тажовуз қилаëтган сохта таксичини бир ҳафтадан бери қўлга ололмаëтгани ҳақида Ўзбекистондаги Анхор.уз. нашри жорий ҳафтада маълумот тарқатди.

Нашрда иддао қилинишича¸ шаҳарда оқ ва кумуш ранг “Матиз” машинасида юрган сохта таксичи бир ҳафта давомида Тошкентда ўндан ортиқ жиноятни содир қилган. Бу жиноятчининг асосий қурбонлари аëллар бўлганлиги ҳам айни нашрда иддао қилинади.

Шаҳарда маньяк йўқ

Озодликнинг Республика прокуратурасидаги манбаси Анхор.уз. нашридаги маълумотлар мутлақо ëлғонлиги ва шаҳаликларни васвасага солиш учун атайин тарқатилганлигини таъкидлади:

- Агар шаҳарда шундай жиноятчи пайдо бўлган бўлса, ҳаммадан олдин биз билган бўлар эдик. Бу нашр маълумотлари билан биздаги статистикани солиштирсак номувофиқликни кўрамиз. Такрор айтаман, шаҳарда маньяк йўқ¸ Анхор.уз ëлғон ëзмоқда,- деди Озодлик манбаси.

Айни пайтда, Озодлик манбалари Тошкентдаги жиноятларнинг ҳаммаси ҳам қайддан ўтказилмаслигини айтишди.

Тошкент шаҳар пассажир транспорти Департаменти тарқатган расмий маълумотга кўра¸ шаҳарда икки мингдан зиëд такси лицензия асосида ишлайди.

Бу маълумотга кўра¸ Тошкент шаҳрида аҳолига такси хизмати кўрсатувчи 100дан зиёд ширкат фаолият кўрсатади.

Норасмий маълумотларга кўра, шу кунларда Ўзбекистон пойтахтида 35 минг нафаргача нолегал таксичи бор.
XS
SM
MD
LG