Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:02

“Иномарка” ишқибози бўлган амалдорларга ўзбек автосида юриш тавсия қилинди


Сурхондарёда қарға ўзбекча гапирди. Сирдарёда рецидивист норасида қизни зўрлаб ёқиб юборди. Одил Аҳмедов ЦСКА ва БАА жамоаси ўртасида талаш бўлмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Сирдарёда рецидивист норасида қизни зўрлаб ёқиб юборди”

Сирдарёда мудҳиш жиноят рўй берган: исми ошкор этилмаган эркак ҳали вояга етмаган қўшни қизни зўрлаб, сўнгра уни ёқиб юборган (“Адолат кўзгуси”, 29 май).

Маълум қилинишича, судланувчи бунга қадар талончилик, ўғрилик каби жиноятларда тўрт марта айбланиб, қамалиб чиққан. Маст ҳолатда қўшнининг норасида қизини зўрлаган судланувчи жиноятини яшириш учун аввал қизни бўғиб ўлдирган, сўнгра қўшнининг уйига ўт қўйган.

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди номи ошкор этилмаган шахсни 24 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этган. Хавфли рецидивист деб топилган шахс жазонинг даслабки 4 йилини ёпиқ режимда – турмада ўташи белгиланган.

“Давлат мансабдорлари хориж эмас, ўзбек автомобилида юрсин!”

Ўзбекистондаги давлат мансабдорлари орасида хорижда ишлаб чиқилган автомобиллардан фойдаланиш ҳолатлари ҳамон камайгани йўқ (“Новий век”, 29 май).

Газета бу борада эътирозлар эътиборсиз қолаётгани, амалдорларга хизмат машинаси сифатида ажратилган автоуловлар орасида “иномарка”лар ҳамон кўплигини танқид қилган.

Мансабдорларнинг хориж автомобилларига ишқибозлиги, биринчидан, катта харажат талаб этади. Иккинчидан, бу ватанпарварлик чақириқларига ҳам тўғри келавермайди.

Нашр давлат идоралари амалдорлари Асакада ишлаб чиқарилган автоуловлардан фойдаланиши зарурлигини уқтиради.

“Чойхонага вояга етмаган болани киритган раҳбарга иш очилди”

Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги “Европа классик” корхонасига қарашли чойхона хўжайинига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-моддасига кўра иш очилди (“Ҳуқуқ”, 29 май).

Туман прокурори Умид Муҳамедовга кўра, мазкур ишнинг очилишига вояга етмаган ўсмир чойхонада тунги вақтда ота-онаси кузатувисиз ўтиргани сабаб бўлган. Бундан ташқари, “Темир ота” хусусий корхонасига қарашли умумий овқатланиш шаҳобчасида вояга етмаган ўсмир дарсга бормай ишлаётгани аниқлангач, ушбу корхона раҳбарига ҳам иш очилган.

Туман прокурорига кўра, жорий йилнинг 4 ойида Оҳангарон бўйича вояга етмаганлар ҳолати бўйича 2 та жиноий иш очилган, 62 нафар мансабдор маъмурий, 56 нафари интизомий жазога тортилган.

“Шарлотан олимлар илмни ташлаб, саримсоқ эккани маъқул!”

Таниқли адабиётшунос, филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим шарлотан олимлар ҳамда савиясиз диссертацияларни кескин танқид қилди (“Ҳуррият”, 28 май).

“Бировларнинг фикрларидан ясаган чайласини Миср эҳромларига таққослаб, ўзини ўзи тарғиб ва ташвиқ қилиб юрадиган шарлотанлар ҳам бор илм бозорида... Жуда кўп олимларнинг сўзлари амалларига мувофиқ келмайди. Дейлик, ўзи маданиятдан гапиради, аммо маданий тарафдан тубанлиги амалида кўринади. Олим покликдан маъруза ўқийди – девор айланиб, ўзи боши билан ифлослик ботқоғига шўнғийди” деган Баҳодир Карим.

Савиясиз ва фойдасиз илмий ишларга тўхталган профессор Б.Карим шундай деган: “Агар диссертация номини олган, омилар наздида маҳобатли кўринган иш инсонга, жамиятга, маънавиятга ёрдам бермас экан, бундай бекорчи ва бемаъни ишдан ўз вақтида воз кечиб, қаро ерни шудгорлаб, саримсоқпиёз уруғини сепиб, ундан мўл ҳосил олган яхшироқдир”.

“Сурхондарёда қарға ўзбекча гапирди”

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида ўтказилган гуллар ва қушлар байрамида шерободлик “Гоша” лақабли қарға қирққа яқин ўзбекча сўзни ёддан айтиб кўпчиликни ҳайрон қолдирди (“Оила даврасида”, 29 май).

Тадбирда ноёб қуш ва гуллар намойиш этилган. Хабарда айтилишича, айни пайтда “Гоша” қарғаси Шеробод тумани Ёш табиатшунослар маркази раҳбари Бўри Раҳимовнинг уйида парваришланмоқда.

“Одил Аҳмедов ЦСКА ва БАА жамоаси ўртасида талаш бўлмоқда”

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Анжи” (Махачқала) футбол клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов ўз фаолиятини Москванинг ЦСКА клубида давом эттириши мумкин (“ХХI аср”, 29 май).

Москва клуби Аҳмедовни ижарага олишни ёки унга тегишли ҳуқуқларни 8 миллион еврога сотиб олишни режалаштирмоқда. Айни пайтда БАА клубларидан бири ҳам Одил Аҳмедовга катта моддий манфаат келтирадиган шартнома таклиф этмоқда.

Қайд этилишича, Россиянинг “Краснодар” жамоаси ҳам ярим ҳимоячига “чақирув қоғози” жўнатган, аммо “Анжи” раҳбарияти бу таклифни рад этган.

“Чилим чекаётган қизларга чорани кучайтириш таклиф қилинди”

Тошкентдаги қаҳвахоналарда чилим чекаётган қизларнинг пайдо бўлгани хавотирли воқеа сифатида баҳоланди (“Инсон ва қонун”, 27 май).

Адлия вазирлиги нашри мухбири бу ҳолатга чорани кучайтиришни таклиф қилган. “Бу қизларнинг аҳволини қаранг, эртага улар она бўлади, наҳотки, бунинг зарарини билишмаса... Айтишларича, чилим сигаретадан ҳам кучлироқ ва хавфлироқ экани. Бу борадаги чоралар янада қатъийлаштирилиши ҳолат авж олишининг олдини олади деган фикрдамиз” деб ёзади мухбир Д.Эргашева.

Қайд этилишича, битта сигарета инсон умрини 5,5 дақиқага қисқартиради.

“Тошкент аквабоғида чўмилиш 30 минг сўмга тушади”

20 майдан бошлаб Тошкентдаги бир қатор аквабоғларда чўмилиш мавсуми очилди. Шу муносабат билан “Даракчи” газетаси шаҳардаги сув ҳавзаларида чўмилиш баҳосини эълон қилди.

Шаҳар марказидаги “Аквабоғ”да 3 соат дам олиш учун катталар 30 минг сўм, 12 ёшгача бўлган болалар 15 минг сўм тўлайди. Юнусобод туманида жойлашган “Aqualand”га кириш чиптаси эса катталарга 26 минг сўм, болаларга 13 минг сўмни ташкил этади.

“Limpopo” аквабоғига кириш чипталарининг нархи ҳали аниқ белгиланмаган. Аквабоғ 1 июнга яқин очилади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, аквабоғда дастлабки бир соат чўмилиш 12 минг сўмга тушади, кейинги соатлар эса арзонлашиб боради.
XS
SM
MD
LG