Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:21

Кличко ва Киев жангги – олдиндан башорат қилиш қийин финал!


Киев шаҳар ҳокими Виталий Кличконинг боксдаги чемпионлиги унга бу ишда ҳам қўл келишига умид қилинмоқда.
Киев шаҳар ҳокими Виталий Кличконинг боксдаги чемпионлиги унга бу ишда ҳам қўл келишига умид қилинмоқда.
Украина пойтахти ҳокими сифатида иш бошлаган Виталий Кличко олдида турган бирламчи вазифа Киевда жамоат тартибини қайта тиклаш¸ Евромайдонни тозалашдир. Бу эса асосий ишнинг индаллоси¸ холос. Пойтахт “Евромайдон жангчи”ларидан тозаланганидан сўнг¸ боксчи чемпион коррупция ва бошқарувдаги бошқа муаммоларга қарши яккама-якка рингга тушиши керак бўлади ва собиқ чемпионнинг бу беллашувда ғалаба қилиш эҳтимоли савол остида қолмоқда.

Виталий Кличко ўз ишини том маънода шаҳар биноси ва бошқарувини тозалашдан бошлашга мажбур.

25 май кунги Киев шаҳар ҳокими сайловида мутлақ ғалаба қозонган Виталий Кличко ҳокимиятнинг совет давридан қолган биносининг 10-қаватида жойлашган кабинетига киришга муваффақ бўлди.

Бунгача мазкур бино Евромайдонда исëн қилган норозилар томонидан қўлга олиниб¸ уларнинг инқилобий штаби¸ айни пайтда қўналғаси¸ ошхонаси ва поликлиникасига айланган эди.

Айни пайтда норозилардан бир неча ўнтаси ҳамон ҳокимлик биносида қолмоқда.

Ҳали-ҳамон ҳокимият¸ хусусан¸ янги ҳукумат вакилларига ишончсиз қолаëтган бу норозиларни нафақат шаҳар ҳокимлиги биноси¸ балки Евромайдондаги исëн лагерларини тарк этишга кўндириш¸ Кличконинг иш бошлаш учун қиладиган илк қадами бўлади.

- Мен Кличконинг аҳволига ҳавас қилмайман. Майдонни қўриқлаб¸ ўз талабида қатъий турганлар уй-уйига тарқаб кетди. Бу ерда анчагина ғаройиб одамлар қолди ва уларни бу ердан чиқариш осон бўлмайди. Киев марказини асл ҳолига қайтариш қийин бўладиган иш¸ дейди Евромайдон фаолларидан бири 32 яшар Леся Оробец.

Шаҳар марказини исëнчи ва исëн қолдиқларидан тозалаш собиқ чемпион учун асосий бош оғриқ эмас. Асосийси¸ коррупция ва ваколатларни суистеъмол қилиш ботқоғига ботган бу ҳокимликни тозалаб¸ уни шаҳар тақдирини белгилашга ваколатли қилишдир.

Қарийб уч миллион одам яшаëтган Киев шаҳар ҳокимлигига сайловлар сўнгги бор 2012 йил июлида ўтказилган ва уни Янукович яқинлари бошқариб келган.

- Шаҳарда жуда жиддий муаммолар йиғилиб қолган. Бошқарувда жуда кўп жиноий механизмлар илдиз отган¸ Кличко уларни томири билан қўпориб ташлаши керак. Яна Киевдаги жуда кўп боғ ва дам олиш жойлари бузилиб¸ ноқонуний тарзда қурилишлар қилинган. Бу жумбоқни ҳам ҳал қилиш керак¸ дейди Кличконинг “Удар” партиясидан депутатликка сайланган
Ростислав Павленко.

Кличко ўз сайловолди дастурида пойтахтликларга айнан шу ишларни амалга оширишни ваъда қилган.

Кличконинг оғир вазнлилар ўртасидаги чемпионлик белбоғи¸ қолаверса¸ унинг сиëсатчи сифатида доғ тушмаган ўтмиши¸ унинг тарафдорлари фикрича¸ чемпионнинг Киев ва киевликлар ҳаëтини тузатиш ишига ëрдам бермай қолмайди.

Оптимистлар шунингдек¸ Кличконинг халқаро майдондаги алоқа ва яхши обрўси¸ Киевни ривожлантириш учун сув билан ҳаводек зарур бўлган хориж сармоясини жалб этишга ëрдам беришига ҳам умид қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG