Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:42

Ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаровнинг аҳволи оғирлашди


Ангренлик ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаров.
Ангренлик ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаров.

Ўтган ҳафта охирида қамоқдан чиққан “Эзгулик” фаоли Абдурасул Худойназаров соғлиғи ёмонлашгани туфайли Тошкентдаги Онкология илмий марказига ётқизилди. Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Гулчеҳра Туронова маълум қилди.


Гулчеҳра опанинг айтишича, турмуш ўртоғининг қамоқдан чиқиб келиши унга яқин бўлган барчани қувонтирган, бироқ бу хурсандчилик узоққа чўзилмаган. Абдурасул ака қамоқдан келганини эртасигаёқ, яъни 31 май куниёқ шифохонага ётқизилган.

- Келиб қолди, деб хурсанд бўлсак, буёғи чатоқ бўлиб турибди. Аҳволлари анча оғир. Ўша (яъни 30 май) куни юрганди, эртаси кундан юролмай қолди, ҳасса билан юраяпти. Ташқарига чиқишлариям йўқ, - дейди Гулчеҳра Туронова.

Аҳвол-руҳияси туфайли ҳуқуқ фаолининг ўзи билан сўзлашишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакилларига кўра, Онкология илмий марказида текширувлардан ўтказилган Абдурасул Худойназаровда хавфли ўсма касаллигининг 4-босқичи, жигар, ўпка, суяк лимфа тугунларига тарқалган саратон касаллиги аниқланган.

Ангренлик ҳуқуқ фаоли Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Ҳамза туман суди ажримига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 75-моддасига (оғир касалликка чалингани учун) биноан 30 май куни озод қилинган.

Абдурасул Худойназаров Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик), 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 227-моддасида (Ҳужжатларни сохталаштириш) кўзда тутилган айбловлар бўйича 2005 йилнинг 26 июнида ҳибсга олинган ва 2006 йилнинг 12 январь куни тўққиз ярим йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Ҳуқуқ фаолининг қамоқхонада турли таҳқир ва қийноқларга дучор қилингани, 2008 йил сентябрида ўз жонига қасд қилишга урингани ва бахтли тасодиф туфайлигина ўлим чангалидан қутулиб қолгани маълум.

Жазо муддати тугашига саноқли кунлар қолганида хасталиги важидан қўйиб юборилган Худойназаров бир неча йилдан буён силдан азият чекиб келганига қарамай, аввалги йилларда унга нисбатан амнистия акти қўлланилмаган.

Эзгуликчиларга кўра, узоқ йиллик қамоқ, руҳий тушкунлик, ўткир ўпка сили ва аденома хасталиги ангренлик ҳуқуқ фаолининг танасида саратон ривожланишига шароит яратган.

Гулчеҳра Туронованинг айтишича, оиланинг моддий жиҳатдан оғир аҳволдалиги ҳам шу кунда шифохонада ётган Абдурасул Худойназаров яқинларининг бир ташвишига ўн ташвиш қўшаяпти.

- Биласиз оилавий шароитни. Тўққиз йилдан бериш у киши қамоқда эдилар. Менинг ҳам соғлиғим йўқ, январь ойида операция бўлганман, беш ойдан бери ишламайман, - дейди Гулчеҳра Туронова.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи маҳаллий ва халқаро ташкилотлар ангренлик ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаровнинг уйдирилган айбловлар билан қамалганини ва шунинг ортидан тўққиз йиллик умри увол бўлганини айтиб келадилар.
XS
SM
MD
LG