Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:36

Қарши Давлат университети талабалари чопиққа ҳайдалди


Қарши Давлат университетининг 3 курс талабалари Қашқадарё вилоятининг Миришкор, Косон ва Касби тумани пахта далаларига чопиққа ҳайдалди. Бу ҳақда университет талабаларидан бири Озодликка йўллаган хабарни университет маъмурияти вакили тасдиқлади. Маълум бўлишича, 15 майдан буён пахта чопаётган талабаларга 15 июнда қайтиши айтилган.


Қарши Давлат университетининг исмини айтмаслик шарти билан Озодликка гапирган талабаси ўзи ва курсдошлари имтиҳонга тайёрланиш ўрнига ғўза чопиғига мажбурланаётганидан арз қилди.

- 15 майдан биология, география факультетлари тўлиқ, юз фоиз чопиққа ҳайдалди. Учта туманда ётиб, далада ишлаяпмиз. Мен Ўзбек филологияси факультетида ўқийман. Лекин, бизнинг факультетда давлат гранти бўйича ўқийдиганларни чиқарди, контракт бўйича ўқийдиганларга тегмади. Бошқа факультетларда ҳамма талаба юз фоиз чиқарилди. 15 июндан имтиҳон деяпти, лекин унгача ҳам қайтмасак керак, - дея тахмин қилди Миришкор туманида пахта чопаётган қашқадарёлик талаба.

Қарши Давлат университети ўқитувчиларидан бири айрим талабалар чопиққа олиб чиқилганини тасдиқлади, лекин буни изоҳлашдан бош тортди.

- Нима сабабдан олиб чиқилаётганини ректордан сўранг, - деди Қарши Давлат университети домласи.

Озодлик Қарши Давлат университети ректорати, Қашақадарё вилояти ҳокимлигининг Олий ва ўрта махсус таълим бошқармаси мутассадиларидан талабаларнинг айни имтиҳон пайти чопиққа олиб чиқилиши юзасидан изоҳ олишга ҳаракат қилди, аммо ҳозирча натижа бўлмади.

Ўзбекистон ҳукумати мажбурий болалар меҳнати туфайли халқаро босимлар остида қолган. Ҳар йили кузда йиғим-терими мавсумида мактаб, лицей ва коллеж ўқувчиларининг пахта теримига олиб чиқилиши кузатилмоқда. Кейинги йилларда эса айрим вилоятларда мактаб ўқувчилари ва талабаларнинг ғўза чопиғи ёки ўтоққа олиб чиқилиши ҳам кузатилмоқда.

Чопиққа чиқишдан бош тортган талабалар ўқишдан ҳайдалиши ҳақидаги таҳдидларга дуч келмоқда.

- Ҳозир биз имтиҳонга тайёрланиш ўрнига, далада ишлаяпмиз. Зачётларни ишлаганимизга қараб қўйиб берар экан. Чопиққа чиқмаганлар имтиҳондан ўтмади, деб ўқишдан ҳайдалар экан, бизга шундай дейишди, - дейди қашқадарёлик талаба.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларини йилнинг тўрт фаслида турли ишларга мажбурий тарзда жалб қилиш ҳолатлари кўпаëтгани қайд этилмоқда.

2014 йил баҳорида Тошкент, Наманган, Қашқадраё, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида ишчи-хизматчиларнинг пахта чопиғига олиб чиқилгани Озодликка маълум.

25 апрель куни Озодликка етиб келган хабарда Сирдарёнинг Боёвут туманидаги коллеж ва лицей ўқитувчилари қирқ кундан буён дала ишларига мажбурланаётгани айтилади.

Шу кунларда Тошкент шаҳрининг Сирғали туманидаги мактаб ўқитувчилари ва боғчаларнинг тарбиячилари ободонлаштириш ва тозалаш ишларига мажбурий тарзда жалб қилинмоқда.

Ўтган ҳафта Вашингтондаги Cotton Campaign гуруҳи Жаҳон Банки раҳбарига мурожаат этиб, Ўзбекистонда мажбурий меҳнат боис бу мамлакатга молия ажратишни тўхтатиб туришга чақирганди.
XS
SM
MD
LG