Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:05

АҚШ Украинага 23 миллион долларлик ҳарбий ёрдам беради


АҚШ президенти Барак Обама Варшавада Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенко билан учрашиб, украин ҳарбийлари ва хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказиш ҳамда Украинанинг Россия газига қарамлигини камайтириш масаласини муҳокама этди.

Барак Обама дунё ҳамжамиятини айирмачилик таҳдидлари ва зўравонликлар билан юзма-юз келаётган Украинага ёрдам беришга чақирди.

Президент Обама бу ҳақда 4 июнь куни Варшавада Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенко билан ўтказган учрашувидан сўнг таъкидлади.

Учрашув сўнггида Порошенко билан бирга журналистлар саволларига жавоб берган АҚШ раҳбари украиналик ҳамкасби билан украин ҳарбийлари ва хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказиш ҳамда Киевнинг Россия газига қарамлигини камайтириш учун Вашингтон қандай ёрдам бериши мумкинлигини мухокама қилганини айтди.

АҚШ ва Украина раҳбарларининг учрашуви сўнггида Қўшма Штатлар Украринага 23 миллион долларлик ҳарбий ёрдам бериши маълум бўлди.

Киев ҳукуматига берилажак ёрдам пакети бронежилетлар, тунда кўриш мосламалари, алоқа анжомларини ўз ичига олади.

Обаманинг, шунингдек, Польшадаги илк демократик сайловларнинг 25 йиллиги муносабати билан маъруза қилди.

Варшаванинг марказий майдонида полшаликлар олдида нутқ сўзлаган Обама Россиянинг Украина шарқидаги “агрессия”сини қоралади.

Обама ўз маърузасида, имериячилик ва ҳукмронлик даври тугади, қудратли давлатларнинг кичик ўлкаларга милтиқ тираб ўз ҳукмини ўтказишиги йўл қўйилмайди, деди.

Украина шарқидаги бугунги ҳодисаларни Полшадаги 25 йил олдинги воқеаларга қиёслар экан АҚШ президенти шундай деди:

- Европани бирлаштириш учун шунча қон тўкилганидан кейин ҳам 20 асрнинг бу “қоронғу тактикаси”га янги асрда қандай қилиб йўл қўйиб беришимиз мумкин, - деди Обама.

АҚШ президенти Россия таҳдидларига юз тутаётган Шарқий ва Марказий Европадаги НАТОга аъзо мамлакатлар хавфсизлигини таъминлашда мадад берилишини ваъда қилди.

Барак Обама ўз чиқишида Қўшма Штатлар Шарқий ва Марказий Европа мамлакатларини хавфсизлик масаласида ёлғизлатиб қўймайди, деди.

Сешанба куни АҚШ Президенти Барак Обама Шарқий Европада Америка ҳарбий ҳозирлигини ошириш мақсадида қўшимча 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш таклифи билан АҚШ Конгрессига мурожаат қилганини айтган эди.

Обаманинг бу ташаббуси Украина шарқида зўравонликлар давом этаётган ва Россия Қримни тортиб олган бир пайтга тўғри келмоқда.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен сешанба куни Брюсселда Шимолий Альянс давлатлари мудофаа вазирлари йиғинидан олдин қилган чиқишида Обаманинг ташаббусини олқишлаб, Қўшма Штатлар “Россиянинг Украинадаги ноқонуний ҳарбий ҳаракатларига тезкор жавоб қайтарди”, дея баён қилди.

АҚШ президенти Варшавада Шарқий ва Марказий Европа мамлакатлари, жумладан, Болгария, Хорватия, Чехия, Эстония, Венгрия, Латвия, Литва, Руминия ва Словакия етакчилари иштирокидаги давра йиғинида ҳам қатнашади.

Варшава сафаридан сўнг Оқ уй раҳбари 5 июнь куни Брюсселда Британия, Канада, Франция, Германия, Япония ва Италия раҳбарлари иштирокидаги Катта Еттилик саммитида иштирок этади.

Бу йиғин Катта Саккизлик саммити сифатида Россиянинг Қора денгиз соҳилидаги Сочи шаҳрида ўтказилиши керак эди.

Украинадаги бўҳрон, жумладан, Россия Қримни аннексия қилганидан сўнг йиғин Брюссселга кўчирилди.

Жума куни Обама Нормандияга қўшин ташланишининг 70 йиллиги хотира маросимида қатнашиш учун Франция ғарбига сафар қилади.

Оқ уй расмийлари президент Обаманинг Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашиш режаси йўқлигини билдирди.

Хотира маросимида иштирок этадиганлар орасида Франция ва АҚШ президентлари, Канада ва Британия Бош вазирлари, ҳамда Шаҳзода Чарлз ҳам бор.
XS
SM
MD
LG