Линклар

Шошилинч хабар
22 январ 2020, Тошкент вақти: 21:51

Ўзбекистон хабарлари

Тошкент Қирғизистон киноижодкорларига Бухорода фильм олишга рухсат бермади

Гулнора Каримова Round run қўшиғига Бухорода клип суратга олдирган.
Расмий Тошкент қирғиз киноижодкорларининг “Қурмонжон Додхоҳ” фильмини Бухорода суратга олишга рухсат бермади.

Бу ҳақда хабар берган Anhor.uz маълумотига кўра, қирғиз фильмининг Бухорода суратга олинишига рухсат берилмаганига сиёсий сабаблар важ қилиб келтирилган.

"Режа бўйича 4-5 миллион сўм эвазига фильмнинг бир қатор эпизодларини Ўзбекистон – Бухорода суратга олиш керак эди. Бироқ, сиёсий вазиятни асос қилиб кўрсатиб, Ўзбекистонда суратга олишга рухсат беришмади", – дея қирғиз киноижодкорларидан иқтибос келтиради маҳаллий сайтлар.

Ўзбекистон президентининг тўнғичи, ҳозирда уй қамоғида экани айтиладиган Гулнора Каримова ўзининг Round run қўшиғига Бухорода клип суратга олган.

Кун янгиликлари

Ҳиндистон исловатхонасида ўзбекистонлик аëл ҳибсга олинди

Ҳиндистоннинг Бҳопал минтақасининг Ганди Нагар районида маҳаллий полиция жинсий хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келган ноқонуний гуруҳни қўлга олди.

Махсус рейд пайтида тўрт аëл ва уларнинг икки эркак шериги қўлга олинган. Ушланганлар орасида маҳаллий банк бошқарувчисига хизмат кўрсатаëтган ўзбекистонлик аëл ҳам бор.

Бу ҳақда Ҳиндистон нашрлари хабар тарқатди.

Исловатхонада мижозларга жинсий хизмат кўрсатаëтган пайтда ушланган ўзбекистонлик аëл ҳозирда ҳибсда сақланмоқда. Маҳаллий полицияга кўра¸ аëл пойтахт Деҳлида қайддан ўтгани боис¸ ҳозир унинг Ҳиндистонга кириш визаси муддати ўтган-ўтмаганини ўрганилмоқда.

Ўзбекистонлик аëл шахси ва унинг қўлга олингани ҳақида Ўзбекистон элчихонасига хабар берилган-берилмаганига оид маълумот йўқ.

Ўзбекистонлик аëлларнинг баъзида одам савдоси қурбони сифатида¸ кўп ҳолларда эса¸ ўз хоҳиши билан БАА¸ Туркия ва Ҳиндистон каби давлатларда фоҳишалик билан шуғулланаëтгани ҳақида хориж нашрлари кўпдан ëзиб келмоқда.

АҚШ элчихонаси: Нафосат Оллошукурова Ўзбекистондан чиқиб кетиши олдидан у билан учрашганимиздан мамнунмиз!

Нафосат Оллошукурова Ўзбекистонни тарк этиши арафасида АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниэл Розенблюм билан учрашган эди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Twitterдаги расмий саҳифасида ўзбекистонлик таниқли блогер Нафосат Оллошукурованинг мамлакатни тарк этганига муносабат билдирди.

Блогер Нафосат Оллошукурова Ўзбекистонни ўз йўли билан тарк этди. АҚШ элчихонаси у билан чиқиб кетиши арафасида учрашганидан бағоят мамнун ва унинг тақдирини яқиндан кузатишда давом этади”¸ дейилади элчихона 21 январь куни эълон қилган твитда.

АҚШнинг Тошкентдаги шлчихонаси эълон қилган твит.
АҚШнинг Тошкентдаги шлчихонаси эълон қилган твит.

Нафосат Оллошукурова Ўзбекистонни тарк этиши арафасида АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниэл Розенблюм билан учрашган эди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига қадар АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари бўлиб ишлаган Розенблюм инсон ҳақлари ва демократия ҳимоячиларини қўллаб-қувватлаш билан танилган нуфузли дипломат саналади.

Хоразмлик журналист Маҳмуд Ражабнинг ўтган йил кузидаги норозилик юришини жонли тарзда ëритгани ортидан аввалига маъмурий ҳибсда¸ сўнгра руҳий хасталар касалхонасида сақланган Оллошукурова 18 январь куни Ўзбекистонни тарк этди.

Хорижга чиққанидан сўнг Озодликка берган илк интервьюсида Оллошукурова ўзига нисбатан тўхтамаган таҳдидлар ва қўлланилган қийноқлар ортидан Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтди.

Очилбой Раматов Транспорт вазири лавозимини Элëр Ғаниевга бўшатиб берди

Қайта тузилаëтган ҳукуматдаги кадрлар ўзгармади¸ фақат улар ўз ўринларини алмаштирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов янгидан тузиладиган ҳукумат учун номзодларни тақдим этди.

Президент томонидан Бош вазирликка кўрсатилган Арипов 21 январь кунги мажлисда депутатларнинг ялпи овози билан бу лавозимга қайта тасдиқланганидан сўнг янги ҳукумат таркибини тақдим қилмоқда.

Қайта тузилаëтган ҳукуматга ҳозирча янги раҳбарлар тавсия қилингани йўқ¸ бунинг ўрнига эски ҳукуматдаги кадрларнинг ўрин алмашаëтгани кузатилмоқда.

Хусусан¸ Очилбой Раматов Ўзбекистон Транспорт вазири лавозимидан олиниб¸ бу лавозим Бош вазир ўринбосари – инвестициялар масалалари комплекси раҳбари Элёр Ғаниевга берилди.

Ҳозирча Раматов Бош вазирнинг 1-ўринбосари лавозимини сақлаб қолди.

Раматовнинг Транспорт вазири лавозимидан кетиши ҳақида ўтган ҳафта хабар қилган ҳукуматдаги Озодлик манбалари декабрь ойида Тошкент метросида рўй берган фожиа бундай қарорга қисман сабаб бўлганини айтмоқда.

Шунингдек¸ парламентдаги Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси этиб сайланган Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ўрнига Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков тавсия қилинди.

Назарбеков 2017 йилнинг августидан бери Маданият вазири ўринбосари лавозимида ишлаëтган эди.

Фарғона ИИБсининг сенатор бўлган бошлиғи ўрнига ИИВ Тергов бошқармаси раҳбари тайинланди

Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўринбосари - ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи полковник Дониёр Тошхўжаев Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Фарғона ИИВсининг аввалги бошлиғи¸ полковник Раҳмат Маматов эса президент Мирзиëев томонидан сенаторлик¸ айни пайтда¸ ИИВ республика Маҳалла кенгаши раиси этиб тайинланди.

Янги сайланган парламентда қилган чиқишида президент маҳаллий нашрларга кўра:

Яқинда Маҳалла кенгашининг раҳбарини ҳам алмаштирамиз. Маҳалланинг тизими ҳам бошқача бўлади, раҳбари ҳам бошқа бўлади. Биз маҳалланинг жамиятдаги ролини кучайтирмоқчимиз. Шу сабабли Маҳалла кенгашига ҳам ўзим ишонган одамни олиб келмоқчиман. Фарғона вилояти ИИБ бошлиғини бекорга чақирганим йўқ. У ҳали сизлардек сенатор бўлади, Маҳалла кенгашининг раиси бўлади тез орада”¸ деган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи полковник Дониёр Тошхўжаев бу тизимнинг матбуотга энг танилган мулозимларидан бири - кенг жамоатчиликни жунбушга солган шов-шувли воқеалар бўйича маълумотни матбуотга кўпинча Тошхўжаев билдириб келган.

Унинг республика даражасидаги лавозимдан вилоятга туширилиши сабаблари эълон қилинмади.

Тошкентдан Навоийга учган учоқ об-ҳаво шароити туфайли ортга қайтди

Иллюстратив сурат.

“Тошкент-Навоий” йўналиши бўйлаб учган самолёт Тошкент аэропортига қайтишга мажбур бўлди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси матбуот хизматининг 22 январь куни тарқатган маълумотига кўра, учоқнинг ортга қайтишига учиш-қўниш йўлагидаги музлама сабаб бўлган.

Авиаширкат “Тошкент-Деҳли” рейси ҳам Деҳли шаҳрининг аэропорти ёпилиши муносабати билан бошқа санага қолдирилганини маълум қилган.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасига бу йил қарийб 15 трлн сўм ажратилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2020 йили соғлиқни сақлаш соҳасига давлат бюджетидан 14,8 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилади.

2016 йилда бу мақсад учун 6 триллион сўм ажратилганди.

Вазирлик маълумотига кўра, бу йил дори воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилишга 1 491,8 млрд сўм (бу 2016 йилга нисбатан эса 6,5 баробарга кўп) ажратиш назарда тутилган.

Соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилган маблағларнинг айрим фаолият турлари кесимида кўриниши қуйидагича:

а) шошилинч тиббий ёрдам муассасаларининг дори воситалари ва тиббий буюмлар харажатлари учун 2020 йилда 102,8 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилаётган бўлса, 2016 йилда 16,3 миллиард сўм ажратилган;

б) соғлиқни сақлаш соҳасининг энг оғир нуқталаридан бири бўлган онкология муассасаларида даволанадиган ҳар бир беморнинг бир кунлик дори воситалари ва тиббий буюмлари билан таъминлаш харажатлари учун бюджет маблағлари 2016 йилдаги 3 250 сўмдан 2020 йилда 66 227 сўмгача оширилган;

в) аҳолига тез тиббий ёрдам хизмати учун ҳар бир чақирувга 2016 йилда ўртача 482 сўмдан ажратилган бўлса, 2020 йилда бундай харажат тури учун 6 700 сўмдан ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Томскдаги ёнғинда нобуд бўлган ўнинчи кишининг навоийлик экани аниқланди

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Томск вилоятида содир бўлган ёнғинда қурбон бўлган ўнинчи ўзбекистонликнинг шахси аниқланди.

ФВВ матбуот хизматининг маълум қилишича, бу одам Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида истиқомат қилган, 1988 йилда туғилган Муҳаммадали Зокиров бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Томск вилояти Асиновск тумани Причулимск қишлоғидаги ётоқхонада 21 январга ўтар кечаси чиққан ёнғинда 10 нафар ўзбекистонлик нобуд бўлганди. Улардан 9 нафарининг шахси аниқлангани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Тошкентнинг Яккасаройида икки сарой барпо этилади

Тошкентда қурилажак эгизак бинолар лойиҳаси.

Тошкент шаҳридаги Яккасарой кичик саноат ҳудудида Day and Night (“Кун ва тун”) инвестицион лойиҳаси доирасида баландлиги 230 метр келадиган 50 қаватли эгизак бинолар қурилади. Бу ерда 16 та савдо, турар-жой ва маданият бинолари ҳам барпо этилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда 21 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шароф Раҳмонов билдирди, дея хабар қилади Газета.уз нашри.

Хабарларга кўра, лойиҳа қиймати 1 млрд долларга баҳоланган. Лойиҳани амалга ошириш учун 3 йил вақт керак бўлади.

Ш.Раҳмоновга кўра, корчалонлик марказининг йиллик даромади 500 миллион долларни ташкил қилади. У ерда 20 минг иш ўрни яратилиши мўлжалланмоқда.

Эгизак бинолардан бири Қуёшни, яна бири эса Ойни тамсил этади. Биноларда ташрифчилар учун ресторанлар ва дам олиш ҳудудлари жойлашган бўлади.

Хитойда коронавирус тарқалиши ортидан Ўзбекистонда чегара назорати кучайтирилди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси.

Ўзбекистонда давлат чегараси кесишган жойлардаги Санитария-карантин пунктларидан ўтаётган йўловчиларни сифатли тиббий-санитария кўригидан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиб, пневмония ва бошқа ўткир респиратор касалликлари аломатлари аниқланган беморларни алоҳидалаш ва шифохоналарга ётқизиш чоралари кўрилмоқда. Бу чоралар, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими урғусига кўра, Хитойда 2019-nCoV коронавируси тарқалиши ортидан кўрилмоқда.

“Грипп, ЎРИ ва пневмония касалликларида гумон қилинган беморларни шифохоналарга ётқизиш учун даволаш-профилактика муассасалари тайёргарлиги таъминланди, дори-дармон ва дезинфекцион моддалар захираси яратилди”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Қайд этилишича, Ўзбекистон аэропортларида Хитойдан келган йўловчилар астойдил текширилмоқда.

Хитойда номаълум пневмония эпидемияси тарқала бошлаганига оид хабар дастлаб ўтган йил декабрида пайдо бўлган. 20 январгача бўлган ҳолатга кўра, мазкур вирусдан 6 киши нобуд бўлган, 227 киши шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

Президент ҳукуматга ялпи маҳсулотни беш йил ичида икки бараварга оширишни буюрди

Президент парламентда маъруза қилмоқда.

Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиëев қайта Бош вазирликка сайланган Абдулла Арипов ҳукуматига катта топшириқлар берди.

Хусусан¸ президент ҳукуматга мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини келаси 5 йил ичида икки бараварга ошириб¸ инфляция даражасини 5 фоизга туширишни буюрди.

Президент маърузасида айтилишича¸ кейинги икки йил ичида ялпи ички маҳсулот 44 миллиарддан 58 миллиард долларга чиққан ва бундан сўнг ҳукумат¸ Марказий банк ва маҳаллий ҳокимларнинг бош вазифаси бу рақамни 100 миллиард долларга чиқариш қилиб белгиланган.

Марказий банкининг 2019 йил якунларига оид ҳисоботига кўра¸ ўтган йили Ўзбекистондаги инфляция даражаси 15,2 фоизни ташкил этган. Расмий рақамларга кўра¸ 2018 йилги инфляция 17,5 фоизга тенг бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилги инфляциянинг 12-13¸5 фоиз бўлишини прогноз қилган.

Президент Бош вазирликка яна Абдулла Ариповни таклиф қилди¸ парламент уни тасдиқлади

Абдулла Арипов

21 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бошланди.

Унда сўзга чиққан президент Шавкат Мирзиëев Абдулла Арипов номзодини яна Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига таклиф қилди.

20 январь куни Бош вазир Абдулла Арипов Вазирлар Маҳкамасининг ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишини билдирган эди.

Ўзбекистон Конституциянинг 98-моддасига мувофиқ парламентда энг кўп ўрин эгаллаган партия бош вазирликка номзодни Ўзбекистон президентига кўриб чиқиш учун таклиф этади.

22 декабрь кунги сайловда Абдулла Арипов мансуб бўлган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси энг кўп овоз олди.

Президент номзодини таклиф қилиши ортидан Арипов ҳукуматнинг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури бўйича маъруза қилди.

Бу маъруза тугаши билан Арипов яна Бош вазирликка бир овоздан тасдиқланди.

Озодликнинг ҳукуматдаги манбаларига кўра¸ Арипов тузадиган янги ҳукумат таркибида айрим жузъий ўзгаришлар бўлиши¸ хусусан Очилбой Раматовнинг Транспорт вазири лавозимидан кетиши¸ бу лавозимга Элëр Ғаниевнинг тайинланиши кутилмоқда.

Нефть ва газ қазиб олиш камайди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда нефть қазиб олиш 2019 йили 2018 йилга нисбатан6,3 фоизга, табиий газ қазиб олиш эса 1,6 фоизга камайган.

Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг Ўзбекистондаги ишлаб чиқаришга оид ҳисоботида айтилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда ўтган йили 698,6 минг тонна нефть, 59,46 миллиард куб табиий газ қазиб олинган.

Давстатқўм ҳисоботидан 2019 йили Ўзбекистонда кўмир ишлаб чиқариш ҳам аввалги йилларга нисбатан камайганини билиб олиш мумкин.

Тошкентда Марказий Осиёдаги илк криптобиржа фаолият бошлади

Иллюстратив сурат.

Тошкентдаги Корея маданият марказида 20 январь куни блокчейн технологиясига бағишланган халқаро конференция ҳамда “UzNEX” криптобиржасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Uza.uz хабарига кўра, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш “Рақамли ишонч” жамғармаси томонидан ташкил этилган тадбирдан кўзланган мақсад блокчейн технологиясини ривожлантириш, ушбу технологиянинг ижтимоий-иқтисодий соҳада тутган ўрни ва вазифалари ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка етказишдан иборат.

Анжуманда Жанубий Корея, Япония, Сингапур давлатларида фаолият юритаётган блокчейн соҳасидаги етакчи ширкатлар, Ўзбекистондаги вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этган. Тадбир доирасида “КOBEA GROUP” компаниясининг Марказий Осиёдаги илк криптобиржаси ва офиси очилиши маросими ҳам бўлиб ўтган.

“UzNEX” биржасида миллий валюта, кредит карталари ва АҚШ доллари амал қилади. Ўзбекистонликларга криптовалютани биржада сотиш ҳуқуқи берилади, хорижий резидентлар эса криптовалюта биржасининг Ўзбекистон қонунларига зид бўлмаган барча хизматларидан фойдаланиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ëнғинда ўлган ўзбеклар шахсини аниқлаш учун улар яқинларидан ДНК намунаси олинади

Россиянинг Томск вилояти Асиновск тумани Причулимск қишлоғидаги ётоқхонада 21 январга ўтар кечаси чиққан ёнғин оқибатида 10 ўзбекистонлик меҳнат муҳожири нобуд бўлди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Нобуд бўлганларнинг ҳаммаси бир қаватли ëғоч уйда яшаëтган ‘Гринвуд’ ёғоч тайёрлаш компанияси ишчилари бўлган.

«Улардан 10 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган ва икки нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилиб, жавоб берилган"¸ дейилади вазирлик баëнотида.

Ўзбекистонлик муҳожирлар жасади ҳозирда Томск области Асино шаҳридаги туман шифохонаси ўликхонасида сақланмоқда.

Россия расмийларига кўра, воқеа жойида хуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Россия Тергов қўмитаси ‘Гринвуд’ компаниясига қарашли ҳужжатлар мусодара қилиб¸ унинг раҳбари қидирувга берилганини билдирди.

Айтилишича¸ бу ҳужжатлар ëнғин пайтида кимлар яшагани ва ўлганлар шахсини аниқлашга ëрдам беради. Куйиб кетган муҳожирлар шахсини аниқлаш учун¸ Тергов қўмитасига кўра¸ улар қариндошларидан ДНК намуналари олинади.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича¸ Ташқи ишлар вазирлиги ҳудудий консуллик хизматлари билан ҳамкорликда ҳалок бўлганларнинг шахсига аниқлик киритиш ва уларни ватанига олиб келиш бўйича ташкилий ишларни олиб бормоқда.

Ўзбекистон Қирғизистонга иссиққа чидамли гул ва буталар етказиб беради

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Қирғизистонга иссиқ иқлим шароитида етиштириш мумкин бўлган гуллар, бутали ўсимликлар ва дарахтларнинг уруғ ва кўчатларни етказиб беради. Бу борадаги келишувга Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Рахманкуловнинг 20 январь куни Ўш шаҳар ҳокимлиги делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувида айтилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Рахманкулов қирғиз делегацияси вакилларига уй-жой, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, иссиқхона хўжаликлари соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирган.

Ўш делегацияси етакчиси, Ўш шаҳар ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хўжалиги комбинатининг раҳбари Данияр Токторбаев эса Қирғизистонда иссиқхона хўжаликларининг фаолияти яхши ривожланган бўлса-да, томчилаб суғориш, ҳаво айланиши ва намликни меъёрда ушлаш борасида тажриба етишмаётганини, бу борада тажриба алмашиш ва узоқ муддатли ҳамкорликдан умидворлигини айтган.

Учрашув якунида тарафлар ободонлаштириш, ландшафт дизайни, ирригация ва дренаж тизимлари соҳасидаги мутахассисларнинг тажриба алмашинуви ҳамда кенг кўламли ўзаро ҳамкорлик ҳақида келишиб олганлар.

Арипов ўз ҳукумати истеъфосини эълон қилди. Ариповнинг қайта Бош вазир этиб сайланиши кутилмоқда

Техник истеъфосини эълон қилган Бош вазир Абдулла Ариповнинг яна Бош вазирликка сайланиши кутилмоқда.

Янги сайланган Ўзбекистон Олий мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 20 январь кунги илк қўшма мажлисида Абдулла Арипов ўз ҳукумати истеъфосини тақдим этди.

Сенат расмий сайтида берилган тонгги хабарда ялпи мажлис кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиши тўғрисидаги масала ҳам киритилгани айтилган эди.

Қонунчиликка кўра¸ янги сайланган парламентда кўпчилик ўринни эгаллаган партия Бош вазирликка ўз номзодини қўяди. Янги парламент тасдиғидан ўтган Бош вазир шундан сўнг янги ҳукумат тузишни бошлайди.

2016 йилдан бери Шавкат Мирзиëев ҳукуматини бошқариб келган Абдулла Арипов 22 декабрь кунги сайловларда кўпчилик овоз қозонган ЎзЛиДеп вакили ва унинг яна қайта Бош вазирликка тасдиқланиши кутилмоқда.

Айни пайтда¸ янги ҳукумат таркибида айрим жузъий ўзгаришлар бўлиши тахмин қилинмоқда.

Мирзиëев Ўзбекистоннинг ЕОИИга ҳозирча кузатувчи мақомида киришини билдирди

Мирзиëев ҳокимиятга келганидан кейин Ўзбекистонда Россиянинг йирик лойиҳаларини амалга ошириш жараëни бошланди. Хусусан¸ Ўзбекистонга келган Путин Мирзиëев билан Навоийда АЭС қурилиши лойиҳасини мажозий тугмани босиш орқали бошлаб берди.

Янги сайланган Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида сўзга чиққан Шавкат Мирзиëев Евроосиё иқтисодий иттифоқига Ўзбекистоннинг жорий йил аъзо бўлиши ҳақидаги муҳокамаларга муносабат билдирди.

Мирзиëев ўз чиқишида ЕОИИ га қўшилиш эҳтиëжини Қозоғистон ва Россияда ишлаëтган миллионлаб меҳнат муҳожири манфаатини ҳимоялаш ва Ўзбекистон иқтисодини риивожлантириш учун зарур миллиардлаб доллар билан изоҳлаган.

Айни пайтда Мирзиëев 20 январь кунги чиқишида мустақил кузатувчиларнинг Россия етовидаги бу сиëсий гуруҳга қўшилиш Ўзбекистон мустақиллигини бой беришга олиб келиши ҳақидаги хавотирларини рад қилишга уринган.

“Мустақилликни бировга бериб қўяди, деган хомхаёл гаплар ҳою-ҳавас гаплар. Ким бериб қўяди мустақилликни?”¸ деб иқтибос келтирди Мирзиëевдан маҳаллий нашрлар.

Президентга кўра¸ Ўзбекистон ЕОИИга аввалига кузатувчи мақомида қўшилиб¸ “нима яхши, нима ёмонлигини кузат”гандан кейин аъзолик борасида қарор беради.

«Бир нарсага амин бўлинглар, ҳамма қилган ҳаракатларимиз миллатимиз манфаати, иқтисодиётимизнинг эртанги куни учун. Иқтисодиётимизни барқарор қилиш учун ҳам бизга ҳозир 50 миллиард доллар керак. Бугун оғир, таҳликали замонда яшаяпмиз. Тўғри йўлни топиш узоқ, лекин шунга интилиш керак»¸ деган Сенатдаги чиқишида Шавкат Мирзиëев.

Тошкент прокуратураси дизайнер Григоряннинг рашк эмас¸ босқинчилик қурбони бўлганини билдирди

Нариман Григорян — таниқли ўзбек дизайнери, хореографи, «Тодес» гуруҳи биринчи таркибининг собиқ аъзоси, халқаро кўргазмалар, танловлар ва фестиваллар иштирокчиси бўлган.

Тошкент шаҳар прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи Анвар Ўрмонов ва бу ишга алоқадор терговчилар таниқли модельер ва дизайнер Нариман Григорян ўлимига оид айрим янги тафсилотларни очиқлади.

Кун.уз нашри 20 январь куни иқтибос келтирган прокуратура ходимлари Григоряннинг рашк эмас¸ балки оддий ўғрилик қурбони бўлганини айтган.

«Сўроқ пайтида гумонланувчи Нариман Григорян деб танилган Наримон Алимжоновни унинг пули ва баъзи моддий бойликларига эга бўлиш мақсадида ўлдирганини айтди. Қотил 625 АҚШ доллари, Iphone телефони ва қулоқчинлари, электрон сигарет ва Каптива автомобили калитини олиб кетган», - деган жумладан маҳаллий нашрга Тошкент шаҳар прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари.

Терговчилар таъкидича¸ жиноят изларини яшириш мақсадида айбланувчи Григорян хонадонига ўт қўйган.

Тошкент шаҳар прокуратураси 14 январь куниëқ қотилликда гумонланаëтган шахснинг қўлга олингани ва унга нисбатан Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилганини билдирган эди.

Янги парламент депутатлари Мирзиëевни мукофотлаш таклифини қарсаклар билан қарши олди

Шавкат Мирзиëев 22 декабрь кунги парламент сайловларида овоз бермоқда.

20 январь куни Ўзбекистон Олий мажлиси Қонунчилик палатасининг янги сайланган депутатлари ўз илк мажлисини бошлади.

Мажлисда бевосита қатнашган маҳаллий мухбирларнинг билдиришича¸ 84-Тўйтепа сайлов округидан сайланган депутат Виктор Пак “мамлакатда улкан ўзгаришлар амалга оширилгани, энг узоқ қишлоқларгача янги ҳаёт кириб бораётгани”ни таъкидлаб¸ бу ўзгаришлар учун президент Шавкат Мирзиëевни тақдирлаш таклифини ўртага қўйган.

Бу таклифини “140 мингдан зиёд сайловчиси хоҳиш-иродаси ифода”си сифатида тақдим этган депутат Мирзиëевга давлат мукофоти беришни сўраган ва бу таклиф депутатларнинг гулдурос қарсаклари билан қарши олинган.

Овозга қўйилса¸ якдиллик билан қабул қилиниши кутилган бу таклифни Шавкат Мирзиëев “камтарлик билан рад этган”.

Халқимиз менга энг катта унвон бериб бўлган. Бундан юксак унвон бўлмаса керак. Бу – халқ ишончи!”¸ деб иқтибос келтирди Мирзиëевдан маҳаллий нашрлар.

Марказий Осиëнинг авторитар раҳбарлари ижроия ҳокимияти назоратида бўлган парламент ва турли кенгашлар воситасида ўзларига давлатнинг энг олий мукофотлари ва турли мақомлар беришни урф қилган.

Хусусан¸ Туркманистон ва Тожикистон президентларига миллий парламентлар ташаббуси билан "аркадаг" ва "миллат пешвоси" деган махсус мақом берилган бўлса¸ Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга "элбоши" титули берилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида спикер ва ўринбосарлари сайланди

Иллюстратив сурат.

Душанба, 20 январь куни Тошкентда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг илк мажлиси очилди. Унда депутатлар палата спикери, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарларини сайладилар.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерлигига бир овоздан Нурдинжон Исмоилов сайланган. Палатада янги таъсис этилган спикернинг биринчи ўринбосари лавозимига эса ҳуқуқшунос Акмал Саидов сайланган.

Шунингдек, мажлисда Актам Хаитов, Алишер Қодиров, Наримон Умаров, Борий Алихонов ҳамда Улуғбек Иноятов спикернинг ўринбосарлари этиб сайланганлар.

Қонунчилик палатасининг илк мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этмоқда.

Фармацевтика институти ректори оламдан ўтди

Сурат pharmi.uz сайтидан олинган.

Тошкент фармацевтика институти ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Иброҳим Алимджанов 61 ёшида вафот этди.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилади.

Хабарларга кўра, фармацевтика институти ректори 19 январга ўтар кечаси вафот этган.

И.Алимджанов 1959 йилда Андижон шаҳрида туғилган.1982 йилда Ўрта Осиё педиатрия тиббиёт (ҳозирги Тошкент педиатрия тиббиёт) институтини тамомлаб, Андижон шаҳар 2- болалар шифохонаси врач интерни, ординатори, даволаш ишлари бўйича бош врач ўринбосари, кейинчалик Андижон давлат тиббиёт институти кафедра ассистенти, доценти ва кафедра мудири лавозимларида фаолият кўрсатган.У 2012-2018 йилларда мазкур институт ўқув ишлари бўйича проректори ва ректори вазифасида ҳам ишлаган.

И.Алимджанов 2018 йилдан Тошкент фармацевтика институти ректори сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Навоий вилоятида БАА ширкати шамол электр станцияси қуради

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Навоий вилоятида 400 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қурилади. Бунга оид келишув 18 январь куни Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида дунёдаги энг йирик Mubadala инвестиция холдингининг (БАА) Masdar ширкати билан имзоланган.

Вазирлик хабарномасида қайд этилишича, мазкур келишувга мувофиқ, Masdar компанияси шамол электр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишни амалга оширади.

Қурилиш учун инвестициялар ҳажми 600 млн доллар миқдорида баҳоланмоқда. Қурилиш ишлари 2020 йилнинг учинчи чорагида бошланади. Объектни эса 2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

U-23: Ўзбек футболчилари ярим финалга чиқди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси U-23 Осиё чемпионати чорак финалида Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасига қарши майдонга тушиб, 5:1 ҳисобида ғалабага эришди.

Бу ғалаба Ўзбекистон жамоаси учун ярим финалга йўл очди. Эндиликда ўзбек футболчилари Саудия Арабистони ўйинчиларига қарши майдонга тушишлари керак.

Осиё чемпионатида финалга чиққан икки жамоа ва учинчи ўрин эгаси Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиадада иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.

ИИВ вазири АҚШ элчиси билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм.

Ўзбекистонлик экспертлар АҚШга танишув ташрифи билан боришлари мумкин. Бу масала 17 январь куни Тошкентда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм ўртасида бўлиб ўтган учрашув чоғида муҳокама қилинган.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов.
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов.


“Бу каби ташрифлардан кўзланган мақсад АҚШнинг ҳуқуқ-тартиботни сақлаш, уюшган жиноятчиликка қарши кураш, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни очиш борасидаги иш услубини ўрганишдан иборат бўлиб, эксперт-криминалистик бўлинмалари учун кадрларни тайёрлаш, соҳани замонавий жиҳозлар билан таъминлашга кўмаклашиш каби масалаларни ҳал этишдир”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Қайд этилишича, учрашувда америкалик дипломат элчихона номидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишини урғулаган.

МБ мулозими олтин алмашув курси барқарорлигини таъминлаш учун сотилганига оид иддаоларни рад қилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Марказий банкининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов нима учун МБ 2019 йили 4 миллиард долларлик олтин сотганига изоҳ берди. Мулозимнинг изоҳига ўтган йили Марказий банк олтинни экспорт қилиш орқали алмашув курси барқарорлигини таъминлагани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокама қилингани сабаб бўлган.

И. Норқуловга кўра, Марказий банк алмашув курси барқарорлигини таъминлаш учун олтин сотмайди.

“Нега кўпроқ олтин сотдик? Негаки, биз ташқи бозордаги ҳолатдан ҳам келиб чиқамиз. Яъни нарх қулайроқ шаклланаётган бўлса, маълум маънода олтинни кўпроқ сотишимиз мумкин. Нарх ноқулай шаклланаётган бўлса кутиб турамиз. Бунда Марказий банк таҳлилчиларининг прогнозлари бизга қўл келади. Олтинни сотишдан келиб тушган пул валюта бозорида сотилишини англатмайди. Яъни бизнинг олтин сотиш операцияларимиз олтин-валюта захираларини самарали бошқариш вазифаларидан келиб чиқиб амалга оширилади”, деган МБ биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ЎзАга.

Мулозимга кўра, 2019 йили Ўзбекистонда олтин-валюта захиралари 28,6 миллиард долларни ташкил этган. И.Норқулов иддаосича, ўтган йили олтин-валюта захиралари 2 миллиард доллардан зиёдроққа ошган, МБ эса йил давомида алмашув курсини қўллаб-қувватлаш учун мавжуд захираларни ишлатмаган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон 2018 йили 70 тонна, 2019 йилда 110 тонна олтин экспорт қилган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG