Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:01

Порошенко Украинанинг бешинчи президенти бўлди


Петро Порошенко инаугурация маросимида, Киев, 2014 йилнинг 7 июни.
Петро Порошенко инаугурация маросимида, Киев, 2014 йилнинг 7 июни.

Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенко бугун пойтахт Киевда қасамёдга келтирилди. Порошенко 1991 йилда мустақилликка эришган Украинанинг бешинчи президенти бўлди.

“Шоколад қироли” деб танилган 48 ёшли тадбиркор, "Рошен" қандолатчилик ширкатининг эгаси Петро Порошенко 25 май куни Украина ўтказилган президентлик сайловида сайловчиларнинг 55 фоиз овозини қозониб, ғолиб чиққан эди.

Киевдаги инаугурация маросимида Украина Олий Радаси депутатлари, қатор давлат етакчилари ва расмийлари, жумладан: АҚШ вице-президенти Жо Байден ва Беларус президенти Александр Лукашенколар қатнашмоқда.

Ўз қасамёд нутқида Порошенко Украина суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилишга, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга ваъда берди.

Бир кун аввал Нормандияга иттифоқчи кучлар қўшини ташланганининг 70 йиллиги маросимида қатнашган Украинанинг янги сайланган президенти Францияда Россия президенти Владимир Путин учрашганди.

Улар Украина бўҳронини муҳокама қилиб, мамлакат шарқидаги зўравонликларни тўхтатишга чақиришган.

Мазкур учрашув ортидан журналистларга гапирган Путин Украинада қон тўкилишини тўхтатиш борасида Порошенко илгари сурган таклифни қўллаб- қувватлашини айтганди.

Киевдаги инаугурация маросимида Россияни ушбу мамлакатнинг Украинадаги элчиси Михаил Зурабов тамсил этмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенконинг сайланишини “оқилона танлов”, деб таърифлаган.

Обама украиналик ҳамкасби билан 4 июн куни Варшавада учрашганди.

Украина Марказий Осиё лидерларини ҳам президентликка сайланган Петр Порошенко инаугурациясига таклиф қилганди, бироқ минтақа президентларидан ҳеч ким, жумладан, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ҳам Киевга бормади.

Ўзбекистон номидан Украина пойтахтидаги маросимда ким қатнашаётгани маълум эмас.
XS
SM
MD
LG