Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:24

Жанубий Корея Президенти Ўзбекистонга сафар қилади


Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хе.
Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хе.
Корея Республикаси (Жанубий Корея) Президенти Пак Кин Хе келаси ҳафтада Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистонга сафар қилади. Бу ҳақда хабар қилган Yonhap агентлигига кўра, сафардан кўзланган мақсад тилга олинган мамлакатлар билан ҳамкорликни кўламини кенгайтиришдир.

Келаси душанба куни бошланажак ташрифлардан мақсад Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва Жанубий Корея раҳбариятининг “Яхлит Евросиё”ни яратиш ташаббусини илгари суришдир. дейилган агентлик хабарида.

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йилда ўрнатилган.

Асакадаги ЎзДЭУавто қўшма корхонаси 1996 йили Жанубий Корея билан ҳамкорликда барпо этилган эди.

2006 йили Тошкент билан Сеул ўртасида Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланган. Икки давлат ўртасида давлатлараро ва ҳукуматлараро даражада, фирма ва компаниялар доирасида ҳамкорлик ривожланиб келаётгани тўғрисида айтилади.

Минглаб ўзбекистонликлар йиллардан буён Жанубий Кореянинг қатор корхоналарида меҳнат қилади.

2011 йил ёзида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида Орол денгизи яқинидаги Сургил газ конини ўзлаштириш ҳамда Устюрт газ ва кимё заводини қуриш бўйича умумий қиймати 4,1 миллиард АҚШ долларига тенг шартномалар имзоланган.

Ўтган ой бошида “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси раҳбарияти Жанубий Кореянинг “LG CNS” ширкати делегацияси билан музокаралар ўтказгани, мулоқот чоғида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама этилгани хабар қилинган эди.
XS
SM
MD
LG