Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:12

Ўзбекистонлик рўзадордан талаб: Ифторни оилада қилинг, Таровеҳни Жомеда ўқинг!


Масжидларда ифторлик қилиш Ўзбекистондан бошқа деярли барча мусулмон мамлакатларида бор. Бу суратда Қорасувдаги Ас-Сарахсий масжиди акс этган.
Масжидларда ифторлик қилиш Ўзбекистондан бошқа деярли барча мусулмон мамлакатларида бор. Бу суратда Қорасувдаги Ас-Сарахсий масжиди акс этган.
Мусулмонлар июнь охирида бошланиши кутилаётган бу йилги Рамазон ойига тайёргарлик кўрмоқда. Ҳилол кўринишига қараб, бу муборак ой июннинг 27 ёки 28 кунлари бошланиши кутилмоқда. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмийсига кўра, бу йил ҳам Таровеҳ намозини фақат Жоме масжидларида ўқиш, ифторликларни фақат оилада қилиш мумкин. Мусулмонларнинг жамоаларга бирлашиб, хонадонларда ифторлик қилиши, намоз ўқиши ва Қуръон хатм қилиши тақиқланади.


Имом хатиблар рўзага тайёргарликни бошлади


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси республика ва Тошкент шаҳаридаги имом-хатибларга Рамазон ойига жиддий тайёргарлик кўриш ҳақида кўрсатма берди.

Хусусан, Тошкент шаҳрининг 115 масжидидаги имом хатиблар ҳам мажлисга йиғилди ва уларга Жомеъ масжидларга йиғиладиган рўзардорлар билан мулоқотлар, кутилган ва кутилмаган саволлар, Таровеҳ намозларини ташкил қилиш, Қуръон хатмини ой давомида тўғри тақсимлаш каби масалаларга алоҳида эътибор бериш уқдирилди.

Бу мажлисда иштирок этган Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур имом-хатибларга уқдирилган тартиб-қоидалар ҳақида маълумот берди:

- Асосий масала, Таровеҳ намозларини ташкил қилиш ва кейин Қуръон хатмини рўзадорларни қийнамаслик учун қисқароқ қилиш ҳақида тавсиялар бўлди. Авваллари қориларимиз кам бўларди ва узоқ-узоқ хатм қилиниб, 15 кунда тугатиларди, имом бошқа масжидга кетарди. Ҳозир, мустақиллик йилларида қориларимиз кўпайиб қолди. Шунинг учун рўзадорларни қийнамай, хатмни қисқароқ қилиш мумкин, - дейди шайх ҳазратлари.

Шунингдек, имомларга мусулмонлардан бўладиган кутилмаган саволларга жавоб беришга ҳозирлик кўриш ҳам уқдирилди.

- Ҳозир иссиқ кунларда рўзадорларда узрли ҳолатлар, рўзанинг бузилиб қолиши ёки ифторлик, саҳарликлар билан боғлиқ саволлар бўлиши мумкин. Кейин ифторлик маросимларини ихчам, кичикроқ қилиб, исрофсиз ўтказиш тўғрисида кўрсатмалар берилди, - деди Абдулазиз Мансур.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:16 0:00
Бевосита линк


Хабар баҳона Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси мулозимига сўнгги бир неча йиллардан буён ўзбекистонлик рўзадорларни қийнаётган бир неча саволни бердик.


Аҳоли уйларида Таровеҳ намозини ўқиш мумкин эмас


Йиллардан буён Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари, айниқса тақводорлар кўпроқ бўлган Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент ва Қарши шаҳарларида Рамазон ойида ўқиладиган Таровеҳ намозини маҳалла масжидлари ёки бирор ҳаммаҳалланинг уйида жамланиб ўқишига рухсат берилмайди.

Мусулмонлар бу намозни ўқиш учун Жоме масжидига бориши шарт. Чунки, аҳоли уйлари ёхуд кичик масжидларда Қуръон хатм қилишга рухсат йўқ.

Озодликка мурожаат қилган мусулмонлар жилла қурса, Рамазон ойида бунга рухсат берса бўлмайдими, деган саволни такрорлаб келадилар.

- Йўқ, бунақа талаб бизга келиб тушгани йўқ. Аксинча, ҳозир кун иссиқ, масжиднинг ичи қизиб кетади, шунинг учун Таровеҳ намозини Жоме масжидларининг ҳовлисида ўқилсин, деган таклиф бўлди. Масалан, Тошкентда кечалари ташқарида салқин бўлади. Таровеҳ намозини ўз оиласи даврасида ўқиш мумкин ёки Жоме масжидида ўқиш мумкин. Агар масжидга боришга соғлиги тўғри келмаса, унда уйида оиласи билан ўқиши мумкин. Бу нафл ибодат, фарз эмас, - деди қисқагин қилиб шайх ҳазратлари.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:31 0:00
Бевосита линк


Ошхона, ресторан ва тўйхонада ифтор бериш мумкин эмас


Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси бу йил ҳам ифторликларни имкон қадар кичик, камтар ва оила даврасидагина ўтказишни тайинламоқда.

Мусулмонлар диний идораси мулозими шайх Абдулазиз Мансур бу борада тингловчилардан тушган яна бир: “ Шайх ҳазратлари, ифторликни маҳалладошлар бирлашиб ўтказишига рухсат олиб берса бўлмайдими?” деган саволга ҳам жавоб берди:

- Энди ўзингиз ўйлангда, ифторлик – бу тўй эмасда. Ҳозир тўқчиликку, авваллари рўза тутиб олган, аммо ифторлигига егулиги йўқ одамлар бўлган ва шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом одамларни муҳтожларга ифторлик бериб, савоб олишга тарғиб қилган. Ҳозир энди тўқчилик замонлари, шунинг учун тўйдек қилиб ифтор қилишмоқчи бўлади. Ҳозир бу мумкин эмас. Ихчамгина қилиб, фақат рўза тутганларни ва ўзимизнинг имомларни чақириб, ифтор қилишади, жуда файзли бўладиган бунақа ифторлар, - деди шайх ҳазратлари.

Биз саволни янада аниқлаштирдик: “Бир маҳалладаги қўни-қўшнилар ифторликка бириникига йиғилиб, кейин Таровеҳни ҳам бирга ўқиса бўладими?”

- Йўқ, Таровеҳ уйда ўқилмайди. Шунча масжидлар турганда уйда Таровеҳ ўқиш ярашмайди ҳам, - деди аниқ-тиниқ қилиб Мусулмонлар идораси мулозими.

Тушунилишича, ифторликни уйда ўз оиласи ёки қариндошлар даврасида қилиш мумкин. Қариндош бўлмаган рўзадорлар таклиф қилинган тақдирда маҳаллий имомлар огоҳлантирилиши ёҳуд таклиф қилиниши лозим. Бунинг сабабини идора мулозими шарҳламади. Аммо, ифторликда раҳбариятдан вакил бўлишини талаб қилишдан мақсад дастурхон теграсига йиғилган жамоатнинг суҳбатларини назорат қилиш эканини тахмин қилиш мумкин.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:37 0:00
Бевосита линк


Ёзнинг иссиғида рўза тутадиганларга тавсиялар

Бу борадаги саволга жавоб аввалгиларидан ҳам қисқа бўлди:

- Шариатимиз тоқатидан ортиқ ибодатга мажбур қилмайди, буюрмайди. Кунлар иссиқ бўладими, узун бўладими, айниқса мана шу 16-18 соат бўладиган кунларда рўза тутсангиз, шундай ҳузур қиласизки, рўза тутгандай бўласизда! Қишнинг кунида рўза тутгандай бўлмайсиз. Шунинг учун рўза тутиш – соғлом одамларга буюрилган. Хасталар, кекса кишилар, ҳомиладор ёки эмизикли боласи борлар узрли бўлади. Улар бошқа кунларда тутиб бераверади, - деди шайх ҳазратлари.

У кишининг тушунтиришича, кекса дейилганда, ёши 50 дан ошган ва рўза тутишга ҳоли етмайдиган кишилар назарда тутилади.

Қуйида кексалар тоифаси ҳақида берилган қўшимча изоҳни ҳам тинглашингиз мумкин.
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:00 0:00
Бевосита линк


Ўзбекистонда сўнгги бир неча йил ичида Рамазон ойида ўқиладиган Таровеҳ намозлари учун мусулмонларнинг аҳоли уйларида йиғилиши, ошхона ёки маҳалла тўйхоналарида ифторлик бериши кескин чекланди.

Ўтган йилги Рамазон ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ресторан ва ошхоналар маъмуриятига ифтор учун буюртмаларни қабул қилмаслик талабини қўйган.

Маҳаллада бўладиган ифтор учун эса 20 нафардан ортиқ меҳмон чақирмаслик, бунда ҳам бўладиган тадбирдан маҳалла қўмитаси фаолларини огоҳлантириш талаби қўйилган.
XS
SM
MD
LG