Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:48

Тошкентда йўлкира 6 йилда 3 баробарга қимматлади


15 июндан Тошкент жамоат транспортида йўлкира ҳақи 800 сўмдан 1000 сўмга кўтарилди. “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси расмий вакилининг Озодликка айтишича, 15 июндан метро, трамвай ва автобуслар йўлкираларининг ошиши ёнилғи ва эҳтиёт қисмларига сарфланажак харажатлар ошгани билан боғлиқдир.


15 июндан Тошкент жамоат транспортида йўлкира ҳақи 800 сўмдан 1000 сўмга кўтарилди.

Маршрут таксилар кираси эса 1200 сўмдан 1500 сўмга кўтарилган. Йўлкира ҳақи 25 фоизга ошганини тошкентликлар автобусларга осилган эълонлардан билди.

“Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси расмий вакилининг Озодликка айтишича, 15 июндан метро, трамвай ва автобуслар йўлкираларининг ошиши ёнилғи ва эҳтиёт қисмларига сарфланажак харажатлар ошгани билан боғлиқдир.

Ўзбекистон пойтахтида жамоат транспортида юриш ҳақи сўнгги бор ўтган йилнинг 2 апрелида шу муддагача бўлган нархнинг 14,28 фоизи миқдорида кўтарилган, йўловчилар 700 сўм эмас, балки 800 сўмдан чипта ҳақи тўлай бошлаган эдилар.

Мана энди, 15 июндан бошлаб Тошкентда метро, трамвай ёки автобусга тушадиганлар 800 сўм ўрнига 1000 сўм тўлайди. Демак, йўлкира бу гал 25 фоизга оширилди.

“Тошшаҳартрансхизмат”нинг ўзини таништирмаган расмийсидан сўрадик:

- Ҳар гал 50 – 100 сўмга ошар эди. Бу йил бирданига 200 сўмга оширилди. Бунинг сабаби нимада?

- Нархни Молия вазирлиги белгилайди. Биз белгиламаймиз, деди “Тошшаҳартрансхизмат” вакили.

Унинг айтишича, айни пайтда қатор тоифадаги кишиларнинг шаҳар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи сақлаб қолинган. Бундайлар қаторига Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, 1-гуруҳдаги уруш ногиронига ҳамроҳлик қилувчи киши, 1941-1945 йиллардаги урушда жабҳаортида меҳнат қилиб, орден ва медаллар билан тақдирланган кишилар, афғон уруши қатнашчилари, чернобилчилар, кўзи ожиз ногиронлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар киради.

Корхона сайтида яна мана бундай дейилган: Ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга ва контракт бўйича оддий аскарлар ва сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларга гувоҳнома берилмайди. Улар ҳарбий гувоҳномаси ёки контракт хизмат қилувчиларнинг шахсий гувоҳномасини кўрсатган тақдирда шаҳарйўловчилар транспортида (таксидан ташқари) бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланади.

Ойлик чипталар нархлари эса уйидагичадир (“Тошшаҳартрансхизмат” расмий сайтидан кўчирма):

A - (avtobus va tramvayda yurish uchun) - 100 000 so'm;

AV - (transportning bir turida (avtobus) yurish uchun ) - 80 000 so'm;

O' - (maktab (litsey) o'quvchilari uchun, maktabning (litsey) ma'lumotnomasi bo’lishi kerak) - 50 000 so'm;

Т - (kollej va oliy o’quv yurti talabalari uchun, talabalik guvohnomasi bo’lishi kerak) - 50 000 so'm;

N - (pensioner va nogironlar uchun, pensiya guvohnomasi bo’lishi kerak) - 50 000 so'm.

Йўлкира 1000 сўмга чиққанини эшитган тингловчиларимизнинг аксарияти, бу пулга таксида юрган яхшироқ, деган фикрни билдирди.

“Тошшаҳартрансхизмат” вакилига навбатдаги саволимиз шу фикрдан пайдо бўлди.

- Ҳар кимнинг пули ўзининг чўнтагида. Салқинлаб кетаман, деган одам метрога тушади. Хоҳлаган одам таксида кетади. Биз эса йўлкирани кўтаришга мажбурмиз. Чунки электр энергияси, эҳтиёт қисмлар қимматлаяпти. “Мерседес” автобусларимизнинг эҳтиёт қисмлари тобора қимматлаб бораяпти. Чунки валюта қимматлаяпти, деди корхона расмийси.

"Газ, свет, сув қимматлади, нима учун 1 апрелдан йўлкира ошмади, деб сўрамагансизлар ўз вақтида. Мана энди, нега қимматлади, деб ваҳима қилаяпсизлар!" деб хафа бўлди у.

Шундай қилиб, Тошкентда йўлкира 6 йилда 3 баробарга қимматлади: 2008 йилнинг 15 октябридан автобус, трамвай ва метро учун йўл кира 350 сўм қилиб белгиланган эди.

Жорий йил 1 апрелидан Ўзбекистонда аҳолига сотиладиган газ нархи 8,9%га, электр энергияси нархи 9,5% га, иссиқ сув 11,7%га оширилган эди. Шунингдек, совуқ сув ва канализациядан фойдаланиш ҳақи ҳам 1 апрелдан оширилган.
XS
SM
MD
LG