Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:49

"UzHD" ЖЧ-2014 трансляциясини ўғирлашда гумон қилинди


Ўзбекистоннинг "UzHD" телеканали футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларини Россиянинг "Спорт 1" телеканалидан кўчириб трансляция қилаётганликда гумонланмоқда. "Спорт 1" расмийсига кўра, ўзбек телеканали уларнинг кўрсатувларини рухсатсиз ретрансляция қилаётгани ҳақида уларга маълумот етиб келган ва бу ҳолат жиноий характерга эгалиги боис тегишли органлар бу масалани ўрганишади.

Россиядаги "Спорт 1" телеканалининг расмий дистрибьютори "Сигнал Медиа" компанияси бош директори Михаил Ковальчукнинг Озодлик мухбири билан суҳбатда айтишича, улар футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларини трансляция қилаётган пайт Ўзбекистондаги телеканаллар буни рухсатсиз кўчириб намойиш қилаётгани ҳақида маълумот бор:

- Бизда бу борада муайян хатлар бор... Бизда шу каби ҳолатлар ҳақида маълумот бор... Нафақат Ўзбекистон ҳеч бир давлат "Спорт 1" телеканалини рухсатсиз Россия ташқарисида кўрсатиш ҳуқуқига эга эмас. Агар Россия ҳудудидан ташқарида, қаердадир "Спорт 1" канали кўрсатилаётган бўлса, бу жиноят ҳисобланади. Бу ҳолатда муаллифлик ва ҳамкорлик ҳуқуқлари бузилади. Россия қонунларига кўра бу жиноий иш ҳисобланади. Биз телеканал сифатида кимнидир айблай ололмаймиз. Фақат бу ҳақда эслатишимиз мумкин. Айблаш, бу тегишли идоралар иши. Улар бу масалани кўриб чиқишади, - деди Михаил Ковальчук.

Жаноб Ковальчук Ўзбекистондаги айнан қайси телеканаллар "Спорт 1" кўрсатувларини ретрансляция қилаётгани ҳақидаги маълумотларни очиқламади.

Ўзбекистондан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (МТРК)нинг "Спорт" ва "UzHD" каналлари Бразилияда бўлаётган футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларини намойиш қилмоқда.

Тошкентда яшовчи Анвар исмли футбол ишқибози иддаосига кўра, "UzHD" телеканали футбол ўйинларини Россия каналларидан биридан кўчириб олиб бераяпти:

“UzHD цифровой канали орқали кўраяпман ўйинларни. Шарҳловчилари ўрислар. Шу Россиянинг Спорт каналидан олиб бераяпти, дейишди. Телевизорнинг четида ўрисларнинг каналини устига UzHD деган ёзувни қўйишган”, деди тошкентлик Анвар.

Айни мавзуни ўрганган Uznews.net сайти ҳам "UzHD" телеканали Россиянинг Спорт 1 каналидан кўчириб бераётгани ҳақидаги иддаоли хабарни эълон қилди.

“Футбол учрашувлари пайтида Россиянинг СПОРТ1 канали логотипини ДавТВ – uzHD тамғаси билан ёпишга уринишади. Айни пайтда трансляциянинг ўзи ва олиб борувчи диктор Россияники бўлиб қолади", дея ёзган Uznews.net бунга иккита суратни ҳам илова қилди.


Илова қилинган суратларда Жаҳон чемпионати ўйинлари тасвири бўлиб, суратнинг тепа қисми ўнг бурчагида "UzHD" логотипини кўриш мумкин.

Озодлик мухбири "UzHD" раҳбариятидан бу юзадан бирор маълумот олишга муваффақ бўлмади. Мухбир боғланган телеканал ходимлари бунга ойдинлик кирита олмасликларини айтишди.

МТРКнинг "Спорт" телеканали мулозимининг ўзини таништирмаган ҳолда айтишича, улар Осиё ва Тинч океан телерадиоэшиттирувчилар уюшмаси билан келишув асосида Жаҳон чемпионати ўйинларини олиб кўрсатмоқда.

"Спорт" телеканалида намойиш қилинаётган Жаҳон чемпионатининг ўйинлари ўзбек тилида шарҳланмоқда.

Дунёнинг 32 миллий терма жамоаси ўртасида жаҳон кубоги учун футбол мусобақаси 12 июнь куни бошланиб, бир ой давом этади.

Жаҳон чемпионатининг 64 та ўйини трансляцияси учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясидан 1 миллион АҚШ доллари атрофида ҳақ сўралгани ҳақида хабар қилинган эди.

МТРК раҳбариятининг Осиё ва Тинч океан телерадиоэшиттирувчилар уюшмаси билан бу борада аслида қанчага келишгани номаълум.

Жаҳон чемпионати бошланишидан аввал МТРК мамлакат бўйлаб кафе, ресторан ва барлар чемпионат ўйинларини кўрсатиш ҳаққини 1000 долларлик шартнома асосида сотиб олишга мажбурланаётгани айтилди.

Тошкентдан олинган маълумотга кўра, Жаҳон чемпионати ўйинлари трансляция қилинаётган пайт кабель телевидениелари "Россия", "Россия 2", "Спорт 1", "Спорт 1 HD" каналларини ўчириб қўяяпти.
XS
SM
MD
LG