Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2020, Тошкент вақти: 00:15

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонда маҳбуслар сони қисқаргани иддао этилди

Ўзбекистонда маҳбуслар сони 2013 йилда 2000 йилдагига нисбатан икки баробардан кўпроққа қисқарган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди раиси Бўритош Мустафоев “Халқ сўзи” газетасига маълумот берди.

Бўритош Мустафоевга кўра, жиноий жазоларни либераллаштиришга оид қонун қабул қилинганидан буён 26 минг шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланилган.

Мақолада айтилишича, Ўзбекистонда 23 йил мобайнида 24 марта амнистия эълон қилинган. 2013 йилда эълон қилинган амнистия қарийб 70000 шахсга нисбатан татбиқ этилган.

Кун янгиликлари

Ўзбекистон Жаҳон банки билан янги узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқмоқчи

Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллер.

Президент Мирзиёев 17 январь куни Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишлари муҳокама қилинган.

"Муҳим тармоқларда, жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, нефть-газ тармоғи, транспорт ва бошқа соҳаларда ислоҳотларни давом эттиришга кўмакни кенгайтириш ҳамда қашшоқликка қарши курашиш борасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шериклик бўйича янги узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқишга келишиб олинди" дейилган расмий хабарда.

Президент матбуот хизматига кўра, Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг янги дастурини амалга оширишда стратегик шерикдир.

"Банк экспертлари Ўзбекистонда қишлоқ ва сув хўжалиги, геология, банк-молия ва солиқ, таълим соҳаларида модернизация ишларини самарали амалга оширишга доир таклифларни ишлаб чиқишда, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш ҳамда бошқа устувор йўналишларда фаол иштирок этмоқда. Бугунги кунда Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда амалга оширилган ва давом эттирилаётган лойиҳаларнинг қиймати 5,5 миллиард долларни ташкил этади" дейилган расмий хабарда.

Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шериклик бўйича янги узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқишга келишиб олингани хабар қилинди.

Саратовдаги автоҳалокатда нобуд бўлган ва жабрланганлар шахси маълум қилинди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 16 январда Россиянинг Саратов области ҳудудида содир бўлган автоҳалокатда нобуд бўлганлар ва жароҳат олганлар рўйхатини эълон қилди.

Вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:

Болтабаев Нодир, 1979 й.т. (Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида истиқомат қилган).
Собиров Сардорбек, 1997 й.т. (Фарғона вилояти Боғдод туманида истиқомат қилган).

Тан жароҳати олган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:

Мухамедова Гулором, 1968 й.т. (Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида истиқомат қилади).
Ибатов Суннат, 1989 й.т. (Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида истиқомат қилади).
Баллиев Иса, 1998 й.т. (Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида истиқомат қилади).

"Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги, унинг ҳудудий консуллик хизмати ходимлари томонидан воқеага аниқлик киритиш мақсадида, ўзаро маълумотлар алмашинувини олиб борилди" дейилган расмий хабарда.

16 январь куни маҳаллий вақти билан соат 08:20да «Нижний Новгород-Арзамас-Саранск-Исса-Пенза-Саратов» автомобиль йўлининг 580 килметрида «Волга-ГАЗ-3110» автомобили ҳамда HYUNDAI минивен автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Оқибатда, жами 9 киши тан жароҳати олган. Шулардан 4 нафари воқеа жойида вафот этган. Уларнинг икки нафари Ўзбекистон фуқароси бўлган. Шунингдек, 5 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан Саратов шаҳар вилоят клиник касалхонасига ётқизилган. Уларнинг 3 нафари ўзбекистонлик.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, вафот этган фуқароларнинг қариндошларига хабар бериш ва жасадларини «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК авиатранспорти орқали Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда тан жароҳати олган фуқароларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда, дейилади ФВВ маълумотида.

ЖБ Ўзбекистондаги аэропортларнинг модернизация қилинишига кўмаклашади

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер.

Жаҳон банки Ўзбекистонда аэропортлар инфратузилмасини модернизациялаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишга тайёр. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер 16 январь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири Очилбой Раматов билан учрашув чоғида билдирган.

Транспорт вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашувда Ўзбекистон билан Жаҳон банки ўртасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мамлакатда ушбу банк билан ҳамкорликда устувор тармоқларда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар муҳокама қилинган.

Жаноб Мюллер Жаҳон банки шу вақтга қадар Ўзбекистонда асосан автомобиль йўллари қурилиши соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга молиявий кўмак кўрсатиб келганини таъкидлаб ўтган ҳамда эндиликда ЖБ бу мамлакатда аэропортлар инфратузилмасини модернизациялаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини маълум қилган.

Энергетика вазирлиги электр таъминотидаги узилишларни ИЭСдаги носозлик билан боғлади

Талимаржон иссиқлик электр станцияси.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги республиканинг айрим ҳудудларида кузатилаётган электр энергиясидаги узилишларни “Талимаржон иссиқлик электр станцияси”нинг электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган қурилмасида юзага келган носозлик билан боғлади.

Вазирлик матбуот хизматига кўра, носозлик бартараф этилгач, электр таъминоти яхшиланади.

Энергетика вазирлиги вакилларининг “Газета.uz”га маълум қилишича, электр таъминотидаги узилишлар барча вилоятларда кузатилаяпти. Вилоятларнинг ҳаммаси ягона тармоққа улангани учун тармоқдаги зўриқиш туфайли юзага келган узилишлар барчага баробар таъсир кўрсатмоқда.

Саратовдаги автоҳалокатда икки ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Саратов шаҳри яқинида содир бўлган автоҳалокатда икки ўзбекистонлик нобуд бўлди, яна беш киши турли даражада тан жароҳати олди. Бу ҳақда “Московский комсомолец” нашри минтақадаги тезкор хизматлар ходимларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Йўл-транспорт ҳодисаси 16 январь куни эрталабки соат 7:20 ларда содир бўлган. Нижний Новгород- Саратов йўлида “Волга” автомобили билан Hyundai минивэни тўқнашиб кетган. Авария чоғида минивэндаги икки ўзбекистонликдан ташқари “Волга”нинг россиялик ҳайдовчиси ҳам ўлган.

Ҳодиса чоғида жароҳатланган 5 нафар ўзбекистонлик касалхонага етказилган. Улардан уч нафарининг аҳволи оғирлиги, икки нафарининг аҳволи эса ўртачалиги айтилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, автоҳалокатга қарши йўлга чиқиб кетган Hyundai ҳайдовчиси сабаб бўлган.

Навоийдаги ёнғинда 20 та дўкон куйиб кетди

Иллюстратив сурат.

Навоий шаҳридаги 4 қаватли савдо мажмуасининг 4-қаватида 16 январь куни кечқурун ёнғин содир бўлди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, ёнғин маҳаллий вақт билан тахминан 21:15 ларда чиққан.

Табиий офат чоғида 6 та кийим-кечак дўкони тўла ёниб кетган, 14 та дўкон эса яроқсиз ҳолга келган.

Қурбонлар ва тан жароҳати олганлар йўқ. ИИВ ҳодиса жойида тергов-тезкор гуруҳи фаолият олиб бориб, ёнғиннинг келиб чиқиш сабабларини ўрганаётганини маълум қилган.

Ижтимоий тармоқларда кеча Навоийдаги ёнғин акс этган видео тарқалди:

Жиззахдаги газ қуйиш шоҳобчасида портлашда ишчи ҳалок бўлди

16 январь, тахминан соат 11:30 да Жиззах вилоят, Зарбдор туман, Янгиҳаёт маҳалласида жойлашган автомобилларга суюлтирилган газ (пропан) қуйиш шоҳобчасида юз берган портлашдан 40 ёшли фуқаро ҳалок бўлди, 44 ёшли бошқа бир фуқаро тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.

Бу ҳақда хабар қилган ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига кўра, газ портлаган шоҳобча “Gaz manbai” МЧЖга қарашли бўлиб, ҳалок бўлган ва жароҳатланган ишчилар шу корхона ишчиларидир.

Айтилишича, автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шоҳобчасида портлаш таъмирлаш-пайвандлаш ишлари олиб борилаётганида келиб чиққан чақнаш оқибатида содир бўлган.

Ҳозирда ҳодиса жойида тергов-тезкор гуруҳи ишлаётгани, портлашнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилаётгани хабар қилинди.

Лавров билан учрашувда Россия билан ўзаро алмашинувлар мисли кўрилмаган даражада фаоллашгани қайд этилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сергей Лавров билан.

16 январда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сергей Лавровни қабул қилди.

Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари матбуот хизматига кўра, учрашув аввалида Ўзбекистон президенти стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш суръати тобора ортиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган.

"Олий даражадаги мулоқот мунтазамлик касб этгани, ўзаро алмашинувлар мисли кўрилмаган даражада фаоллашгани, кўп қиррали ҳамкорлик, аввало, савдо-иқтисодий, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалар, таълим ва бошқа устувор йўналишларда кенгайиб бораётгани бундан далолат беради", дейилган расмий хабарда.

Айтилишича, Сергей Лавров самимий қабул учун Ўзбекистон раҳбарига миннатдорлик билдирган ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг дилдан саломларини етказган.

"Учрашувда Ўзбекистон-Россия муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик мавзулар юзасидан фикр алмашилди. Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди" дейилган расмий хабарда.

16 январь куни Сергей Лавров Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ҳам учрашди.

1 сўмга сотилмаган "Чорсу" яна 1 сўмга сотувга қўйилди

Тошкентдаги "Чорсу" меҳмонхонаси.

Тошкентдаги"Чорсу" меҳмонхонаси 1 сўм бошланғич нархда ким ошди савдосига қўйилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги 16 январда эълон қилди.

“Чорсу” меҳмонхона мажмуаси давлат активларини сотишда инсон омилини камайтириш, жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида электрон онлайн савдоларга чиқарилмоқда. (Лот рақами ва батафсил шартлари қисқа фурсатларда эълон қилинади)

Бошланғич нархи 1 сўм. Аукционнинг ҳар бир босқичи 100 млн. сўм.

Сармоядор 2 йил мобайнида ҳукумат кафолатларисиз камида 25,0 млн АҚШ долларга тенг эквивалентда инвестициялар киритиши, уч юлдузли меҳмонхона хизматини ташкил этиши ҳамда 150 та янги иш ўрни яратиши лозим" дейилган агентлик хабарида.

2017 йилнинг сентябрида “Чорсу”ни туркиялик ишбилармон Аҳмад Демир сотиб олгани ва у меҳмонхона базасида “Эски шаҳар” савдо-сайëҳлик мажмуаси қуришга киришгани хабар қилинган эди.

Бироқ 2 июль куни иқтисодий масалалар бўйича Тошкент туманлараро суди Аҳмад Демир ўз мажбуриятларини бажармаган, деган қарорга келиб, у билан имзоланган шартномани бекор қилган эди.

Аҳмад Демир меҳмонхонани ноль қийматида сотиб олган эди. Шартнома бўйича у 33 миллион доллар инвестиция киритиши лозим бўлган.

"Чорсу" меҳмонхонаси 2019 нинг сентябрида ҳам 1 сўмга сотувга қўйилган эди.

БАА компанияси Ўзбекистон ОТМларининг халқаро рейтингларга киришига ёрдамлашади

Тошкентда Олий ва ўрта махcус таълим вазирлиги ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг “Shbeemann” хорижий консалтинг компанияси ўртасида Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтинг рўйхатига киритиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, Жаҳон банки кўмагида имзоланган шартномага кўра, компания 3 йил давомида Ўзбекистондаги 10 та олий таълим муассасасининг халқаро эътироф этилган рейтингларда кучли 1 000 таликка кириши учун методик кўмакни амалга оширади.

– Президентимиз томонидан бизга таълим сифатини халқаро даражага олиб чиқиш вазифаси белгиланган. Биз бунга фақат университетларни халқаро рейтингларга киритиш орқалигина эришишимиз мумкин. Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ЎзМУ ва СамДУ дунёнинг энг кучли университетлари рейтингида кучли 500 таликка кириши лозимлиги белгиланганди. Ҳозирча компания Ўзбекистондаги 10 та ОТМнинг QS ва Times Higher Education халқаро рейтингларининг кучли 1000 талигига киришлари учун методик ёрдам кўрсатади.

Компания кўп йиллик тажрибага эга ва дунёнинг бир неча мамлакатлари билан ҳамкорлик қилади. Биз улар билан Ўзбекистон университетларини дунёнинг кучли 100 талигига кириши бўйича ҳамкорлик қиламиз. Адашмадим, 1 000 талик эмас, айнан 100 талигига киришига ҳаракат қиламиз, –
деган Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов шартномани имзолаш маросимида.

Миллий гвардияга контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш тартиби белгиланди

Миллий гвардия.

«Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги буйруқ 2020 йил 13 январда давлат рўйхатидан ўтказилди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, буйруққа мувофиқ Миллий гвардия бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби тўғрисидаги низом янги таҳрирда тасдиқланди.

Низомда, жумладан, қуйидагилар назарда тутилган:

Миллий гвардия бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодлар учун қўйиладиган талаблар;

номзодларни контракт бўйича ҳарбий хизматга саралаш тадбирларини ўтказиш тартиби ва босқичлари, хусусан номзодни:

дастлабки ўрганишни ташкил этиш ва ўтказиш;

жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

психологик ўрганиш;

тиббий кўрикдан ўтказиш;

ҳужжатларини расмийлаштириш ва контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш бўйича қоидалар.

Низомга мувофиқ, ўрта ёки ўрта-махсус ёхуд олий маълумотга эга бўлган қуйидаги фуқаролар номзод бўлиши мумкин:

18 ёшдан 30 ёшгача бўлган;

муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган 40 ёшгача бўлган шахслар;

резервдаги ва захирадаги 40 ёшгача бўлган офицерлар.

Андижон ва Қашқадарёда хорижда ишламоқчи бўлганлар учун меҳнат ярмаркаси ўтказилди

Иллюстратив сурат.

Андижон ва Қашқадарё вилоятларида чет элда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун 15 январь куни меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қайд этишича, бу хорижда ишламоқчи бўлганлар учун Ўзбекистонда уюштирилаётган илк ярмаркадир.

Ярмаркада Россия Федерацияси, Латвия, Болгария вакиллари ўз таклифлари билан иштирок этганлар. Анжуманда хорижликлар қаторида Ўзбекистонда фаолият юритадиган 20 га яқин хусусий бандлик агентлиги вакиллари ҳам қатнашган.

Ярмаркага ташриф буюрган мингдан ортиқ ўзбекистонлик жами 150 га яқин йўналишда 9000 дан зиёд хориждаги бўш иш ўрни ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлган. Улардан 500 га яқини иш берувчилар тақдим этган иш ўринларида фаолият кўрсатиш истагини билдирган.

Меҳнат вазирлиги иддаосича, бу каби ярмаркалар Ўзбекистонда хавфсиз, тартибли, ташкиллаштирилган меҳнат миграциясини йўлга қўйиш имконини беради.

Чет элда ота-онасиз қолган болалар Ўзбекистонга қайтарилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон фуқароларининг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болалари Ички ишлар вазирлиги томонидан ватанига қайтарилади. Мазкур тартиб Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 январидаги 6-сонли қарори билан тасдиқланган.

Norma ахборот-ҳуқуқий порталининг маълум қилишича, мазкур меъёр Ўзбекистонда доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг болаларига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Бунда 3 ёшгача бўлган болалар Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда олиб келинади.

Болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари мавжуд бўлмаса, республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари уларнинг фуқаролик мансублигини тасдиқлайдилар ва мамлакатига кириш (қайтиш) ҳуқуқини берадиган вақтинчалик ҳужжатни расмийлаштирадилар.

Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ота-онасиз қолган болалар ҳақидаги маълумотларни олганидан кейин зудлик билан ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаментига юборади. Ўз навбатида, департамент бир иш куни давомида маълумотларни ИИВнинг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасига (ҲПББ) юборади. ҲПББ 15 кун ичида болалар бўйича барча маълумотларни жамлаб, ИИВнинг масъул ходимларини, зарурат туғилганда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларини ҳам болаларни қайтариш учун улар турган мамлакатга юборади.

3 ёшдан ошган болалар Ўзбекистонга қайтарилганидан кейин Вояга етмаганларга яшаш жойи бўйича ижтимоий-ҳуқуқий кўмак кўрсатиш марказига, 3 ёшгача бўлганлари эса болалар уйига жойлаштирилади.

Ўзбекистонда она-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслари бўлган болалар қайтарилганидан кейин уларга берилади.

Қарор шу йил 8 январидан қонуний кучга кирган.

Хитой ширкати JV MAN Auto-Uzbekistan муассислари таркибига кирди

Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ҳам Sinotruk юк машиналарини кўп сотиб олмоқда.

Хитойнинг “Sinotruk” ширкати “JV MAN Auto-Uzbekistan” МЧЖ қўшма корхонаси муассислари таркибига кирди ва корхона устав фондига 12,1 млн доллар ҳажмида бевосита инвестициялар киритди. Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” АК матбуот хизмати маълум қилади.

Маълумотларга кўра, “Ўзавтосаноат” АЖ, “Sinotruk International Investment Limited” ва “MAN Truck & Bus SE” ўртасида эришилган келишувга мувофиқ JV MAN Auto-Uzbekistan базасида UZ TRUCK AND BUS MOTORS қўшма корхонаси ташкил этилади.

Хитой компанияси томонидан киритилган инвестициялар ишлаб чиқариш қувватини йилига 3 минг техникадан 6 минг донага етказишга йўналтирилиши, лойиҳа яна 100 дан зиёд иш ўрни барпо этилишига имкон яратиши айтилмоқда.

“Ушбу қарор бозорни арзонроқ, шу билан бирга сифатли бўлган, рақобатбардош ва харидорлар учун ҳамёнбоп юк автомобиллари билан таъминлаш, республика ичида турли брендлар ўртасида рақобатни ошириш, шунингдек юк кўтариш қобилияти 5 тоннадан 70 тоннагача бўлган, жумладан самосваллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мақсадида қабул қилинди”, дейилади “Ўзавтосаноат” хабарномасида.

“Sinotruk” ширкати Хитойда оғир юк автомобиллари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича пешқадам компания бўлиб ҳисобланади. “Sinotruk” юк машиналари Марказий Осиё мамлакатларида ҳам машҳур.

Ўзбекистонда ўтган йили қарийб 7000 киши қамалди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2019 йилда 6 957 нафар шахс панжара ортига юборилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ўтган йили Ўзбекистонда судланган шахслар сони 27 603 нафарни ташкил этиб, шундан 6 957 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 19 278 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланган, 1 368 нафар шахсга эса шартли жазо берилган.

“Судланган шахсларнинг 24 491 нафари эркаклар, 3 112 нафари аёллар, 10 700 нафари ёшлар (шу жумладан 497 нафари вояга етмаганлар) ва 873 нафари 60 ёшдан ошган шахслар”, дейилади Олий суд хабарномасида.

Умумий олганда ўтган йили жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 36 845 нафар шахсга нисбатан 28 846 та иш кўриб чиқилган. Мазкур кўрсаткичлар, Олий суд қайдича, 2018 йилга нисбатан шахслар бўйича 24,2 фоизга, ишлар бўйича эса 24,4 фоизга камайган.

Россия ташқи ишлар вазири Тошкентга келди

Сергей Лавровни Президент Мирзиёев 2019 нинг 2 майида Тошкентда қабул қилган эди.

Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 15 январь куни Ўзбекистонга келди.

ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Сергей Лавровни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов, Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев ва бошқалар кутиб олган.

Лавровнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида музокара ўтказиши ва Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Тошкент шаҳридаги филиалига бориши кўзда тутилгани хабар қилинди.

"Музокаралар давомида икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг қатор масалалари муҳокама қилинади. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2020-2021 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини имзолаш режалаштирилган" дейилган хабарда.

ССВ: 5- қаватдан тушиб кетган боланинг аҳволи барқарор

Врач 5- қаватдан қулаган болани кўрикдан ўтказмоқда. Сурат Соғлиқни сақлаш вазирлигиники.

14 январь соат 16:18 да Олмазор тумани Беруний даҳаси 3-блок 135-хонадондан чақирув бўлган. Тез тиббий ёрдам машинаси ўз вақтида етиб борган. Унда 3 ёшу 11 ойлик А.Х. уйда ёлғиз қолганлиги сабабли ўйнаб, деразадан чиқиб кетган, лекин уни аҳоли кўриб, пастда адёл тутиб ушлаб қолган.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Вазирлик бу хабари билан Ижтимоий тармоқларда 14 январь куни тарқалган видеони изоҳлади. Видеода Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг бирида 5-қаватда ёш бола осилиб қолгани ва пастга тушиб кетгани акс этган

Вазирликка кўра, тез тиббий ёрдам гуруҳи воқеа жойига 7 дақиқа ичида етиб борган, биринчи ёрдам воқеа жойида кўрсатилган, бола зудлик билан шифохонага олиб борилган.

"Айни пайтда малакали шифокорлар томонидан унга сифатли даво чоралари қўлланиляпти. Оғир жароҳат олмаган. Бош мия чайқалиши деб бирламчи ташхис қўйилган. Аҳволи ҳозир барқарор" дейилган вазирлик хабарида.

181 та корхона бир йилда атроф-муҳитга 808 минг тонна зарарли ташланма чиқармоқда

Иллюстратив сурат

Республика бўйича 181 та корхона атмосферага маълум миқдорда зарар келтиради ва улардан йилига атроф-муҳитга 808 минг тонна ташланмалар чиқарилади.

Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Тўлаган Абдулғозиев баёнот бергани тўғрисида kun.uz хабар қилди.

Абдуоғозиев ҳавони ифлослантириш даражаси юқори бўлган корхоналар сифатида Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати), йирик кимё заводлари, жумладан, Навоий азот заводини мисол қилиб келтирган.

Экология ва атроф-муҳитни ривожлантириш давлат қўмитаси вакилига кўра, Ўзбекистонда ҳавони ифлослантириш даражасини аниқлаш рейтинги тузилмайди. "Аввалига рейтинг талабларини ишлаб чиқиш зарур" деган Тўлаган Абдулғозиев.

2019 йили 156 миллиард сўмлик авторақам сотилди

2019 йили avtoraqam.uzex.uz вебсайтида онлайн-аукцион орқали 156,1 миллиард сўмлик 36,3 мингдан зиёд чиройли авторақам сотилди. Бунда энг арзон рақамлар бир миллион сўмдан зиёд бўлса, энг қиммати 91 миллиондан ортиқ сўмга белгиланган. Авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 51,1 фоизга, ҳажми бўйича – 28,3 фоизга ўсди. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 4,3 миллион сўмни ташкил этган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида ўтказилган учрашувда биржа бошқарув раиси ўринбосари Ислом Иброгимов маълумот бергани тўғрисида ЎзА хабар қилди.

Cobalt, Spark, Nexia ва 2 та Matiz тўқнашди, 4 киши жароҳатланди

14 январь куни соат 10:50 ларда Тошкентнинг Учтепа туманида Лутфий ва Фарҳод кўчалари чорраҳасида бешта автомобиль — Cobalt, Spark, Nexia ва иккита Matiz иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Бу ҳақда хабар қилган Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматига кўра, Cobaltнинг 37 ёшли ҳайдовчиси светофорнинг тақиқловчи сигнали қаршисида турган бир нечта автомобиль билан тўқнашув содир этган.

Ҳодиса натижасида Cobalt ҳайдовчисининг ўзи, Matiz ҳайдовчиси ва унинг йўловчиси, шунингдек, иккинчи Matiz йўловчиси турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Ҳодиса сабаблари ўрганилаётгани хабар қилинди.

Қарзини тўлолмаган наманганлик фермер ўзини отди

Иллюстратив сурат.

Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида яшаган 58 ёшли фермер Т.Х. ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлардан бири Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилади.

Қайд этилишича, Т.Х. ов милтиғи билан ўзини отган. Бунга унинг бошқа бир фермердан 15 минг доллар қарз бўлганию қарзни қайтариш имконияти бўлмаганидан фермернинг тушкунликка тушгани сабаб бўлган, дея тахмин қилинаяпти.

Айни пайтда мазкур ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари юритилмоқда.

Тадқиқот: Ўзбекистонликларнинг 90 фоизи прописка тартибига қарши

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда аҳолининг тахминан 90 фоизи барча регистрацион чекловларни бекор қилиш тарафдори. Бу ҳақда Кун.уз нашри Жаҳон банки тадқиқотчиси Уильям Сеиз ўтказган тадқиқот маълумотларига таянган ҳолда хабар қилади.

Тадқиқот муаллифи Ўзбекистонда ички миграцияга тўсиқ бўлаётган икки асосий омилни келтириб ўтган: прописка режими ва шаҳарда яшаш харажатларининг қишлоқ ҳудудларга нисбатан анча юқорилиги.

Таъкидланишича, прописка режимини бекор қилиш билангина урбанизация фаоллашишига эришиб бўлмайди. Бунинг учун шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш суръатини ошириш керак. Ўтказилган сўровлар ўзбекистонликларнинг 80 фоиздан кўпроғи бу фикрга қўшилишини кўрсатган.

Тадқиқотчининг фикрича, аҳолининг кўчиш суръатлари сустлиги мамлакатда меҳнат унумдорлиги ва бандлик даражаси ўсишига салбий таъсир қилади.

Ўрганиш натижасида қуйидаги чоралар тавсия этилган:

шаҳарларда кенг миқёсда арзон ижара уйларини қуриш ва ижара уй-жой бозорини шакллантириш (Сингапур, Гонгконг ва Хитой тажрибаси);

кўчмас мулк дахлсизлигини таъминлаш (бу ўз навбатида инвесторларни уй-жой қуришга рағбатлантиради);

ҳам уй-жой қурилиши билан шуғулланувчи корхоналар, ҳам уй-жой сотиб олувчилар учун мақсадли субсидиялар ажратиш;

шаҳарларни режалаштиришга (мактаб, шифохона ва бошқа ижтимоий объектлар жойлашуви) алоҳида эътибор қаратиш ва ҳк.

Жаҳон банки расмий сайтида эълон қилинган тадқиқот банкнинг "Қашшоқлик ва тенглик" глобал амалиёти доирасида ўтказилган бўлиб, ундаги маълумотлар Жаҳон банки ва Тараққиёт стратегияси маркази ҳамкорлигида 2018 йилдан буён ўтказиб келинаётган "Ўзбекистон фуқароларини тинглаш" сўрови натижаларига асосланган.

Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси хусусийлаштирилади

Тошкентдаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси хусусийлаштирилади ва бу ишни молиялаштириш билан янги тузилган The Abu Dhabi Uzbek Fund шуғулланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев томонидан Бирлашган Араб Амирликлари ва Японияга олий даражадаги ташрифлар якунида эришилган келишувларни амалга ошириш муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда айтилган.

Йиғилишда урғуланишича, БАА иштирокида 1 миллиард долларлик капиталга эга “The Abu Dhabi Uzbek Fund” инвестиция фонди ташкил этилган.

“Бугунги кунга келиб ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан кичик ва ўрта лойиҳаларни, шунингдек, Самарқанд шаҳрида меҳмонхона қуриш, Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси хусусийлаштирилишини молиялаштириш маъқулланди”, дейилади президент матбуот хизмати хабарномасида.

301 ўринли Hyatt Regency Tashkent 2016 йили қуриб битказилганди. Меҳмонхонага 205 миллион доллар сарфлангани айтилган.

Андижонлик мулозимлар шикояти асосида қамалган блогер озодликка чиқди

Андижонлик блогер Абдуфатто Нуритдинов.

Facebook ижтимоий тармоғи орқали Отабек Нуритдинов тахаллуси остида ижтимоий-сиёсий воқеаларга муносабат билдириб келган блогер Абдуфатто Нуритдинов 14 январь оқшомида озодликка чиқди. Бу ҳақда Газета.уз нашри блогернинг адвокати Умидбек Давлатовдан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Адвокатга кўра, Нуритдинов ҳибсдан озод бўлиши билан кўзи ёриган рафиқаси ва янги туғилган чақалоғини кўриш учун туғруқхонага йўл олган.

Андижонлик блогер маҳаллий мулозимлар шикояти асосида ўтган йил 30 декабрь куни вилоят маъмурий суди томонидан 15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Расмий маълумотларда айтилишича, Абдуфатто Нуритдинов туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбдор, деб топилган. Бундан ташқари блогерга БҲМнинг 60 баробари миқдорида жарима ҳам солинган. Блогер ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган.

Ўзини таништиришни истамаган манбанинг айтишича: “Нуритдинов асосан Андижон вилояти ва Асака тумани хокимлик вакилларининг бюджет пулларини талон-торож қилишларини аёвсиз ёритиб келган”.

Андижон вилоят маъмурий суди 4 январь куни Нуритдиновнинг кассация тартибида берган шикоятини рад қилиб, қаноатлантирилмасдан қолдириш ва Андижон вилоят маъмурий суди томонидан 2019 йил 30 декабрдаги унга нисбатан чиқарилган қарорни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилганди.

БП дизайнер Нариман Григоряннинг ўлимига оид баъзи тафсилотларни очиқлади

Gazeta.uz сайти Ўзбекистон Бош прокуратурасидан олинган маълумотларга таяниб, Тошкентда дизайнер Нариман Григорян ўлими тафсилотларини хабар қилди.

Қайд этилишича, 14 январь куни соат 11:50 ларда Яшнобод тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига ҳодиса тўғрисида хабар келиб тушган. Унга кўра, Яшнобод туман, Чигил кўчасида жойлашган хонадоннинг меҳмонхонасидан ушбу хонадонда ижарада истиқомат қилиб келган 1985 йилда туғилган Нариман Григоряннинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Яшнобод туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Нариман Григорян — таниқли ўзбек дизайнери, хореографи, «Тодес» гуруҳи биринчи таркибининг собиқ аъзоси, халқаро кўргазмалар, танловлар ва фестиваллар иштирокчиси. 2004−2008 йилларда Ўзбекистон Хореография академиясида таҳсил олган. У Тошкентда Nariman Grigoryan савдо белгиси остидаги мода уйларига эгалик қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG