Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:36

Ирригация институти талабалари компютерда имтиҳон топшира бошлади


Тошкент ирригация ва мелиорация институти талабалари айрим фанлар бўйича курсдан-курсга ўтиш имтиҳонларини компютерда топшира бошлади. Ўқув юрти мутасаддиларига кўра, имтиҳон ва синовларни компьютерлаштириш порахўрликнинг олдини олиш мақсадида жорий қилинмоқда.


Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг Ўқув методика бўлими бошлиғи Рамиз Абдураупов Озодлик билан суҳбатда талабалар билимини баҳолаш ва курсдан-курсга ўтиш имтиҳонларини компютерь орқали топшириш тажрибаси, хусусан, коррупцияга қарши курашиш мақсадида амалга оширлаётганини айтади.

- Мақсад, биринчидан, жараённи тезлаштириш. Талаба неча баҳо олган эканман, деб бир неча кун кутмайди. Компютер бирданига баҳосини қўйиб беради. Ўқитувчи ҳам “зачётка” ва “ведомост”га ўша заҳоти баҳосини қўйиб беради. Иккинчидан, талаба объектив равишда қандай билимга эга эканини билади, деди Ирригация ва мелиорация институти расмийси.

Институт расмийсининг айтишича, июнь ойидан жорий қилинган тажриба ҳозирча айрим фанларга тааллуқли холос.

- Эксперимент қилиб бошладик. Ҳамма фанларга жорий қилганимиз йўқ. Асосан тарих билан учта чет тилига жорий қилдик. Бу тажриба шу семестрдан бошланди, деди Рамиз Абдураупов.

Унинг айтишича, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буйруғига кўра, янги тизим Иқтисодиёт, Молия институтлари, Жаҳон тиллари университети ва бошқа олийгоҳларда ҳам синовдан ўтказилмоқда.

Кузатувчилар Ўзбекистонда маориф тизими энг коррупциялашган соҳалардан бири эканини айтиб келади.

Озодликка мурожаат қилган кўплаб ўзбекистонлик талабаларнинг айтишича, ҳар бир ўқув юртида ҳар бир домла ва у ўқитадиган фаннинг, эътибор ва мавқеига қараб, ўз нархи бор ва бу нарх ўз навбатида баҳо даражасига қараб¸ фарқланади.

Таълим тизимидаги порахўрликнинг асосий сабабларидан бири эса, ўқув юртлари ўқитувчилари маошлари пастлигидадир, дейди кузатувчилар.

Ўз исмини айтмасликни сўраган қаршилик ўқитувчи токи маошлар оширилмас экан, коррупцияни бартараф қилиш имконсиз, дея фикр билдирди.

- Ўзбекистонда ойликлар, стипендиялар ўша олаётган инсонни қониқтирмас экан коррупция давом этаверади. Барибир имконият топишади. Тестнинг йўли топилди-ку,- дейди қаршилик ўқитувчи.

Айни пайтда, имтиҳонларнинг компьютерлаштирилиши талабаларнинг ташвишига сабаб бўлмоқда. Тошкент Ахборот технологиялари университети талабаси Баҳром синов ва имтиҳонларни компьютерда топширишга аксар талабалар тайёр эмаслиги, агар бу амалиёт босқичма-босқич қўлланилса, самара бериши мумкинлигини айтди.

- Бу нарса бирданига йўлга қўйилса, яхшиликка олиб келмайди. Чунки талабалар ҳозир бунга тайёр эмас. Уч йил давомида тайёргарлик кўрилиб амалга тадбиқ этилса, самарали бўлади, дейди Тошкент Ахборот технологиялари университети талабаси Баҳром.
XS
SM
MD
LG