Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:14

"Жиззахда 7 ёшга тўлмаган болани мактабга олиш учун 20 минг сўм сўрашди"


Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида яшайдиган 6 ярим яшар қизалоқнинг онаси 2014 йил кузидан боласини мактабга бериш учун зарур маълумотномани олиш эвазига Халқ таълими бўлими ходими 20 минг сўм пул ва 50 дона оқ қоғоз сўрганини иддао қилиб, шикоят қилди. Бу мурожаат ортидан маълум бўлишича, 7 ёшга тўлмаган болаларни мактабга олиш ортида каттагина муаммо бор ва буни ота-оналар ҳам, масъуллар ҳам, одатан пора билан ҳал қилишга уринади.

"Имтиҳондан ўтиш нархи - 20 минг сўм ва 50 дона қоғоз"

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида истиқомат қиладиган ва исми ошкор этилмаслигини сўраган аёл 6 ярим яшар қизалоғини туман марказидаги 25-мактабга ўқишга бериш учун туман Халқ таълими бўлимига борганида пора сўралганини иддао қилди.

Озодликка интервью беришга рози бўлмаган аёл арзича, туман халқ таълими бўлими ходимлари 6 ярим яшар боланинг 1-синфга олиниши учун тегишли имтиҳондан ўтгани ҳақидаги маълумотномани бериш эвазига 20 минг сўм пул ва 50 дона оқ қоғоз сўрашган.

Бундан ташқари бу аёл боланинг руҳий аҳволи ва қобилиятини аниқлаб бериши керак бўлган имтиҳон мактабда эмас, балки халқ таълими бўлимида бўлаётганидан ҳам норози бўлди.

Бу каби оилалар билан гаплашган ғаллаороллик фаол Набижон Жўрабоевнинг айтишича, 7 ёшга тўлмаган болаларни мактабга чиқариш учун пора беришга мажбур бўлган айрим оилалар халқ таълими бўлимига қайта ва қайта қатнашга мажбур бўлмоқдалар.

- 6 ёшу 6 ой, 6 ёшу 4 ой – шунақа 7 ёшга тўлмаганлар орасида иқтидорлиларни танлаб олиш керак аслида. Лекин булар ўз манфаати учун пул талаб қилаётган эканда, 50 варақ тоза қоғоз ва 20 минг сўм пул, буни қаранг энди. Ўзи майда пул бўлса ҳам, бунақа талабгорларнинг ҳар биридан олаверса, ғирт коррупцион схемада бу ҳам. Ўзи халқ таълими бўлимининг аввалги мудири пора билан қамалиб кетганига 5-6 ой бўлган эди, - дейди Набижон Жўрабоев.

"Пора иддаоси бўлмаган гап"

Озодликнинг Ғаллаорол туманидаги манбаси порахўрлик иддосидан арз қилиб тумани Халқ таълими бўлими раҳбари вазифасини бажараётган Акбар Суюновга боғланди.

Манба билан суҳбатда мудир вазифасини бажараётган мутасадди бу иддаоларни “бўлмаган гап”, деб инкор қилди.

Жиззах вилояти Халқ таълими бошқармасидаги мутасаддилар ҳам, Озодлик манбаси билан суҳбатда, мактабнинг 1-синфига қабул учун бўлғуси ўқувчилар ота-оналаридан пул талаб қилинаётганига оид иддаоларни инкор қилди.

Аммо, Жиззах вилоят Халқ таълими бошқармаси тизимида ишлайдиган мутахассилардан бири мухбир билан микрофонсиз суҳбатлашар экан, боғчалардан чиқаётган болакайларнинг 1-синфга қабулига оид муаммолар борлигини билвосита тан олди.

“Ўзбекистонда жорий йилнинг сентябрь ойига қадар 7 ёшга тўлмаган болалар мактабнинг 1-синфига махсус имтиҳон асосида олинади. Энди шу имтиҳондан ўтказиб қўйиш эвазига алоҳида шахслар пора талаб қилган бўлса, эҳтимол. Лекин шахсан мен бунақа ҳолатни ҳали эшитмадим. Бунинг устига 7 ёшга тўлмаган болани РайОНОлар мактабга олмасликка ҳаракат қиладику”, деди бошқарма мутахассиси.

Ғаллаорол туманида жами 91 та умумий ўрта таълим мактаби бор.

"Мактабга чиқаётган болалар озайиб бормоқда"

Халқ таълими бошқармасининг айтишича, йилдан йилга Ўзбекистонда мактабларнинг 1-синфига борадиган ўқувчилар сони, оз миқдорда бўлса-да, камайиб бормоқда.

“Бизда 3 йиллик прогноз ишлаб чиқилади ва юқорига айтилади: бу йил шунча бола, янаги йил шунча бола 1-синфга чиқади, деб. Шунга кўра, синфлар очилади, ўқитувчиларга иш берилади. Агар сиз бу йил 7 ёшга тўлмаган болани кўпроқ олиб қўйсангиз, қўшимча синф очиш керак бўлиб қолиши мумкин. Кейинги йил эса, аксинча, қайсидир синфни ёпишга тўғри келади. Синфхоналар, ўқув дарсликлари ва ҳоказо - бу машмашали финансовий муаммоку, кимга керак бу?!” дея тушунтирди бошқарма мутахассиси.

Мутахассисдан олинган маълумотга кўра, Вазирлар Макаҳамаси қарори биноан мактабларнинг 1-синфида 7 ёшга тўлмаган ўқувчи ҳар 20 болага кўпи билан 3тадан тўғри келиши мумкин. Одатан, бу нисбатни 1 нафардан оширмаслик тавсия қилинади.

"7 ёшга тўлмаган бўлғуси ўқувчилар тест топширади"

Жиззах вилояти Халқ таълими бошқармаси мутахассисидан олинган маълумотга кўра, 7 ёшга тўлмаган болалар таълим бўлими вакили ва психологи иштирокида имтиҳондан ўтказилганидан сўнг мактабга олинади.

“Имтиҳон тест кўринишида бўлади. Тестдаги саволлар расм, шакл ва ранглар асосида тузилган. Боланинг руҳияти, қобилияти ва дунёқараши текширилади. 7 яшар боладек фикрлайдими ёки йўқми – шуни аниқлаш керак. Кейин саноқ сонлари сўралади, исми-фамилияси, оиласи ҳақида сўрайди. Энди қишлоқ жойларда болалар боғчага чиқмаган бўлса, отаси-онаси шуғулланмаган бўлса, иқтидори бўлсаям кўп болалар ўтолмайди бунақа имтиҳондан. Кейин ота-онаси ҳам пул бериб, ишни ҳал қилишга ҳаракат қилади – бу энди бор гапку?!”, дейди халқ таълими бошқармаси мутахассиси.

Ўзбекистон республикаси Халқ таълими вазирлиги расмий сайтида берилган маълумотга кўра, ўтган ўқув йилида мамлакатда мавжуд 9 минг 739 та мактабнинг 1-синфига 535 минг 636 бола қабул қилинган.

Булардан 50 минг 154 нафари 7 ёшга тўлмаган болалардир.

XS
SM
MD
LG