Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:31

Блог: Тоза қуллар, коррупция ва гигиена ҳақида


Бирор хабарни нотўғри ўқиб-уқиб олиш ёмон нарса. Айниқса, меники каби ижтимоийлашиб кетган калла билан. Бунақа калла билан дарров нотўғри уқиб олганинг хабар “ҳазми”га киришиб кетишинг, алдовга кўникмаган ва ўзига хос алгоритм асосида ишловчи “маънавий ошқозон” эса беҳузур бўлиб, “аразлаб, ётиб олиши” мумкин. Пировардида бу кишида ҳафсаласизлик касалини авж олдиради.

Кеча ҳам ўзим билмаган ҳолда маънавий ошқозонни шунақа зарбага дучор қилдим – бугун жабрини тортяпман.

Ҳаммасига янгилик сайтларидан бирида чиққан хабар сабаб бўлди. Унда Ўзбекистонда “Тоза қўллар” номли бир лойиҳа ўтказилгани ҳақида гап борарди.

Замона одамининг вақти зиқ, ахборот ҳажми эса катта. Шу сабабли кўп хабарларнинг сарлавҳасинию биринчи жумласини ўқиб, хулосасини чиқариб, йўлида давом этаверади одамлар. Бу иллатдан мен ҳам холи эмасман. Фақат чатоқ томони – “Тоза қўллар”ни “Тоза қуллар” деб ўқиб олганим, яна ҳам ёмонроқ шу маънода тушуниб олганим бўлди.

Хабар бошида шу йилнинг апрель ойидан май ойигача Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида “Камолот” ёшлар ҳаракати томонидан “Тоза қўллар” деган ном остида кенг кўламли лойиҳа ўтказилгани ҳақида айтилган.

Хабар аввали ютилиши билан ҳазм-анализ жараёни бошланди. “Вой, камсамўли тушмагурлар-е, охири уларам енг шимаришибди-да жабрий меҳнатга қарши”, дедим. “Ким нима деса, десин, барибир ҳали одамларимиз виждонини еб-ютвормаган”, дедим. Хаёлимда тенг-тушлари ҳуқуқи учун курашиб, уларни даладан қайтариб олиб келаётган, ҳокимлару боёнларга дадил-дадил гапириб, ўзи ва ўртоқлари ҳақларини қўриётган китобий қаҳрамонлар келди. “Йўғеее”, деди стереотиплардан зериккан бўлса-да, улардан воз кечиб юборолмаётган ақлим.

“Ҳай, сазанг ўлмасин” деб, хабар сарлавҳасига яна бир кўз югуртирувдим, эҳтиёткор ақл ҳақ бўлиб чиқди. “Тоза қуллар” эмас, “Тоза қўллар” экан. Шамоллаган ва қайноққина чой орзусида бўлган хастага яхдеккина музқаймоқ таклиф қилишса, қандай ҳолга тушади. Мен тушган ҳол ўша хастаникидай эди. Аммо маҳзун бўлмадим, ўзимни юпатишга уриндим: “Тўхта, бу “Тоза қўллар” дегани порахўрликка қарши кураш шиори-ку. Худди ўзи. Сирасини айтганда, бу лойиҳа “Тоза қуллар” проектиданам яхши. Чунки коррупция йўқ бўлса, мажбурий меҳнат деган муаммоям эрта ё кеч - йўқ бўлади”.

Яна кайфиятим кўтарилди. “Ниҳоят, муаммога адресли зарба беришга қарор қилишибди камсамўлгина боллар”, дедим. “Яшавор, ёшлар”, дедим. Барибир “Жамиятда инқилобий ўзгаришлар ясаш - ёшлар қўлида” деган валламат минг бора ҳақ экан, дедим. Аммо пессимист ақл яна қош чимириб туриб олди қаршимда. “Шу гапларингга ўзинг ишонасанми?” деб, мениям довдиратишни бошлади. Унинг бу “тирноқ остидан кир қидирувчан”лиги ғашимга тегди. “Ҳозир сенга исботлайман ҳақлигимни” дея дўқ аралаш хўмрайдиму, кейинги жумлани ўқишга ўтдим.

Эвоҳ... Шошилмасам бўларкан. Катта кетмасам бўларкан. “Тоза қўллар” ҳечам коррупцияга қарши лойиҳа эмасакан. Гигиена ҳақида кетаётган экан гап.

Аммо бўш келгим келмади, “озодалик ҳам зарур лойиҳа”, дедим пўнғиллаб. “Ҳа, албатта. Айниқса, минг йиллардан буён бошқа элларга таҳорат билан ғуслни ўргатиб келаётган халқ учун”, деди ақл захарханда қилиб.

Унинг гапига парво қилмагандек тутдим ўзимни. Бироқ нимадир бўлди. Нимадир узилди. Нимадир бузилди. Бузилганини топдим - ҳазм жараёни экан у. Кейин яна нафратланганим ҳафсаласизлик қўшин тортиб, бостириб кела бошлади устимга.

Аслида ҳамма айб ҳаётга ижтимоийлик призмасидан қараётган, маиший тафаккурни пенсияга чиқарворган ўзимда. Ҳозир маиший тафаккур улфатим бўлсайди, камсамўлгина боллар қасдини биринчи ўқишдаёқ тушунган бўлардим. Ахир улар мени алдагани йўқ, борини борича айтишди. “Қўлингизни совун билан яхшилаб ишқаланг”, дейишди.

Мени алдаган ўзим бўлдим. 25 йилдан буён алдаяпман. Алдаганим сари ҳафсаласизлигим кучайяпти. Алдаганим сари маишатга, маиший тафаккурга эҳтиёжим тобора ортаяпти, ижтимоий тафаккурдан тобора безияпман. “Пенсионерлар тафаккурлар ўрнини алмаштириш вақти келмадимикан?” деб ўйлаяпман ўзимча. Лекин барибир далил бир қарорга кела олмаяпман бу борада. “Эртага ёшлар ишқаланган қўллар ҳақида эмас, қуллик ёки порахўрлик каби ижтимоий муаммолар ҳақида ташаббус кўтара бошласалар, нима қиламан?” деган тараддуд мени қарорсиз қилаяпти. Бундан ташқари, аввал айтганимдек, анча ҳафсаласиз бўлиб қолдим кейинги пайтларда. Аввалги ҳафсалам бўлганида, шартта бир қарорга кеворардим.

Чарчаган зиёли

XS
SM
MD
LG