Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:10

ИИВ журналист Сид Янишевни судга тортиш билан таҳдид қилди


Ўзбекистонда Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни нишонланаётган бир пайтда мамлакатда фаолият олиб бораётган саноқли мустақил журналистлардан бири Сид Янишев Ички ишлар вазирлигига чақиртирилиб, судга тортиш билан таҳдид қилинган.

Сид Янишев тахаллуси билан танилган тошкентлик журналист Саид Абдураҳимовнинг 26 июнь куни милицияга чақиртирилишига унинг бир ой аввал Фарғона.Ру сайтида босилган Тошкентдаги уйлар бузилиши ва уй эгаларининг ҳуқуқлари топталиши ҳақидаги мақоласи сабаб бўлган.

Бу ҳақда журналистнинг ўзи Озодликка маълум қилди:

- 25 июнь куни менга телефон қилиб, орган ходимлари билан конфиденциал суҳбат учун Ички ишлар бош бошқармасига боришимни айтишди. Мен чақирув қоғозисиз у ерга бормаслигимни айтдим. Телефондаги қисқа суҳбатдан сўнг 15-20 дақиқанинг ичида повесткани менга етакзишди, қўл қўйиб, боришимни айтдим, - деди Янишев.

Бир кун ўтиб, Сид Янишев милиция ҳузурига борган ва унга гўёки журналистнинг маҳалла ишига аралашувидан норози бўлган уй эгаларининг даста-даста ариза ва шикоятлари битилган қоғозларни кўрсатишган.

Журналист билан мулойим гаплашган милиция ходимлари журналистга ноҳолисликнинг жавобгарлиги борлиги ва устидан тушган барча ҳужжатларни судга оширишлари ҳақда огоҳлантирганлар.

Айни пайтда Сид Янишевнинг айнан нимада айбланаётгани маълум эмас.

Янишев бир ой аввал Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида юзлаб хонадонлар бузиб ташлангани, уй эгаларига эса расмийлар ҳеч қандай товон пули ажратиб бермагани ҳақда хабар берганди.

Журналист Сид Янишев Ўзбекистонда Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни нишонланаётган бир пайтда босимларга учрамоқда.

Фарғона.ру таҳририяти Янишев касбий фаолияти учун тазйиққа учраётганини айтиб, Ўзбекистон ҳукуматини мамлакат Конституцияси ва оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунга амал қилишга чақирди.

- Бу Ўзбекистонда журналистлар байрами куни бўлаётгани ажабланарлидир. Расмий матбуотда мамлакатда журналистлар учун шароитлар яратилгани, цензура йўқлиги ҳақида гапирилади. Бир пайтнинг ўзида журналистга ёзган мақоласи учун таҳдидлар қилинмоқда, - дейди Фарғона.ру сайти бош муҳаррири Даниил Кислов.

2010 йилда Ўзбекистонда қолган оз сонли мустақил журналистлар прокуратурага чақиртирилиб, ёзган мақоласи юзасидан сўроққа тутилган. Уларнинг кўпчилиги кейинчалик мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлишганди.

- Янишевнинг милицияга чақирилиши ва у билан мулойим суҳбат Ўзбекистондаги бошқа мустақил журналистлар билан бўлган ҳодисани эслатади. Малик Бобоев, Елена Бондарларни шу йўл билан мамлакатдан чиқиб кетишга мажбурлашганди, - дейди Даниил Кислов.

Лекин, Сид Янишев таҳдидларга қарамай мамлакатдан чиқиб кетиш нияти йўқлигини айтади.

- Мени мамлакатимдан кетиш ниятим йўқ. Мен шу мамлакат патриотиман. Мени қўрқитишга ҳаракат қилишяпти, лекин қўрқитишолмайди, - дейди ўзбекистонлик мустақил журналист Сид Янишев.

XS
SM
MD
LG