Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:42

Ироқнинг янги парламенти раисликка номзодлар бўйича келиша олмади


Ироқ янги парламенти биринчи йиғилишида янги раис номзоди борасида келишувга эришолмади ва йиғилиш келгуси ҳафтага қолди. Айни пайтда Ироқдаги Курдистон ўлкаси бир неча ой ичида мустақиллик бўйича референдум ўтказишга ҳозирлик бошлади. АҚШ президенти эса Ироқдаги америкаликларни ҳимоя қилиш учун бу мамлакатга яна 300 ҳарбий жўнатмоқда.

1 июль куни Ироқда янги парламентнинг биринчи сессияси бўлиб ўтди. Йиғилишда парламентга янги раис борасида келишувга эришилмади. Парламент раиси вазифасини вақтинча бажараётган Маҳдий Ал-Ҳафидий депутатларга “бу сессия қолдирилди, агар келишувга эришилса, сессия келаси ҳафтада бўлади” деди.

Депутатлар парламент раиси лавозимига номзодлар масаласини муҳокама қилиш учун танаффусга чиқдилар.

Одатда, Ироқ парламентига сунний мазҳабидаги шахс раислик қилиб келган. Унинг икки ўринбосаридан бири шиа, иккинчиси курд миллати вакили бўлган.

Сешанба кунги йиғилишда 328 депутатдан 255 нафари қатнашиб, кворум бўлмагани учун танафус эълон қилинди.

Ироқ ҳукумати кучлари Тикрит шаҳрини босиб олган суннийлар етакчилигидаги жанггариларга қарши ҳужумларни давом эттираётган бир пайтда Ироқлик сиёсатчилар муваффақиятга эришишига кўпчилик умид қилаётган эди.

Ироқнинг ғарбий ва шимолий қисмидаги катта ҳудудларни босиб олган Ироқ ва Шом Ислом давлати жанггарилари Тикрит шаҳрини ўтган ой ўз назоратига олган.

Ироқнинг Курдистон мухтор ўлкаси етакчиси Маъсуд Барзаний бир неча ой ичида мустақиллик бўйича референдум ўтказишни режалаётганини билдирди.

БиБиСи билан суҳбатда Барзаний Ироқ аллақачон бўлинган бир пайтда мустақиллик масаласини кўтариш ўринли эканини урғулади.

- Биз Курдистонда референдум ўтказамиз ва халқимиз қабул қилган қарорни ҳурмат қиламиз. Биз бошқалар ҳам шундай йўл тутишига умид қиламиз, деди курдлар етакчиси.

Маъсуд Барзаний референдум қачон ўтказилишини Курдистон ўлкаси парламенти белгилашини қўшимча қилди.

Айни пайтда Эрон расмийлари Теҳрон ўз қўшинларини Ироққа жўнатишни режаламаётгани, аммо “терроризмга қарши урушда” Бағдод ёрдам сўраса, қуроллар жўнатиши мумкинлигини билдирди.

1 июль куни Москвага ташрифи чоғида сўзлаган Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён “Ироқ қудратли армия ва кучли ҳарбий техникага эга экани”ни ва ҳозирча Эронга ёрдам сўраб мурожаат қилмаганини айтди.

Ҳусайн Амир агар Бағдод Теҳрондан ёрдам сўраса, Ироққа “халқаро қонунлар ва амалдаги келишувлар доирасида” қуроллар етказиб берилишини таъкидлади.

Ироқда вазият мураккаблашгани боис АҚШ Президенти Барак Обама Бағдоддаги АҚШ элчихонаси ва америкаликларни ҳимоя қилиш учун бу мамлакатга 300 нафар ҳарбий жўнатмоқда. Бу билан Ироқдаги америкалик ҳарбийлар сони қарийб 800 кишига етади.

АҚШ ҳарбийларидан тахминан 470 нафари, асосан Бағдоддаги элчихона ва аэропорт хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади.

Қолган 300 нафари ироқлик ҳамкасбларига маслаҳат бериш ва Ироқ армия қисмлари ҳаракатини мувофиқлаштиришда ёрдам беради.

Айни пайтда БМТ расмийлари июнь ойида Ироқда 2417 одам нобуд бўлгани ва 2287 киши жароҳат олганини эълон қилди. Бу 2007 йил май ойидан бери бир ойда энг кўп кўрилган талафотдир.

XS
SM
MD
LG