Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:41

Порошенко: Славянскдаги муваффақият урушнинг бурилиш нуқтасидир!


6 июлга қадар Украина шарқидаги вазият акс этган харита.
6 июлга қадар Украина шарқидаги вазият акс этган харита.

Украина Президенти Петро Порошенко Россия тарафдори бўлган айирмачиларни Славянск шаҳридан сиқиб чиқаришда эришилган ҳарбий муваффақият жанггариларга қарши урушнинг “бурилиш нуқтаси” бўлганини таъкидлади. Айни пайтда, айирмачилар Славянск шаҳрининг тарк этилгани мағлубиятни англатмаслигини таъкидламоқда.

Украина Президенти Петро Порошенко мамлакат шарқидаги Славянск ва бошқа шаҳарларда ҳукумат назорати қайта ўрнатилгани “якуний ғалаба эмаслиги”ни ва армия қисмларининг “Донецк ва Луганск вилоятларини озод қилиш амалиётлари давом этиши”ни урғулади.

Порошенконинг баёноти Славянск шаҳар кенгаши биноси узра Украина байроғи қайта тикланганидан кейин янгради.

Айни пайтда Бош вазир Арсений Яценюк ҳукумат расмийларига полиция, адлия тизими, тиббий муассасалар ва бошқа хизматлар фаолиятини имкон қадар тез фурсатда йўлга қўйиш ҳақида буйруқ берди.

Славянскда содир бўлган отишмаларда ўнлаб жанггари нобуд бўлгани ва айирмачилар шаҳарни ташлаб вилоят маркази Донецк шаҳри томон кетгани хабар қилинди.

Украина Ички ишлар вазири Арсен Аваков ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида айирмачилар Славянскдан 50 километр жануби-шарқда жойлашган 260 минг аҳоли яшайдиган Хорливка шаҳридан ҳам қочиб кетаётганини ёзди.

Россияпараст айирмачиларнинг Словянскдан сиқиб чиқарилгани қарийб уч ойдан бери жанггариларга қарши давом этаётган урушда ва Украина шарқида Киев назоратини қайта тиклаш йўлида эришилган катта муваффақият сифатида кўрилмоқда.

6 июль куни Киевда ўтказилган матбуот анжуманида Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши матбуот котиби Андрей Лисенко мамлакат шарқидаги вазият ҳақида буларни айтди.

- Украина президенти (Петро Порошенко) бир томонлама оташкесим бўлмаслигини алоҳида таъкидлади. Агар террорчилар ўз қуролларини ҳеч бир шартсиз топширса, гаровга олинган одамларни озод қилса ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) иштирокида Украина-Россия чегарасида назорат қайта ўрнатилса, ўт очиш тўхтатилиши мумкин, дея баён қилди Андрей Лисенко.

Украина президентининг Интернетдаги сайтида қуролли кучлар Бош штаби президентга айирмачилар Славянск шаҳри атрофидаги ҳукумат кучлари қуршовини ёриб ўтишга уринган пайтда минамёт ҳужумига учрагани ҳақида маълумот бергани маълум қилинган.

Бош штаб ҳисоботида айирмачилар битта танк ва бир нечта зирҳли машина йўқотгани билдирилган.

Луганск ҳокими Владимир Павленко Украина армияси тўплардан ўққа тутгани ва ҳаво ҳужумлари уюштиргани натижасида айирмачилар стратегик жиҳатдан муҳим шаҳарни тарк этишга мажбур бўлганини айтди.

Айирмачилар лидерлари шаҳарни тарк этганини аммо мағлубиятга учрамаганини таъкидламоқда.

Донецк Халқ Республикаси деб эълон қилинган Республиканинг раҳбари Андрей Пургин, бизнинг қаршилишимиз сингани йўқ, дея баёнот берди.

Пургин Интерфакс ахборот агентлигига Россия тарафдорлари тинч аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида шаҳарни тарк этганини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG