Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2020, Тошкент вақти: 05:19

“Ахборот” бир марта, бир мартагина адашди...


Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғлининг Ўзбекистонга сафари, меҳмоннинг Ислом Каримов билан учрашуви тўғрисидаги “Ахборот” сюжетини кўриб ўтириб, Бразилиянинг дабдаласини чиқарворган немис футболчиларнинг ишқибозларичалик бўлмаса ҳам, ҳар қалай кўнглим анча кўтарилди.

Биринчидан, Ислом Каримов “Хуш келибсиз”ни меҳмонга кўниккан тилида эмас, ўзбекча айтди.

Иккинчидан, Довутўғли тошкентлик бўлиб чиқди.

“Иккинчидан”ни ёзишдан олдин овоз чиқариб айтувдим, асли ревизор бўлиши керак бўлган, адашиб журналист бўлиб қолган Умид “Э, ака, нима деяпсиз, Довутўғли тошкентлик эмас, туркиялик!” деб, бошимни ёрай деди.

“Ўзингни бос, ука!”, дедим.

Ана, “Ахборот”ни эшит, дедим. “Ахборот”га ишонмаган ўзбек ўзбек эмас, бинобарин, сенинг ўзбеклигингга шубҳам бор, дедим.

“Ҳазиллашгандир “Ахборот”?, деди Умид.

“Яхшироқ, эшит, дедим, Довутўғлининг айтганлари таржимасини айтди, мухбир! Сенга ўхшаган ҳазилкашлар жонга тегди ўзи!”

Ахборот дастурининг Довудўғли ташрифига доир сюжетидан парча (ўзбек)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:13 0:00

Битта киночинг ҳазиллашиб Парижни топувди Ўзбекистондан.

Ҳожибой деган латифачинг ҳазиллашиб Москвани топувди Ўзбекистондан.

Қачонгача Ўзбекистондан Парижни излайсан, Ўзбекистондан Москвани излайсан?!

Сен Париждан, Москвадан Ўзбекистонни изла, деб дакки бердим Умидга.

“Ўзбекистон ҳамма ерга сочилиб, кетдику, айниқса, Москвада кўп, нимасини излай?!”, деб ғудранди-да нари кетди Умид.

Ахборот дастурининг Довудўғли ташрифига доир сюжетидан парча (рус)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:13 0:00

Умидни хафа қипқўйдим, деб хафа бўпқолдим.

Кейин Умид бўлиб ўйлай бошладим.

Чиндан ҳам “Ахборот”нинг мухбири қулоғини дингроқ қилиб эшитса бўлмасдими Довутўғлининг гапи оҳангидаги қочиримни?!

Хўп, туркча қочиримни тушунмасин, лекин “Тошкентданман”, деган гапни эшитиши биланоқ, “Вой?!” деб хайрон бўлмайдими?

Қўлкомпьютерини шап очиб, текшириб кўрмайдими Туркия ташқи ишлар боқонининг қаерда туғилганини?

Текширганда биливоларди Довутўғли Туркиянинг Кўня вилоятидаги Тошкент, деган элчада туғилганини.

Ё қўлкомпьютери йўқмикан мухбирнинг?

Йўғ-э, ўлар, бордирэ?!...

...деб турсам яна кепқолди Умид.

- Балки мухбирга шундай деявер, дейишгандир бошлиқлари, депқолди у.

- Балки, дедим.

Агар шундай дейишган бўлса, яхши, бу Ўзбекистоннинг Туркия билан, туркий дунё билан чиндан ҳам муносабатларни тиклашига бир ишорадир.

- Барибир, яхшимасда, деб чайналди яна Умид.

- Нимаси яхшимас?

- Информация тўғри бўлиши керак, мухбир чалғитмаслиги керак кўрувчини.

- “Ахборот” бир марта, бир мартагина адашибди-да, энди, шунгаям ота гўри – қозихонами?!

Қолаверса, Ер думалоқ, дўппидеккина бир нарса! Шундай десанг, бутун Ер – Тошкентга айланади, яшаш осон бўлади, дедим.

Қолаверса, Довутўғли, Каримов, Сену мен битта отанинг – Турк Отанинг болаларимиз, дедим.

- Барибир, информация аниқ бўлиши, чалғитмаслиги керак, деди қайсар Умид.

Ҳа, қайсаргина Умид-а, қайсаргина Умид...

Шарҳларни кўринг (23)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG