Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:44

Таниқли қорасувлик имом Рашид қори масжидига расмийлар эътироз билдирди


Рашод қори Камолов.
Рашод қори Камолов.

Қорасув марказидаги Ас-Сарахсий масжиди имоми¸ таниқли қори Рашод Камолов жума намозидан сўнг Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг маҳаллий бўлимига¸ пайшанба куни эса¸ милиция бўлинмасига чақиртирилган. Маҳаллий расмийлар Рашод қоридан Таровеҳ намози ва хатми Қуръонни микрофонсиз ўқишни талаб қилмоқдалар.

Қорасувлик машҳур имом Рашод қори Камоловнинг 11 июль куни жума намозидан сўнг Миллий хавфсизлик хизматига олиб кетилгани Ас-Сарахсий мажсиди жамоасини хавотирга солди.

Озодликка мурожаат қилган шундай намозхонлардан бири¸ муборак Рамазон кунларида Ас-Сарахсий масжидида Таровеҳ намози ва Қуръон тиловатининг микрофон воситасида ўқилаëтгани Қорасув туман ҳокимига ëқмагани ва шу боис ҳоким масжид ва унинг имомига маъмурий босим ўтказаëтганини билдирди:

- Мен шу масжидга қатнайдиган намозхонлардан бириман. Маҳалладошлар ҳокимга тескари гапни айтишаяпти. Улар агар масжиднинг пули етмаса¸ ўзимиз пул тўплаб¸ колонкаларни кучайтирайлик¸ бизнинг аëллар хатми Қуръонни эшитиб маза қилаяпти. Айрим ҳовлиларга микрофоннинг товуши эшитилмаяпти¸ шунга микрофонни кучайтирайлик¸ дейишаяпти. Рамазоннинг қолган 15 кунида ҳамма маза қилиб Қуръон хатмлари¸ Таровеҳларни эшитсин¸ дейишаяпти¸ деди Озодликка ўз исми очиқланишини истамаган қорасувлик намозхон.

Озодлик бу хабар ортидан Қорасув туман ҳокими Тилик билан боғланиб¸ Рашод қори Камолов муридлари хавотир ва эътирозига изоҳ беришни сўради.

Суҳбат давомида ўзининг ҳам рўзадор намозхонлардан эканини таъкидлаган Қорасув ҳокими¸ Ас-Сарахсий масжидига ҳеч қандай босим бўлмаëтгани¸ масжид имомидан фақат овоз кучайтиргичларни кечқурун ўчириб қўйиш сўралаëтганини айтди:

- Ҳеч қандай босим бўлгани йўқ. Фақат масжид яқинида яшовчи аҳолидан шикоят тушган¸ овоз кучайтиргичларни ўчирсин¸ биз нафл намозини ўқиëтганда адашиб кетаяпмиз¸ деган мазмунда. Шу шикоят Рашод қорига еткизилди¸ холос¸ деди Қорасув туман ҳокими Озодлик билан суҳбатда.

Лекин қорасувлик намозхонлар вакили¸ Ас-Сарахсий масжиди ва унинг таниқли имоми Рашод қори Камоловга маҳаллий ҳокимият тизимларидан бўлаëтган бундай талаб-эътирозларни мусулмонларга муборак Рамазон кунлари бўлаëтган босим деб талқин этиб¸ жамоа бундан норозилигини Қирғизистон олий ҳокимиятига билдириш режасида эканини таъкидлади:

- Қорасув аҳли Рашод қорининг МХХга олиб кетилишидан хавотирда. Бу нарса муборак Рамазонда масжидга келувчиларни камайтириш мақсадида қилинмоқда. Бу эса мусулмонлар ҳуқуқининг камситилиши. Биз бундан шикоят қилиб¸ Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевга мурожаат ҳозирлаяпмиз. Шунга қўл қўйиш кетаяпти ҳозир¸ деди Ас-Сарахсий масжиди намозхонларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда Қорасув туман ҳокими Озодлик мухбири билан суҳбатда¸ кичик бир муаммонинг катталашиб кетиши олдини олиш ва орадаги англашилмовчиликка барҳам бериш мақсадида ўзининг тезликда Рашод қори Камолов билан бевосита учрашиб¸ масалани ҳал қилажагини ваъда қилди.

XS
SM
MD
LG