Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:58

Киев айирмачиларни “Россия ёрдами”да далилларни йўқ қилаётганликда айблади


Донецк яқинидаги россияпараст айирмачилар самолёт бўлаклари олдидан ўтиб кетмоқда.
Донецк яқинидаги россияпараст айирмачилар самолёт бўлаклари олдидан ўтиб кетмоқда.

Украина ҳукумати Россия тарафдори бўлган айирмачилар 17 июль куни уриб туширилган Малайзияга тегишли йўловчи самолёт ерга қулаган жойдаги далилларни “Россия ёрдамида” йўқ қилишга уринаётганини билдирди. Украина шарқидаги айирмачилар назорат қилаётган ҳудудда уриб туширилган самолёт бортидаги 298 кишининг ҳаммаси нобуд бўлган.

Украина ҳукумати 19 июль куни эълон қилган баёнотда расман террорчилар деб аталаётганлар Россия кўмагида халқаро миқёсдаги жиноят изларини йўқ қилишга ҳаракат қилаётгани билдирилган.

Баёнотда айирмачилар 38 та жасадни Донецкдаги моргга олиб бориб қўйгани ва у ердаги “Россия шевасида сўзлайдиган” мутахассислар ўзлари суд-тиббий текшируви ўтказишга тахдид қилгани билдирилган.

18 июль куни айирмачилар самолёт ҳалокатга учрагани сабабини аниқлашда ёрдам берадиган маълумотлар ёзилган “қора қутилар” топилганини эълон қилган эди.

Кейинроқ Донецкдаги айирмачилар лидери ўз иддаосидан тониб, ҳеч қандай “қора қути” топилмаганини айтди ва халқаро кузатувчилар муҳим далилларни излаб топишига умид билдирди.

Россияпараст айирмачилар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) инспекторларининг ҳалокат рўй берган ҳудудга киритилишини ваъда қилди.

Бироқ 18 июль куни айирмачилар ЕХҲТнинг 30 вакилидан иборат кузарувчилар гуруҳига ҳалокат рўй берган ҳудуднинг баъзи жойларига боришига рухсат бермади.

19 июль куни ЕХҲТ гуруҳига Малайзия самолёти қулаган ҳудудни кўришга рухсат берилгани хабар қилинди.

Айни пайтда Украина Хавфсизлик кенгаши, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари самолёт парчалари сочилиб кетган 25 квадрат километр ҳудуднинг 75 фоизини ўрганиб чиқишга муваффақ бўлгани ва 186 йўловчининг жасадлари аниқланганини билдирди.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг матбуот котиби Андрей Лисенко 19 июл куни ўтказилган матбуот конференциясида Киев расмийлари самолётнинг “қора қути”лари қаердалиги тўғрисида маълумотга эга эмаслигини таъкидлади.

- Украина расмийлари “қора қути”ларни қўлга киритмаган. Мен буни расман тасдиқлайман. Бизда “қора қути”лар йўқ. Чунки айирмачилар Украина расмийларига ҳеч нарса берилмаслиги кераклигини айтган. Улар ҳамма нарсани ўзлари йиғиб олиб, сақлашмоқда, деди Лисенко.

18 июль куни БМТ Хавфсизлик кенгаши бир овоздан бортида 298 киши бўлган самолёт уриб туширилгани воқеаси бўйича “тўлиқ, пухта ва мустақил халқаро текширув ўтказиш” таклифини ёқлаб овоз берди.

Кенгаш Украина ҳукумати ва айирмачиларни воқеа рўй берган ҳудудда халқаро кузатувчилар текширув ўтказишига рухсат беришга чақирди.

19 июль куни малайзиялик мутахассислар гуруҳ пойтахт Киевга етиб келди. Аммо россияпараст айирмачилар уларни ҳалокат рўй берган ҳудудга киритмади.

Бир кун олдин АҚШ Президенти Барак Обама далиллар Малайзияга қарашли йўловчи самолёт россияпараст айирмачилар назорат қилаётган ҳудуддан учирилган “Ер-Ҳаво” русумидаги ракета билан уриб туширилганига ишора қилганини билдирди.

Дастлаб, россияпараст айирмачилар телефон орқали сўзлашувлар ва Интернет сайтларида 17 июлда самолёт уриб туширилгани ҳақида мақтанган.

Амстердам шаҳридан Куала-Лумпур томон парвоз қилаётган Malaysia Arilines ширкатига тегишли Boeing 777 йўловчи самолёти уриб туширилгани маълум бўлганидан кейин ўзини Донецк Халқ Республикаси, деб эълон қилган Республика раҳбарлари ўзларининг бу воқеага алоқаси йўқлигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG