Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:32

Ота иддаоси: Тўлғоқдаги аёлимни кеч қабул қилишгани боис, гўдагим нобуд бўлди!


Тошкентлик ота тўлғоқ тутган аёлини вақтида қабул қилишмагани боис вақтидан ўтиб туғилган гўдаги 3 кундан сўнг нобуд бўлганини даъво қилиб, Озодликка боғланди. Аламзада ота иддаосича, ҳодиса 30 июндан 1 июльга ўтар кечаси Тошкентдаги туғруқхоналардан бирида содир бўлган.

20 июль куни OzodMikrofon эшиттиришга боғланган ва исми-фамилиясини ошкор этмаслигимизни сўраган тошкентлик тингловчи шифокорларнинг масъулиятсизлиги боис оиласида содир бўлган фожеани сўзлаб берди.

Тингловчи иддаосича, 20 кунча муқаддам тунги соат 1 яримлар атрофида тўлғоқ тута бошлаган аёлини шошилинч равишда Тошкент шаҳридаги туғруқхоналардан бирига олиб борган.

- Ўзимиз яшайдиган райондаги туғруқхонада мойка (Тозалаш ишлари - Таҳр.) бўлаётган экан, қайтаришди. Шунинг учун уйимизга энг яқин роддомга олиб борсам: "Бизда катта операция бўлаяпти", деб қабул қилмади. "Шундоқ катта 6 қаватли шифохонада битта операция хонаси борми, врач биттами?" дедим. Охири рози қиламан, деб айтганимдан кейин, қабул қилишди. Кечаси соат 2 яримларда олган бўлса, эрталаб 6 яримда операция қилишибди. Оқибатда, бола вақтида туғилмагани учун носоғлом туғилди. 3 кундан кейин реанимацияда вафот этди, - дея даъво қилди тошкентлик тингловчи.

У Озодликка ҳомиладор аёлини қабул қилиб олган шифохона ва шифокорларнинг номини ҳам тақдим қилди. Аммо, тингловчи даъвоси бошқа бирор манбадан тасдиқланмагани боис, ҳозирча бу маълумотлар сир сақланмоқда.

- Дўхтирлар тан олишмади. "Болангизнинг юраги касал бўлган, авлодда бўлган бўлса керак", деб тан олишмади. Майли энди, болам кетди. Лекин, улар нега тўлғоқ тутиб, азобда турган аёлни бунчалик кеч қабул қилишди?! Бошқа шифохонага олиб борсам, йўлда бир нарса бўлиб қоладими деган эдим, бечора хотиним барбир қийналгани алам қилаяпти, - дейди 3 кунлик гўдагидан айрилган ота.

Озодликка республикадаги туғруқхоналарда содир бўлаётган бу каби фожеалар ҳақидаги шикоятлар бот-бот келиб туради.

Аксар ҳолларда шифохоналарда жой йўқлиги ёҳуд шифохона ходимларнинг таъмагирлиги боис, ҳомиладор аёллар тўлғоқ азоби устига яна азоб чекишга, туғилажак болалар соғлигига жиддий зиён етганидан арз қилишади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:07 0:00
Бевосита линк

******************************************************************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ҳам ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG