Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:53

Алишер Усмонов Путинга қарши санкциялар нишонига айланиши мумкин


Алишер Усмонов Путин режими мурватлардан бири сифатида жазоланиши мумкин, демоқда таҳлилчилар.
Алишер Усмонов Путин режими мурватлардан бири сифатида жазоланиши мумкин, демоқда таҳлилчилар.

Украина бўҳрони муносабати билан Россияга жорий қилинаётган санкциялар рус олигархлари, хусусан асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг манфаатларига жиддий зарба бериши мумкин. Европа Иттифоқи эълон қилиши кутилаётган навбатдаги санкциялар президент Владимир Путинга яқин шахсларни нишонга олиши мумкинлиги тўғрисидаги хабарлар ортидан Усмонов Британиядаги активларини олиб чиқа бошлагани айтилмоқда. Ғарбнинг Москвага нисбатан босими бошланганидан бери ўзбек миллиардери аллақачон АҚШдаги иқтисодий манфаатларидан воз кечишга мажбур бўлган эди. Айни пайтда Усмоновнинг Москвадаги Внуково аэропорти улушларини сотиб олишга ҳаракат қилаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Украина шарқида ҳукумат қўшинлари билан россияпараст айирмачилар ўртасида қуролли қарама-қаршилик давом этган сари, Ғарбнинг бўҳрон авж олишига ҳисса қўшаётган президент Владимир Путин режимига нисбатан босими ҳам кучайишда давом этмоқда.

Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар яқин кунлар ичида жорий қилиши кутилаётган навбатдаги санкциялар Россия иқтисодининг асосий секторларини нишонга олишдан ташқари, Путинга яқин шахсларни ҳам жазога тортиши мумкинлиги айтилмоқда.

Баъзи хабарларга кўра, бу шахслар орасида Россия ва Буюк Британиянинг энг бадавлат кишиси, асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ҳам бор. Миллати ўзбек, лекин кўп йиллардан бери Россияда истиқомат қиладиган миллиардер, Путин ҳокимияти даврида бойиб кетган бошқа олигархлар сингари ўз пулларини, асосан, Ғарбда сақлайди. Сўнгги пайтларгача у АҚШдаги йирик ширкатлар, хусусан Facebook ва Apple улушларига ҳам сармоя қилиб келган.

Лекин Украинада бўҳрон бошланиб, АҚШ ва Европа Путин режимига нисбатан санкцяиларни қўллай бошлаганидан бери АҚШдаги иқтисодий манфаатларидан воз кечганига қарамай, Алишер Усмоновнинг исми Ғарб қора рўйхатига тушмаётган эди. Чунки санкциялар, асосан Қрим аннексияси ва Украина суверенитетига бевосита таҳдид солаётган Путин атрофидаги шахсларга тааллуқли бўлиб келди.

Россиялик таниқли сиёсатшунос Станислав Белковский шу пайтгача кузатилган воқеалар ривожидан келиб чиқиб, бу сафарги санкциялар Усмоновни ҳам четлаб ўтмаслиги эҳтимоли жуда юқори, дейди.

Сиёсатшунос Станислав Белковский.
Сиёсатшунос Станислав Белковский.

- Менимча, санкциялар Алишер Усмонов ҳамда Буюк Британиянинг яна бир кунда-шундаси Роман Абрамовични, уларнинг Қрим аннексияси ёки Украина бўҳронига бевосита алоқаси бўлмаслигидан қатъий назар, тегиб ўтиши эҳтимолга яқин. Шу пайтгача жазога тортилган ака-ука Роттенберглар, Геннадий Тимченко ва Юрий Ковальчукларнинг ҳам бу масалаларга расман алоқаси бўлмаган. Чунки барча сиёсий қарорларни шахсан Путиннинг ўзи, тор доирадаги маслаҳатчилари билан бирга қабул қилган. Гап бу шахсларнинг Путин билан яқин алоқада эканида. Улар Россияда нафақат иқтисодий, сиёсий нуфузга ҳам эга шахслардир. Шу сабабдан Британияда Путинни жазолаш учун бу шахсларнинг ҳам танобини тортиб қўйиш фурсати келди, дейишаётган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунинг учун Алишер Усмонов нишон остида, деб айтган бўлардим,- дейди сиёсатшунос.

Британияда чиқадиган Economist журналининг тадқиқотчиси Алекс Найс ҳам Европа Иттифоқида Украина шарқидаги бўҳронни бартараф қилиш учун Путинга босим ўтказиш воситаси сифатида, Алишер Усмоновдек нуфузли шахсларни жазога тортиш самара бериши мумкин, деган фикр борлигини айтади. Усмонов шу йил бошроида АҚШдаги иқтисодий манфаатларидан воз кечгани ҳам, унинг Ғарб санкцияларидан хавотирлана бошлагани белгиси эди, дейди иқтисодчи.

- Санкциялар режми моҳиятида Путин ички доирасига кирувчи бадавлат тадбиркорлар манфаатларига путур етказилса, улар Кремльнинг Украина борасидаги қадамларига таъсир ўтказа бошлайди, деган мақсад бор. Жаноб Усмонов Американинг Селикон водийси, яъни Facebook каби ширкатларда йирик улушлари бор эди, лекин бир неча ой аввал уларни сотиб, бу бозорни тарк этиб, Хитойдаги Интернет ширкатларига сармоя қила бошлади. Менимча, бу Усмонов каби йирик тадбиркорлар орасида эҳтимолий санкциялардан ташвиш пайдо бўлгани белгисидир,- дейди Economist журнали шарҳловчиси.

Алишер Усмонов Facebook ва Apple ширкатларидаги ҳиссаларини сотиши март ойига, яъни Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилган пайтга тўғри келди. АҚШнинг энг истиқболли ва ҳиссадорларига миллионлаб дивиденд келтирадиган бозоридан чиқарилган активларини миллиардер Усмонов Хитойнинг Alibaba ва JD.com Интернет ширкатларига ётқизди.

Ҳозирда Алишер Усмоновнинг хорижий Интернет ширкатларидаги сармояларининг 80 фоизигача миқдори Хитой ҳиссасига тўғри келиши айтилади.

Бойлиги 20 миллиард АҚШ долларига баҳоланган Усмонов бизнес империясининг асосий қисми Россиядаги энг йирик тоғ-металлургия ширкати Металлоинвестга тўғри келади. 50 фоизи Усмоновга қарашли бўлган Металлоинвест маҳсулотининг асосий бозори Европадир.

Март ойида Усмонов вакиллари Россияга нисбатан эҳтимолий санкциялар ўзбек миллиардерини ташвишлантираётганини тан олган, лекин “бунинг бизнесимизга оқибатлари бўлишини кутмаяпмиз. Хитой ҳеч қандай санкцияларни жорий қилиш ниятида эмас. Шунинг учун рубль, юань ёки Ҳонг Конг ва Сингапур долларида савдо қилишимиз мумкин”, дея билдирган эди.

Айни пайтда, Алишер Усмонов Москванинг учинчи йирик аэропорти улушларини сотиб олиш ниятида экани айтилмоқда. Усмонов Внуково аэропорти хўжайинларидан бирига айланиши мумкинлигига доир хабарлар Европа Иттифоқининг навбатдаги санкциялари россиялик олигархлар Алишер Усмонов, Роман Абрамович ва Михаил Фридманни нишонга олиши ҳақидаги хабарлар билан бир пайтда пайдо бўлди. Айтилишича, рус олигархлари икки ҳафта ичида Европадан ўз капиталини олиб чиқиб кетмаса, катта йўқотишлар таҳликаси пайдо бўлгани сабабидан улар шошилинч тарзда активларини Россия ва Осиё бозорларига ўтказа бошлаган.

Россиялик сиёсатшунос Станислав Белковский рус олигархлари Ғарбдан қувилиб, ҳеч бир йўқотишсиз ўз бизнес империяларини Шарққа кўчира олишига доир гап-сўзлар муғомбирликдан бошқа нарса эмас, дейди.

- Россия олигархлари дунёнинг бошқа минтақаларидан янги инвестицион имкониятларни топиши ҳақидаги гап-сўзлар муғомбирликдир ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, камбағаллар учун. Чунки Алишер Усмонов Лондонда яшайди, унинг Тошкент ёки Ҳонг Конгга кўчиб кетиш нияти борлиги ҳақида эшитганимиз йўқ. Унинг Лондонда яшаши сабабларидан фақатгина Буюк Британия у истаган тиббий хизмат ва бошқа қулайликларни тақдим қила олади. Унинг соғлиғи қандай аҳволда эканини инобатга олсак, бу жуда муҳимдир. Шунинг учун Внуковога сармоя қилаётгани унинг учун вазиятдан чиқиш бўлмайди. Умуман олигархлар учун ўз даромадларини легаллаштириш нуқтаси шарқ эмас, ғарб бўлиб келган ва улар иссиқ жойини совувтишни истамайди. Уларнинг ҳаёт стратегияси ғарб билан боғлиқ. Алишер Усмонов бўлсин, бошқа олигарх бўлсин улар орасида шарқ мамлакатларида доимий яшаш жойига эга бўлганларни билсизми? Ҳаммаси негадир ғарбда яшашни истайди,- дейди сиёсатшунос Белковский.

Шу сабабдан, дейди Озодликка гапирган таҳлилчилар, Путин режими Украинадаги ҳаракатлари билан ўзини боши берк кўчага киритиб қўйди. Бир томондан Украинадаги россияпараст айирмачиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатса, Путин учун бу катта шармандалик бўлади ва рейтинги тушиб кетишига олиб келади. Иккинчи томондан, Украина шарқидаги бўҳронни бартараф қилмаса, режимнинг асосий устуни бўлган олигархлар таҳлика остида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG