Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:22

АҚШ Конгрессида иккала партия вакиллари Украинага жанговар қуроллар юборишга чақирмоқда


АҚШ президенти Украинага жанговар қуролларни юборишдан тийлиб келмоқда.
АҚШ президенти Украинага жанговар қуролларни юборишдан тийлиб келмоқда.

АҚШ Сенатидаги демократларнинг нуфузли вакилларидан бири Украинага “мудофаа мақсадларида” ишлатиладиган жанговар қуролларни юборишга чақирмоқда. АҚШ Презденти Барак Обама шу пайтгача бундай қадамдан тийилиб келмоқда. Шу пайтгача республикачилар тарафидан билдириб келинган бундай чақирувларга президент Обама дохил демократларнинг нуфузли вакиллари ҳам қўшилди.

Сенатнинг Қуролли кучлар қўмитаси раиси демократ Карл Левин 30 июль куни ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган эшитувлардан кейин қилган чиқишида, тақдим этиладиган ёрдам “провокацион” бўлмаслиги лозим, лекин зирҳли машиналарга қарши ишлатиладиган қуроллар, аммуниция ва ер-ҳаво русумидаги ракеталардан иборат бўлиши мумкин, дея билдирди.

- Менимча, биз муайан турдаги жанговар қуролларни тақдим қилишимиз лозим. Уларга, яъни украиналикларга, жуда провокацион бўлмган, лекин мудофаа мақсадларига лозим бўлган жанговар аслаҳаларни ишлатиш имконини беришимиз керак. Бу аслаҳаларга аммуниция ва ер-ҳаво русумидаги ракеталар кириши мумкин,- дея таъкидлади сенатор Левин.

Обама 29 июль куни қилган чиқишида, “айни дамда асосий масала Украина ҳукуматининг айирмачиларни мағлуб қилиш салоҳиятини ошириш эмас”, дея ҳарбий ёрдам кўрсатиш чақириқларини рад этди.

“Украиналиклар айирмачилардан кўра, яхшироқ қуролланган. Асосий масала шарқий Украинада қандай қилиб хунрезликнинг олдини олишдир. Биз қон тўкилишини истамаймиз”, деди Обама.

Сенатор Левин Оқ Уй маъмуриятининг бу изоҳини рад этиб, Россия қўшинлари айирмачиларни қўллаб-қувватлаётган бир пайтда, четда қараб туриш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлади.

- Президент Барак Обаманинг “ҳаммаси тинчлик билан якун топишига умид қиляпмиз”, деган кечаги гапларидан мен қониқмадим. Албатта тинчлик ўрнатилиши тарафдоримиз. Лекин Украина чегарасида Россия қўшинлари турибди,- деди АҚШ сенатори.

АҚШ Конгрессининг Жон МакКейн, Линдси Грэҳам ва Келли Айотт каби нуфузли республикачи аъзолари Украинага жанговар қуроллар билан ёрдам кўрсатишга чақириб келади. Лекин демократ сиёсатчилардан бундай чақирувлар бўлганича йўқ.

Сенатор Грэҳам демократ ҳамкасби Левиннинг чақирувини қўллаб-қувватлаб, “шу пайтгача Украинага ёндашувимиз борасида, бугун кўриб турганим каби, иккала партия тарафидан бунчалик ташвиш билдирилганини кўрганим йўқ”, дея таъкидлади.

Унинг айтишича, Украина ҳукумати F-16 русумидаги жанговар учқичлардан тортиб, Ҳамви зирҳли машиналари билан ёрдам кўрсатишни сўрамоқда. Албатта, дея тан олди Грэҳам, F-16 учқичларини яқин орада Украинага етказишнинг имкони йўқ.

Сенатор МакКейннинг айтишича, Украина енгил қуроллар билан зирҳли машиналарга қарши ишлатиладиган аслаҳаларни сўрамоқда.

Қўшма Штатлар шу пайтгча Украинага жанговар мақсадларда ишлатилмайдиган 33 миллион долларлик ёрдам кўрсатган. Баъзи хабарларга кўра Украина ҳукумати март ойидан бери жанговар қуроллар билан ёрдам қилишни сўраб келмоқда.

АҚШ Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Украина Мудофаа вазири Валерий Ҳелетей 28 июль куни Пентагон раҳбари Чак Ҳейгл билан телефон суҳбатида “хавфсизликка доир қўшимча ёрдам” кўрсатилишини илтимос қилган.

Айни пайтда, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти мутахассислари Ҳоландия ва Австралия терговчилари гуруҳи билан бирга Украина шарқида Малайзия йўловчи самолёти қулаган жойга етиб борди.

Терговчилар гуруҳи ҳодиса жойига бир неча кундан бери давом этаётган тиғиз жанглар боис бора олмаётган эди.

Украина ҳукмати 31 июль куни мамлакат шақидаги россияпараст айирмачиларга қарши операцияда бир кунлик танаффус эълон қилди.

Украина Мудофаа вазирлигининг билдиришича, бу қарор БМТ Бош котиби Бан Ки Мун сўровига жавобан қабул қилинган.

17 июль куни Малайзия ҳаво йўлларининг МН17 рейси россияпарат айирмачилар назоратидаги ҳудудда уриб туширилиши оқибатида 298 одам ҳалок бўлди.

Австралия Ташқи ишлар вазири Жулия Бишоп пайшанба куни АВС телеканалига берган суҳбатида Украина шарқида Малайзия йўловчи самолёти уриб туширилган ҳудудда қурбонларнинг 80га яқин жасади қолаётган бўлиши мумкин, дея билдирди.

Бишоп “Россия фаол тарзда жараёнга халақит бераётганидан” ташвиш билдирди. Халқаро терговчилар гуруҳи тўрт кундан бери Донецк шаҳридан фожиа жойига етиб боришга уринмоқда, лекин Украина ҳукумат кучлари билан россияпараст айирмачилар ўртасида қаттиқ жанглар давом этаётгани боис, ортга қайтишга мажбур бўлаётган эди.

Айирмачилар уриб туширгани гумон қилинаётган самолёт қолдиқлари ўнлаб километрга сочилиб кетган. Донецк ва Луганск вилоятларини ўз ичига олувчи бу ҳудуднинг бир қисми ҳукумат кучлари назоратига ўтган.

Россия айирмачиларни қўллаб-қувватлаётганликда айбланмоқда. Москва бу айбловларни рад қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG