Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:03

Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқишни бошлади


Исроил пиёда қўшинларини Ғазо минтақасидан олиб чиқишни бошлаганига қарамай, Ғазога ҳаво ҳужумларини давом эттирмоқда. Фаластин томони 3 август куни эрталаб фаластинлик қочқинлар лагеридаги БМТ мактабига Исроил уюштирган ҳужумда камида 10 киши ўлгани, 35 нафари жароҳат олганини билдирди.

БМТ расмийси Ғазо минтақаси жанубида жойлашган Рафаҳ шаҳридаги мактабда уруш ҳаракатлари боис ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлган уч минг фаластинлик бошпана топганини билдирди.

Ғазодаги шифокорларга кўра, Исроил томонидан 3 август куни уюштирилган ҳужумларда камида 30 фаластинлик ўлган. Уларнинг камида 10 нафари Рафаҳдаги қочқинлар лагеридан бошпана топган одамлардир.

Айни пайтда ҲАМАС жангчилари Исроил ҳудудига қарата ракеталар отишни давом эттирмоқда. Тўқнашувларга қарамай, Исроил танклари ва бошқа ҳарбий машиналари Ғазони тарк этмоқда.

Исроил армияси матбуот котиби жанговор қўшинларнинг аксар қисми тонгга қадар Исроил ҳудудига қайтганини айтди. Исроил армияси 8 июль куни Ғазога бостириб кирганидан бери бу яҳудий армияси қисмларининг илк бор Ғазодан олиб чиқилишидир.

2 август куни Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу чегара остидан ўтган ҲАМАСнинг тунеллари йўқ қилинганидан сўнг армия ўз амалиётлари натижасини баҳолашини айтган.

- Тунелларга қарши амалиётларимиз тугаганидан сўнг, Исроил фуқароларига хавфсизликни қайтариш мақсадига эришганимиздан кейингина армия хавфсизлигимиз эҳтиёжидан келиб чиқиб ўз фаолиятини давом эттиришга тайёргарлик кўради, дея баён қилди Бенямин Нетаняҳу.

Айни пайтда ҲАМАС ҳаракати делегацияси Миср ва АҚШ воситачилигида Исроил билан ўт очишни тўхтатиш борасида музокара олиб бориш учун 3 август куни Қоҳирага борди.

2 август куни Исроил ҲАМАСни халқаро ҳамжамиятни чалғитаётганликда айблаб, Қоҳирага вакилларини жўнатиш режаланмаганини билдирган эди.

АҚШ ва БМТ воситачилигида аввал эришилган оташкесим 1 август куни кучга кирганидан бир неча соат ўтиб бузилган. Бунда томонлар бир бирини айблаган.

Можарога ечим топишда томонлар қарашлари бир-биридан кескин фарқли бўлиб қолмоқда. Исроил ҳар қандай узоқ муддатли келишувда Ғазо сектори ҳарбийлардан ҳоли бўлишини хоҳлайди. ҲАМАС эса Исроил ўз қўшинларини олиб чиқишини, шунингдек, Исроил ва Миср Ғазо секторига жорий қилган қамал бекор қилинишини истайди.

Исроил армияси 8 июль куни Ғазо минтақасида кенг кўламли амалиётлар бошланганидан бери 1700 дан ортиқ фаластинлик нобуд бўлди. Уларнинг деярли барчаси тинч аҳоли вакилларидир.

Қарама-қаршилик пайтида 67 исроиллик, асосан ҳарбийлар ўлди.

Фаластин инсон ҳуқуқлари маркази маълумотига кўра, уруш ҳаракатлари оқибатида 520 минг фаластинлик ўз уйларини ташлаб, хавфсиз жойларга қочишга мажбур бўлган. Бу Ғазо секторида яшайдиган аҳолининг чорак қисмидан кўпроқни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG