Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:12

Украинада мустақиллик байрами муносабати билан парад уюштирилди


Ukraine -- Ukraine POWS paraded by separatists on Independence Day in Donetsk (August 24, 2014) REUTERS
Ukraine -- Ukraine POWS paraded by separatists on Independence Day in Donetsk (August 24, 2014) REUTERS

Украина шарқида айирмачилар 100га яқин украин ҳарбийсини Донецкнинг марказий кўчалари бўйлаб сазойи қилди. Мамлакат мустақиллиги кунига махсус уюштирилган сазойида асирларга тош, тухум ва помидор отишди. Пойтахт Киевда эса мустақилликнинг 23 йиллигига бағишланган ҳарбий парад бўлди. Парадни кузатган Украина Президенти Петро Порошенко ҳарбийларни олқишлади.

24 август куни Киев марказидаги “Мустақиллик майдони”да мовий ва сариқ рангли Украина давлат байроғи кўтарилган пайтда украиналиклар давлат мадҳиясини куйладилар.

Мустақиллик куни муносабати билан “Майдон”га йиғилган минглаб фуқаро олдида чиқиш қилган Украина президенти Петро Порошенко ҳукумат 2015-2017 йилларда мамлакат армиясини қайта қуроллантириш учун уч миллиард АҚШ доллари сарфлашини эълон қилди.

Украина Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда Украина армиясининг бир йиллик бюджети 1,5 миллиард долларни ташкил этади.

Президент Порошенко ўз чиқишида Украина яқин келажакда мунтазам ҳарбий таҳдид остида бўлишини қўшимча қилди.

24 август куни Одесса портида Украина Флоти кучлари парад ўтказиши олдидан сўзлаган Порошенко бундай деди.

- Донбасдаги воқеалар тинчликни урушдан жуда нозик чизиқ ажратиб туриши ва тинчликни қайта қарор топтириш нақадар қийин эканини кўрсатди. Бу ердаги тантанада қатнашаётган одамларга кеча Украина миллий байроғи кўтарилаётган пайтда айтган гапларимни қайтармоқчиман: “Бу ерда рус тилида сўзлашувчилар жуда кўп аммо улар Россиядагилардан бошқача фикрлайди”, деди президент Порошенко.

Украиналиклар мустақиллик байрамини Донецк ва Луганск шаҳарлари россияпараст айирмачилар назоратида қолаётган пайтда нишонламоқда.

Хабарларга кўра, Украина армияси қисмлари иккала шаҳардаги айирмачиларни қуршовга олган.

24 август куни эрталаб Донецкдаги касалхонага снаряд тушиб портлагани оқибатида морг ва касалхонанинг иккита биносига шикаст етган. Портлаш натижасида ҳеч кимга зиён етмаган.

Шифокорларга кўра, воқеадан сўнг тиббиёт ходимлари ва беморлар ертўлага кўчирилган.

Шанба куни Донецк шаҳрига уюштирилган ҳужумда тинч аҳолидан олти киши, жумладан, бир бола нобуд бўлгани хабар қилинди.

Киев расмийлари Россияни айирмачилар назорат қилаётган чегара постлари орқали уларга қуроллар етказиб бераётганликда айблаган. Москва бу айбловларни инкор қилган.

22 август куни Москва расмийлари кутишдан тоқати тоқ бўлганини айтиб, юзлаб юк машинасига ортилган гуманитар ёрдамни рухсатсиз Украина ҳудудига жўнатганди.

Украина расмийлари Россияни ушбу хатти-ҳаракатини босқинчилик, деб атади.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Донецк шаҳридаги вакили Пол Пикард журналистларга 23 август куни тушда ҳамма юк машинаси Россияга қайтганини айтди.

Россия расмийлари гуманитар ёрдам озиқ-овқат, ичимлик суви, электр ишлаб чиқарадиган генераторлар ва кўрпа-тўшакдан иборат бўлганини маълум қилган.

Россия тарафдори бўлган айирмачилар асир олинган юзга яқин украин ҳарбийсини Донецк шаҳрининг марказий кўчаларидан олиб ўтди.

Маҳаллий агентликлар хабарига кўра, одамлар сазойи қилинган асирларга тош, тухум ва помидорлар отишган.

Шаҳарлик аҳолисига кўра, юришда бир неча юз одам иштирок этган.

Кейинроқ украин асирлари автобусларга солиб номаълум томонга олиб кетилган.

Ундан олдин айирмачилар Донецк шаҳридаги Ленин майдонига бир нечта шикастланган танк, бронетранспортёр, замбараклар ва учқичларга қарши ишлатиладиган “Град” тизимини олиб келишган ва бу техника Украина ҳарбийларига тегишли эканини таъкидлаган.

Украина шарқидаги қуролли тўқнашувлар Россия Қрим ярим оролини аннексия қилганидан кейин жорий йил апрелида бошланган эди.

БМТ маълумотига кўра, Украина шарқида ҳукумат кучлари билан Россия тарафдори бўлган айирмачилар ўртасида давом этаётган жангларда шу кунгача 2000 дан ортиқ одам нобуд бўлган, 340 минг аҳоли уйларини ташлаб, бошқа жойларга қочишга мажбур бўлган.

XS
SM
MD
LG