Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:37

35 ёшгача бўлган аёллар чиқиш визаси учун ИИВда сўроқ қилинмоқда


Тошкентлик 28 яшар Мадина чиқиш визасини олиш учун ўзи истиқомат қиладиган туман ИИБда сўроқ қилингани ва ундан хорижда "турли гуруҳларга қўшилмаслик" талаб қилинганини айтмоқда. Ўзбекистон ИИВнинг Хорижга чиқиш-кириш ва фуқаролик ишлари бўлими ходимлари ўзбекистонлик ёш аёлларни одам савдосидан сақлаш учун шундай талаб қўйилганини айтмоқда.

"Чет элда диндор ва шпионларга қўшилмаслик талаб қилинди"

Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган 28 яшар Мадина (аёлнинг асл исм-фамилияси сир сақланмоқда - таҳр.) чиқиш визасини олиш учун Хорижга чиқиш-кириш ва фуқаролик ишлари бўлимига борганида ундан туман ИИБда суҳбатдан ўтиш талаб қилинганини айтди.

"35 ёшгача бўлган аёллардан туман ИИБдан суҳбатдан ўтиб келасиз, деб талаб қилишаётган экан. Мен бордим, мени ИИБда битта начальникнинг хонасига олиб киришди. Мени почти ярим соат допрос қилди. "Четга нимага кетаяпсиз, у ерда нима иш қиласиз, қаердан пул топасиз, кимлар билан танишсиз, қачон орқага қайтасиз?" деб кўп саволларни сўрашди. Худди прокурор сўроқ қилаётгандай бўлди мени, шокка тушиб қолдим", деди Мадина Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

35 ёшгача бўлган аёллар чиқиш визаси учун ИИВда сўроқ қилинмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:08 0:00
Бевосита линк

Худди шундай суҳбатдан ўтказилган яна бир 24 яшар тошкентлик - Ситоранинг (қизнинг асл исм-фамилияси сир сақланмоқда - таҳр.) айтишича, ундан "турли диний, шпион гуруҳларига" қўшилмаслик сўралган.

"Менга: "Ҳозир замонни кўриб турибсиз, яна чет элда ҳар хил религиозный группаларга қўшилиб кетманг, яна шпион бўлиб қайтиб келманг", деб айтишди. Жуда қўпол гаплашишди. Студентлигимни айтсам ҳам ИИБга кирганимдан чиққунимча, ҳамма менга худди аҳлоқи бузуқ аёлга қарагандай ёмон қарашди. Ўзимни ҳақоратлангандай ҳис қилдим", деди Ситора.

"Аёлларни одам савдосидан қўриқлаяпмиз!"

Тошкентлик ёш аёллардан олинган маълумотларни тўлиқ тасдиқлаган ИИВ расмийлари бу чоралар 35 ёшгача бўлган аёл-қизларни одам савдоси қурбони бўлишдан сақлашга қаратилганини айтмоқда.

"Ҳозир бу практика фақат Ўзбекистондамас, бутун дунёда бор. 35 ёшгача бўлган аёлларни одам савдосидан ҳимоя қилиш учун ҳамма давлат чора кўраяпти. Бизда ҳам ИИБларда махсус группалар тузилган. ИИБ экспертлари бу аёллар билан суҳбатлашаяпти ва шунақа хавфли вазиятга тушиб қолганда, кимдан ёрдам сўраш бўйича консультация бу, холос. Қўрқишмасин!", деди ИИВнинг Хорижга чиқиш-кириш ва фуқаролик ишлари бўлими ходими.

Тошкентлик Мадина ва Ситора берган маълумотлардан келиб чиқиб ИИВ ходимидан ёш аёллар огоҳлантирилган "турли диний, шпион гуруҳлар" ҳақида маълумот сўрадик.

"Чет элларда нималар бўлаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Шунинг учун энди кимгадир нотаниш одамлардан эҳтиёт бўлинг, деб айтишган бўлиши мумкин. Лекин, асосий масала чет элдаги жиноий гуруҳлар. Энди булар террорчи бўлиши мумкин, одам савдоси билан шуғулланадиган жиноий гуруҳлар бўлиши мумкин! Шунинг учун, бу аёлларга маслаҳат берилади - қийин аҳволга тушганда кимга телефон қилиш керак, қаерга телефон қилиш керак -шунақа тавсиялар холос", деди ИИВ Хорижга чиқиш-кириш ва фуқаролик ишлари бўлими ходими.

"Ёш аёллардан маҳалла раиси тавсияси сўралаяпти"

Мадинанинг айтишича, ИИБ туман бўлимида суҳбатдан ўтгани ҳақидаги ҳужжат билан бирга 35 ёшга тўлмаган аёллардан маҳалла раиси номидан тавсиянома ҳам сўралмоқда.

"Аввал маҳалладан шу маҳаллада яшаши ва оила-аъзолари сони, исм-фамилияси, касби ҳақидаги маълумотнома сўралар эди. Мен бу гал ОВИРга борсам, мендан маҳалла раисидан тавсиянома ҳам сўрашди. Маҳалла раиси шунақа бизнинг маҳаллада яшайди, намунали оила, аҳлоқи яхши, шанбаликларда фаол қатнашади, ҳамма ҳурмат қилади, деган мазмунда тавсиянома ёзиб, қўл қўйиб, печать уриб берди", дейди Мадина.

Айтишича, унинг учун маҳалла қўмитаси раисидан бундай ҳужжатни олиш қийин кечмаган.

"Бизни қўшнимиз эди раис. Лекин, кимдир маҳалла раиси билан яхши бўлмаса, балки улар учун муаммо бўлиши мумкин. Масалан, чет элда ўқиб-ишлаб юрганларга раислар тавсиянома беришда қийнаши мумкиндир, мен энди бунақа ҳолатларни билмайман", дейди Мадина.

"Аёллар чиқиш визаси учун топширадиган ҳужжат кўпайди"

Мадинанинг айтишича, чиқиш визасини олиш учун топшириладиган ҳужжатлар рўйхати икки аввалгига нисбатан узайган.

"Бу гал мендан паспорт копияси ва чиқиш визасини олиш учун топшириладиган анкетани тўлдиришни сўрашди. Пул бердим, анкетани ўзлари тўлдириб берди. Кейин шу ҳужжатлар билан маҳалла раисидан характеристика олиб келгин, дейишди. У ерда маҳалла раиси менга характеристика ёзиб, қўл қўйиб, печать уриб берди. Кейин бу ҳужжатларни ҳаммасини битта папкага тикиб, яна ОВИРга кирдим. Яхши, деб папакани қабул қилишдида, кейин мени РОВДга суҳбатга жўнатишди. Ундан ҳам ўтиб, печать урилган ҳужжатни яна ОВИРга обордим ва шундагина, чиқиш виза учун ҳужжатлар тайёр, деб олиб қолишди. 20 кундан кейин чиқиш визаси берилди", дейди Мадина.

Чиқиш визасини олиш тартиби:

Ўзбекистон Вазирлар Махкамасининг 1995 йилнинг 6 январидаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари хорижий давлатлар, шу жумладан Тожикистон ва Туркманистонга бориш чиқиш визасини олиши шарт.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида берилган маълумотга кўра, чет элга бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари белгиланган шаклдаги 2 нусхада тўлдирилган ариза-анкета, паспорт, 35Х45 мм ҳажмдаги 4 дона (Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаролар эса 5 дона) фотосурат, давлат божини тўлагани ҳақида квитанцияни тақдим этган ҳолда доимий рўйхатдан ўтган жойидаги Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат қиладилар.

Хужжатлар 15 иш куни ичида кўриб чиқилиб, фуқаронинг паспортига 2 йил давомида амал қилувчи чиқиш визаси уриб берилади.

XS
SM
MD
LG