Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:29

Туркияда ўзбекистонлик эр-хотин мудҳиш қотилликда айбланмоқда


Туркияда ўзбекистонлик эр-хотин туркиялик таниқли яҳудий тадбиркор Жак Карако ва унинг рафиқаси Жоржия Каракони ўлдирганликда айбланиб, ҳибсга олинди. Озодликнинг аниқлашича, тадбиркор оиласида фаррош бўлиб ишлаган 28 ёшли Фарҳоджон Юсупов ва унинг 26 ёшли турмуш ўртоғи Гулбаҳор Юсуповалар айбини бўйнига олган.

77 ёшли таниқли туркиялик тадбиркор Жак Карако ва унинг 69 ёшли рафиқаси Жоржиянинг пичоқланган жасади ўтган жума куни Истанбулнинг Ўрта кўй мавзеидаги уйидан топилди.

Орадан бир кун ўтиб Истанбулнинг Фотиҳ мавзесидаги квартирани кирага олиб яшаб келган ўзбекистонлик эр-хотин ҳибсга олинди.

Турк матбуотининг ёзишича, бу жуфтлик сўнгги икки ойлик маошини сўраганида, турк тадбиркори унинг уйига етказилган зарарни ундириш мақсадида маошни ушлаб қолишини айтган. Шундан сўнг эр-хотин ошхонадаги гўшт чопадиган пичоқ билан тадбиркор ва унинг хотинини ётоқхонасида чопиб ташлаганликда гумон қилинмоқда.

Туркияда ўзбекистонлик эр-хотин мудҳиш қотилликда айбланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:29 0:00
Бевосита линк

Ҳозир Истанбулнинг Молтепа қамоқхонасида қолаëтган Фарҳод Юсупов ҳамда Гулбаҳор Юсупова тергов пайтида қотилликни бўйнига олгани ҳам турк матуботида эълон қилинди.

Истанбул шаҳар суди расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда буни тасдиқларкан, ҳали тергов давом этаётганини айтди.

- Улар буни эътироф этишди. Уларга расман айблов эълон қилинди. Маошини бермагани учун бу ишга қўл ургани терговдан аён бўлмоқда. Лекин, ҳали кўп нарса мавҳум, тергов давом этмоқда, - деди Истанбул маҳкамаси расмийларидан бири.

Мулозим ўзбекистонлик жуфтлик суд қарори билан тергов охирига қадар ҳибсда сақланишини қўшимча қилди. Шунингдек, терговда қотилликнинг учинчи иштирокчиси ҳам борлиги ва унинг қочиб кетгани ҳақидаги версия ҳам борлиги айтилди.

Бундан ташқари, тадбиркор уйидаги видеокамера ўзбекистонлик эр-хотин тадбиркорнинг уйидан қимматбаҳо нарсалар солинган 7 та сумкани олиб чиқиб кетаётганини ҳам қайд этган.

Аммо айни пайтда турк матбуотида жиноятни Фарҳод Юсуповнинг ўзи содир этгани, унинг ўзи чол ва кампирни ўлдирганини эътироф қилгани ҳақида ёзмоқда.

Бу борадаги даъволарда айтилишича, Фарҳод Юсупов чол-кампирни юқори қаватдаги ëтоқхонага чиқиб ухлашга ëтганида, уларни ëтоғида сўйиб ташлаган.

Кейин пастга тушиб ухлагани ëтган ва эрталаб ошхонада газни ëқиб, уйда портлаш ҳосил қилиб, пичоқни эса денгизга отиб, Қумқопидаги меҳмонхоналардан бирига яширинган.

Ҳозирча бу иддао борасида Истанбул ҳуқуқ-тартибот идоралари ва маҳкамасидан қўшимча маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Чол-кампирнинг ваҳшиёна тарзда ўлдирилганидан эса улардан хабар олгани келган ўғли воқиф бўлган ва полицияни чақирган. Ўзбекистонга қочиш пайида бўлган икки ўзбек ўша куннинг ўзида қамоққа олинган.

Ўзбекистондан бориб, Туркиядаги тадбиркорнинг уйида хизматкорлик қилган Фарҳод Юсупов ва унинг хотини Гулбаҳор Юсуповалар айни пайтда қотиллик, ўғирлик ва талончиликда айбланмоқда.

Марҳум тадбиркор Жак Карако Туркиядаги машҳур Oren Bayan бренди асосчисидир. Бу нафақат Туркия, балки Осиё давлатларида номи чиққан ип-калава ишлаб чиқарувчи йирик ширкатлардан биридир.

XS
SM
MD
LG