Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:30

Ўзбекистонлик она чет эл фуқаролигини олган боласи билан Ватанга қандай бориб-қайтади?


OzodJavobнинг навбатдаги сонида онаси ёки отаси Ўзбекистон фуқароси бўлган ва хорижда туғилган болаларнинг Ўзбекистонга келиб-кетиш тартиби борасида суҳбатлашамиз.

Кейинги пайтда минглаб ўзбекистонликлар хорижлик билан оила қураяпти. Маҳаллий матбуот ўзбек қизларининг Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Туркия, АҚШ каби хориж давлатларига турмушга узатилиш ҳолатлари кўпайгани ҳақида бир неча бор хабар берди.

Айни пайтда ўзбек қизларининг хорижлик билан турмушидан туғилган болаларнинг фуқаролиги ва уларнинг Ўзбекистонга келиб-кетиши билан боғлиқ муаммолар ҳам кўпаяпти.

Озодликка бўлаётган мурожаатларда ота-оналар хорижда туғилган боласининг Ўзбекистонга саёҳат қилиши билан боғлиқ муаммолар қаршидаги мушкулотлар ҳақида айтишади.

Жумладан, америкаликка турмушга чиқиб, икки фарзанд кўрган самарқандлик Сабина болаларининг ҳужжати билан боғлиқ муаммони ҳал қилишга кўмак сўради:

“Икки қизим ҳам Америка фуқароси. Лекин ўзим ўзбекистонлик бўлганим учун улар автоматик тарзда Ўзбекистон фуқаролигини ҳам олишган. Тошкент аэропортидан киришда Ўзбекистон томонидан берилган туғилганлик гувоҳномаларини кўрсатиб, бемалол кирдик. Лекин ҳозир қизларимга биометрик паспорт олиш жуда қийин бўлаяпти. Шунинг учун Америка паспорти билан чиқиб кетмоқчимиз. Бунинг имкони борми, ўзи”, дея сўради Сабина.

***

Шу ўринда хорижлик билан никоҳдан туғилган боланинг фуқаролиги ҳақида:

“Ўзбекистон республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига кўра, ота-онасининг фуқаролиги ҳар хил бўлиб, улардан бири бола туғилган пайтида Ўзбекистон фуқароси бўлса, иккита ҳолатда бола Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади:

1) Агар бола Ўзбекистон ҳудудида туғилган бўлса;

2) Агар бола Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида туғилган бўлса ва ота-онасидан бири шу вақтда Ўзбекистонда доимий истиқомат жойига эга бўлса;

Айни пайтда ота-онасининг фуқаролиги ҳар хил бўлиб, улардан бири бола туғилган пайтда Ўзбекистон фуқароси бўлса ва бу вақтда ота-она Ўзбекистондан ташқарида доимий истиқомат жойига эга бўлса, Ўзбекистон ташқарида туғилган боланинг фуқаролиги ота-онанинг ёзма тарзда ифодаланган келишуви билан белгиланади.

***

Энди хорижда туғилган боланинг Ўзбекистонга саёҳат қилиш тартибига тўхталсак:

Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш Республика бўлими (ОВИР)га мурожаат қилиб, қуйидаги маълумотларни олдик:

1) Ўзбекистонликнинг хорижда туғилган фарзанди Ўзбекистон фуқароси сифатида келиб кетади:

“Ўзбекистон фуқаросининг хорижда туғилган боласига автоматик тарзда бизнинг фуқаролик берилгани учун у Ўзбекистон фуқароси сифатида ҳаракатланади. Биз икки фуқароликни тан олмаймиз, шунинг учун агар унинг қўлида бошқа давлат паспорти бўлса ҳам у чегарамизга кирганидан бошлаб, Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади. Агар шу кунларда Ўзбекистон томонидан берилган ҳужжат орқали келишса ва боланинг қўлида ҳали янги паспорт бўлмаса, албатта биометрик паспорт олиши шарт. ОВИР ҳам олишлари шарт. Агар боланинг қўлида бошқа давлат паспорти бўлса, уни мамлакатдан чиқаётганда ўша давлатнинг визаси сифатида тақдим қилиниши мумкин”, деди Республика ОВИРидаги манба.

2) Ўзбекистон фуқаросининг хорижда туғилган фарзандида чет эл паспорти бўлса, у Ўзбекистонга хорижлик сифатида келиб кетади:

“Ўзбекистонликнинг боласига бизнинг фуқаролик, агар унга бериладиган бошқа фуқаролик бўлмаса берилади. Ўзбекистонликнинг хорижда туғилган боласида бошқа давлат паспорти бўлса ва фуқаро ўша давлат фуқаролигини олишни истаса, у бизнинг консулликка мурожаат қилади. Консуллик боланинг Ўзбекистон фуқаролигидан чиқаради. Бу ҳолатда болага элчихонамиздан Ўзбекистонга келиб-кетиш учун виза олиш шарт бўлади. Худди чет эллик қандай тартибда келса, худди шундай тартибда келиб кетади”, деди Республика ОВИРидаги манба.

***

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари юқорида тилга олганимиз самарқандлик Сабинанинг муаммосида икки хил йўлни таклиф қилишди:

1) Болаларига Ўзбекистон фуқаролигини олиш;

“Чунки у болаларига Ўзбекистон томонидан берилган туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома билан кирган ва бу ҳолатда унга энг қулайи болалари учун янги биометрик паспорт олиш. Агар Америка паспорти билан чиқаман, деса муаммолари янада кўпайиши мумкин”, деди Тошкент аэропортидаги ОВИР бўлими ходими.

2) Америка паспорти билан чиқиш;

“Агар болани Америка паспорти билан мамлакатдан олиб чиқаман, деса болага exit visa яъни хорижликка бериладиган чиқиш виза олиши шарт. Бу оддий Ўзбекистон фуқаросига бериладиган чиқиш виза эмас. Республика ОВИРида хорижликларга чиқиш виза бериш бўлими бор. Шу ерга мурожаат қилиши лозим. Агар Америка паспортида exit visa бўлмаса, чегарачиларимиз уни аэропортдан учиб кетишига рухсат беришмайди” деди Республика ОВИРидаги манба.

Айни пайтда ОВИРдаги манба шу кунларда хорижлик учун мўлжалланган чиқиш виза берилмаётганини ҳам қўшимча қилди.

*******************************************************************

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG