Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:01

Президент Каримов пахта яккаҳокимлигини яна бир бор қоралади


Президент 31 август куни халқ вакиллари билан ҳам мулоқот қилди.
Президент 31 август куни халқ вакиллари билан ҳам мулоқот қилди.

Бу йил 75 га кирган, 25 йилдан бери Ўзбекистонни бошқариб келаётган Президент Ислом Каримов Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган байрам тантанасида нутқ сўзлади. Президент нутқи билан танишиб чиққан мухбиримиз унинг айрим жиҳатларига эътиборингизни қаратади.

Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида шу куни эрталаб “Шаҳидлар хиёбони”да уламолар билан суҳбатида тилга олгани мавзуга яна тўхталиб, бундай деди:

“Ҳозирги кунда дунёнинг турли ҳудуд ва минтақаларида, яқин ва узоқ атрофимизда экстремизм ва терроризм, қарама-қаршилик, қон тўкилиши, хавф-хатарлар ортиб, умуман, вазият тобора кескинлашиб бораётгани барчамизни хавотир ва ташвишга солиши табиийдир”.

“Шаҳидлар хиёбони”да Каримов бу фикрни конкретроқ айтган эди:

“Қаранг, Ироқда нималар бўлаяпти?!. Бир бемаза, мутлақо аввал билинмаган оқимларнинг вакиллари нималар қилаяпти?! <…> Агар кимки бу оқимларга ўз вақтида зарба бермаса, нима бўлади?!"

Президент Каримов пахта яккаҳокимлигини яна бир бор қоралади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:14 0:00
Бевосита линк

Тантанали маросимдаги нутқида Каримов дунёнинг турли ҳудуд ва минтақаларида бўлаётган қарама-қаршиликларга нисбатан Ўзбекистоннинг позицияси қандай бўлажаги тўғрисида бундай деди:

“Ўзбекистоннинг позицияси бундай ҳолатлар, кескин зиддият ва тўқнашувларни фақатгина сиёсий йўл, тинч воситалар билан ҳал этиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомида муҳрлаб қўйилган асосий принципларга ва халқаро нормаларга итоат қилган ҳолда, давлатларнинг суверенитети ва чегараларнинг дахлсизлигини бузишга, зўравонлик ва куч ишлатишга йўл қўймасликдан иборатдир”.

Нутқда конкрет давлат тилга олинмаган бўлса-да, Каримов Украинадаги вазиятни ҳам назарда тутаётгани, Ўзбекистоннинг бу масаладаги позицияси ўзгаришсиз қолаётганини тахмин қилиш мумкин.

Каримов ўз нутқида “яқин ва узоқ қўшнилар”га ҳам тўхталиб ўтди:

“Яқин ва узоқ қўшниларимиз билан тил топиб, бизларни бирлаштирадиган умумий мақсадлар йўлида ҳамкорликни янада кучайтириш, ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш устувор вазифамиз бўлиб қолишини замоннинг ўзи тақозо этмоқда”.

Шу ўринда яқин қўшнилардан бири – Қирғизистон раҳбарининг 30 август кунги баёнотини келтирмоқчимиз.

Қирғизистон мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган тантаналарда Президент Атамбаев тантанада ҳозир бўлган элчилар орқали - билвосита қўшни давлатлар раҳбарларига мурожаат қилди.

“Бугун бу ерда хорижий мамлакатлар, шу жумладан, қўшни мамлакатлар элчилари ҳам ўтирибди. Фурсатдан фойдаланган ҳолда, улар орқали қўшни давлатларнинг раҳбарларига мурожаат қилмоқчиман. Ҳурматли қўшнилар, келинглар, аҳил бўлиб яшайлик. Келинглар, бир-биримизга зиён келтиришнинг ўрнига ёрдам берайлик”.

Қирғизистонлик таҳлилчилар ўз президентининг бу гапини биринчи навбатда жорий йил апрелидан Қирғизистон жанубига газ беришни тўхтатиб қўйган Ўзбекистон раҳбариятига қаратилганини айтмоқда.

Президент Каримов тантанали маросимдаги нутқида ёшлар шаънига илиқ гаплар айтар экан, Хитой Халқ Республикасининг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Иккинчи Олимпия ўйинларида 28 нафар ўзбекистонлик ёш спортчи қатнашганини, 4 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза, ҳаммаси бўлиб – 10 та медални қўлга киритганини, бу Ўзбекистон ёшларининг мустақилликнинг 23 йиллик байрамига улкан ҳисса эканлигини таъкидлаб ўтди.

Айни пайтда Президент Ўзбекистоннинг жорий йил февралида Сочида бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида рамзийгина иштирок этгани тўғрисида лом-мим демади. (3 спортчи қатнашди, 17-, 39-, 64- ва 67- ўринлар)

Тантанали маросимдаги нутқида Ислом Каримов аввалги йилларда айтгани гапларни яна бир бор такрорлади.

Совет даврини яна бир бор танқид қилар экан, Президент “Ўзбекистонимиз фақатгина хомашё етказиб берадиган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган ўлкага айлантирилган, собиқ СССР таркибида энг қолоқ аграр республика эмасмиди?” деган саволни ўртага ташлади.

Лекин пахта яккаҳокимлигининг бугунги даражаси тўғрисида ҳеч нарса демади.

Президент Ислом Каримовга кўра, Ўзбекистонда “демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо” этилмоқда.

Энди Президент нутқидан сўнг бўлиб ўтган концертни томоша қилганлар орасида ким кўриниб, кимлар кўринмагани тўғрисида: Аввалги “Наврўз”у “Мустақиллик”ларда яйраб-яшнаб ўтирадиган Гулнора Каримова бу гал кўринмади.

Шунингдек, Татьяна ва Лола каримовалар, бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимов ва Олий Мажлис Сенати раиси Илгизар Собировлар ҳам кўринмади. Ҳар ҳолда телерепортажда улар кўринмади.

XS
SM
MD
LG