Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:29

НАТО саммитида Россия таҳдидига аксиламал масаласи кўрилмоқда


НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен “Россия Украинага ҳужум қилмоқда”, дея баён қилди.
НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен “Россия Украинага ҳужум қилмоқда”, дея баён қилди.

Уэльсда бошланаётган НАТО саммитининг асосий диққати Украина шарқидаги бўҳрон ва НАТОнинг шарқий сарҳадларида ҳарбий блок ҳозирлигини кучайтириш масаласига қаратилади. Москва томонидан дастакланаётган россияпараст айирмачилар Украина ҳукумат қўшинларига қарши хуружни давом эттирмоқда. Саммитнинг биринчи кунида НАТО расмийлари Россияни Украинага ҳужум қилаётганини очиқчасига баён қилишди.

Уэльсда НАТО саммити олдидан чиқиш қилган шимолий альянс бош котиби Андерс Фог Расмуссен “Россия Украинага ҳужум қилмоқда” ва президент Владимир Путин ўт очишни тўхтатиш режасини таклиф қилганига қарамасдан, Украина шарқидаги вазиятни беқарорлаштиришда давом этмоқда, дея баён қилди.

- Шарқда хавфсизлик муҳитининг тубдан ўзгаргани билан юзма-юз турибмиз – Россия Украинага ҳужум қиляпти,- деди Рсмуссен.

Рейтерс агентлиги Уэльс саммитида қатнашаётган НАТО ҳарбий зобитининг “Украина ҳудудида Россиянинг бир неча минг қўшини ҳамда юзлаб танк ва зирҳли машиналари бор”, деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда. Шахси сир қолиши шарти билан гапирган НАТО зобитига кўра, шунингдек Украина чегараси яқинида 20 минглик Россия қўшини ташланган.

Россия Президенти Владимир Путин 3 сентябрь куни илгари сурган ўт очишни тўхтатиш режасига муносабат билдирган Расмуссен бўҳронни ҳал этишга қаратилган ҳар қандай чорани олқишлаймиз, лекин “Украинада тинчлик ўрнатиш борасида асл ният” намойиш қилмоқчи бўлса, “Россия ўз қўшинларини Украина чегараларидан олиб кетиши, Украинадаги қуролли жангариларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиши ва конструктив сиёсий жараённи бошлаши” керак, дея таъкидлади.

НАТО саммитида Россия таҳдидига аксиламал масаласи кўрилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:27 0:00
Бевосита линк

Расмуссен Украина учун Россиянинг қуруқ гаплари эмас, унинг амалий ҳаракатлари муҳимдир, дея таъкидлади.

- Афсуски, шарқий Украинада вазиятнинг беқарорлашувига Россия ҳисса қўшаётганига ҳамон гувоҳ бўлиб турибмиз, деди НАТО раҳбари.

Унинг айтишича, саммит иштирокчилари Украина бўҳрони туғдираётган таҳдидларга қарши чора кўришга тайёрдир. Бу чораларга НАТОнинг шарқий сарҳадларидаги давлатларда тезкор қўшинларни жойлаштиришга доир “фавқулодда ҳаракат режасини” қабул қилиш киради, деди Расмуссен.

Унга кўра, НАТО етакчилари 4 сентябрь куни Украина Президенти Петро Порошенко билан учрашиб, Украина билан ҳамкорликни кенгайтиришга доир “конкрет қадамларни белгилаб берадиган қўшма декларацияни қабул қилади”.

- Эҳтиёж пайдо бўлганда, иттифоқчиларимизни тезкор тарзда ҳимоя қилиш қобилиятимизни яхшилашга қаратилган Ҳаракатга тайёргарлик ражасини қабул қиламиз,- деди НАТО раҳбари.

Мазкур режага кўра, НАТОнинг Шарқий ва Марказий Европадаги иттифоқчилари Россия ёки бошқа давлат томонидан ҳужумга учраган тақдирда тезкор жавоб қайтара оладиган қўшинларни ташкил қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, бу минтақада ҳарбий иншоот ва логистика марказларини жойлаштириш ҳақида ҳам гап кетмоқда.

Польша ва Болтиқ бўйи давлатлари НАТОнинг хорижий қўшинларини доимий тарзда бу минтақага жойлаштириш чақируви билан чиқди.

Расмуссен мазкур қўшинлар сафига НАТОга аъзо давлатлар навбатма-навбат ўз ҳарбийларини юбориши 1997 йилда Россия билан НАТО ўртасида тузилган келишувга зид бўлмаслигини билдирди. Мазкур келишувда икки томон бир-бирига душман деб қарамаслиги кўрсатилган.

НАТО раҳбари “Россия НАТО-Россия битимининг фундаментал принципларини бузаётгани ҳаммага аён бўлиб турибди”, дея қўшимча қилди.

Расмуссен шимолий альянснинг НАТО-Россия кенгашини тузиш бўйича 2002 йилда Римда имзоланган декларацияни бузиш нияти ҳам йўқлигини билдирди.

Расмуссен, шунингдек, НАТО давлатлари Ироқ ҳукуматининг Исломий Давлат гуруҳи жангариларига қарши курашда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги ҳар қандай сўровини жиддий тарзда кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

XS
SM
MD
LG