Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:41

"Ўзбекистон ҳаво йўллари"нинг Истанбул идораси халқаро авиация қоидаларини бузмоқда


Истанбулнинг Отатурк халқаро аэропортида ўндан зиёд ўзбекистонлик йўловчи қўлида билети бўла туриб, Тошкентга учадиган ўзбек учоғига яна қўйилмади. Мутахассисларга кўра¸ сурункали тус олган бу амалиëт "Ўзбекистон ҳаво йўллари" томонидан халқаро нормаларнинг қўпол бузилишидир.

Истанбулнинг Отатурк аэропортидаги "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати йўловчиларини регистрациядан ўтиш жойида яна ур-тўполон.

Озодликка йўлланган видеотасвирда қўлларида билет бўла туриб, жой қолмагани иддаоси билан самолётга чиқарилмаган йўловчилар “Ўзбекистон ҳаво йўллари“ ширкати маъмури Тимур дан изоҳ талаб қилаëтгани акс этган:

- Қаерга борамиз энди шунча юкимиз билан. Шуни олдиндан телефон қилиб айтиб қўймайсизларми, жой йўқ деб. Ҳозир шунча пул тўлаб қайтиб кетишимиз керакми энди? дейди норозилик билдирган ўзбекистонлик йўловчи видеотасвирда.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка боғланган ўзбекистонликлардан бири бундай тўполонга шахсан бир неча марта гувоҳ бўлгани ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" маъмури билан бундай можаро сўнгги ойларда сурункали тус олганини айтади:

- Мен таксичилик қиламан, Отатурк аэропортига йўловчиларни олиб бораман. Ҳозир ҳам Ўзбекистонга кетолмай юришибди. Билетлари бор қўлларида, кетолмай сарсон. Вақтлироқ кеткиси келганларнинг пулини олиб самолётга чиқазвориб, бошқа йўловчиларни чув туширмоқда. Қолиб кетган ўзбеклар билан ҳеч кимнинг иши йўқ, дейди Отатурк аэропортидаги бундай ҳолатга кунига гувоҳ бўлаëтгани айтган ўзбекистонлик такси ҳайдовчиси.

Истанбул аэропортида ишловчи яна бир ўзбекистонлик йўловчилар учоқдан қолиб кетаётганини тасдиқлади:

- Бир кун қолиб кетганларнинг ҳаммасини етиштириб, етиштириб самолётга тиқиб юборишга ҳаракат қилишaяпти, лекин ҳали ҳам шу ҳол. Кимларнингдир ўрнида кимлар учиб кетаяпти. Ширкат ходимлари "Додларингни Тошкентдаги идорага бориб айтинглар", деяпти. Хуллас бардак, дейди исми сир қолишини истаган ўзбекистонлик.

Кўпроқ билет сотилган

Озодлик мухбири ўзбекистонлик йўловчиларнинг шикоятлари ортидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари“ ширкатининг Истанбулдаги ваколатхонасига боғланди.

Ширкат ходимларидан бири ўзбекистонлик йўловчиларнинг рейсга қўйилмаëтгани сабабини учқичдаги ўринлар сонидан кўпроқ билетсотиб юборилгани билан изоҳлади:

- Билет кўпроқ сотиб юборилгани учун шундай бўлди. Ҳозир бу тартибга тушaяпти, деди “Ўзбекистон ҳаво йўллари“ ширкати ходими.

Ўриндиқ сони олдиндан маълум учқичга қандай қилиб "кўпроқ" билет сотиш мумкинлигини “Ўзбекистон ҳаво йўллари“ вакили тушунтиришга уринди:

- Ҳар бир ҳаво йўллари 15-20 дона билетни кўпроқ сотишга ҳаққи бор. Фақат "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати эмас, бошқа ширкатлар ҳам шундай қилади. Энди ҳозир нима бўлaяпти, билет кўпроқ сотиб юборилгани учун биз олдиндан билет олиб қўйган йўловчиларни самолётга қўйиб, охирда олганларни ортга қайтаришга мажбур бўлаяпмиз. Қолиб кетган йўловчиларга уч маҳал овқати билан меҳмонхонадан жой ҳам бераяпмиз, деди "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати вакили.

Халқаро фуқаролик авиацияси уюшмасининг Чехиядаги вакили Радек Птачек Озодлик билан суҳбатда ҳаво ширкатларининг учоқда белгилангандан кўпроқ билет сотиши стандарт ҳолат эканини эътироф этган ҳолда¸ қўлида билет бўла туриб рейсга қўйилмаган йўловчилар учун товон тўлашнинг ҳам шундай стандарт эканини таъкидлади:

- Бу стандарт ҳол. Агар сиз билет олган бўлсангизу сизнинг ўрнингиз бошқа йўловчига сотиб юборилган бўлса¸ ширкат сизга бир кунлик кечикиш учун 600 евро миқдорида товон пули тўлаши керак. Бундан ташқари¸ навбатдаги рейсга қадар сизни меҳмонхона ва овқат билан таъминлаши керак, дейди Халқаро фуқаролик авиацияси расмийси Птачек.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" учқичи бортига қўйилмаган ўзбекистонлик йўловчилар¸ халқаро талабларга зид равишда¸ ўзларига ҳеч қанақа товон пули тўланмаëтганини айтишмоқда:

- Меҳмонхона беришди, лекин ҳеч қанақа товон пули бергани йўқ. Шу меҳмонхонага юклар билан бориш ва яна аэрпортга қайтишнинг ўзи қанча пулга тушаяпти. Айримлар шунга ҳам қийналиб, эрталабки рейсни кутиб, аэропортнинг ўзида қолишаяпти, дейди ўзбекистонлик гувоҳ.

Пора берганлар учаяпти

Озодлик суҳбатлашган йўловчилар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати ходимларини коррупцияда айблашмоқда.

Исми сир қолишини истаган ўзбекистонликлардан бири Истанбул аэропортида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати ходимлари самолётдаги жой учун йўловчилардан пул олаётганликларини иддао қилади:

- Вақтидан олдин кетмоқчи бўлганлардан пул йиғаяпти. Булар атайлаб кўпроқ билет сотиб, пул ишлаволишяпти. Катта пул қилишaяпти. Билети билан келган бечоралар буниng жабрини кўрaяпти, улар аэропортда қолиб кетиб, пул берганлар ҳалиги ширкатнинг ходимларини оғзини мойлаб, учиб кетаяпти, дейди Озодликка гапирган ўзбекистонликларнинг бири.

Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкати расмийси бу иддаоларни рад қилди.

- Бу бўлмаган гап. Аэропортнинг ҳамма жойи камераку, қанақа пул, қанақа пора? дея гапни қисқа қилди "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати ходими.

Озодлик Истанбул аэропортида юзага келган қонунбузарликлар ва унга билдирилаëтган норозилик юзасидан изоҳ сўраб "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкатининг Тошкентдаги марказий идорасига ҳам ёзма тарзда мурожаат қилди¸ лекин ҳозирча ширкат расмийларидан жавоб бўлмади.

XS
SM
MD
LG