Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:09

Жиззахлик аёл эрини чавақлаб ўлдирди


Қўшкўпир туман ҳокими қўшиб ёзиш ва маблағ ўмаришда айбланди. Жиззахлик аёл ширакайф эрини чавақлаб ўлдирди. Тезюрар поезд кечикиб келгани сабабли масъуллар жаримага тортилди. Жорий ҳафта маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Шаҳарлараро ва халқаро қўнғироқ қилиш тартиби ўзгаради”

Тошкент шаҳрида жорий йил 24 сентябрдан 1 октябргача шаҳарлараро ва халқаро сўзлашувларни амалга ошириш учун рақам териш қоидаларини ўзгартириш бўйича ишлар олиб борилади (“Тошкент оқшоми”, 10 сентябрь).

Шу тариқа шаҳарлараро алоқага чиқиш “8” рақами ўрнига “0” рақамини, халқаро алоқага чиқиш “8-10” рақами ўрнига “00” рақамини териш йўли билан амалга оширилади.

“Қўшкўпир туман ҳокими қўшиб ёзиш ва маблағ ўмаришда айбланди”

Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ҳокими вазифасини бажарувчи қўшиб ёзиш ва маблағ ўмаришда айбланди (“Даракчи”, 11 сентябрь).

Исми ошкор этилмаган ҳоким тумандаги буғдой планини бажармаган 10 дан ошиқ фермер хўжалигининг ҳар биридан 1000 доллардан 2400 долларгача йиғиб олган. Мазкур маблағ “нақд пулга буғдой сотиб олиш учун” деган важ билан олинган.

Бундан ташқари, Қўшкўпир раҳбари тумандаги қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи қайта қурилаётганидан фойдаланиб, коллеж биносидан чиққан умумий баҳоси 22 миллион сўмдан ошиқ қурилиш материалларини ўзлаштирган.

Маълум қилинишича, “ҳоким бува”нинг “бер-бер” касалидан яна бошқалар ҳам жабр кўрган. Жиноий ишнинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмаган. Қайд этилишича, туман ҳокими ва унга жиноятда ёрдам берганларга “қилмишига яраша жазо тайинланган”.

“Жиззахлик аёл ширакайф эрини чавақлаб сўнг ёқиб юборди”

Жиззахлик Муборак Норбоева қотилликда айбланиб 15 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 11 сентябрь).

Жиноят Зарбдор туманида марҳумнинг туғилган кунида рўй берган. Аёлнинг турмуш ўртоғи Рустам Норбоев маст ҳолатда уйига келиб қизи Севарани калтаклай бошлаган.

Ичкиликка ружу қўйган эрининг қилмишларидан тўйган Муборак Норбоева уни чавақлаб ташлаган. Сўнг ўғли ва қизи ёрдамида жасадни палосга боғлаб, зовурга олиб бориб бензин қуйиб ёқиб юборган. Кейин қариндошларига Рустам Норбоевни ишлаш учун Россияга кетган дейишган. Аммо кейинроқ марҳумнинг қариндошлари ёрдамида жиноят очилган.

Ҳаж зиёрати қанчага тушади?

Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг илк гуруҳи 15 сентябрдан муборак Ҳаж сафарига йўл олади (“Оила даврасида”, 11 сентябрь).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Муҳаммад Акмалхон Шокировнинг маълум қилишича, бу йил 5200 нафар киши зиёратга отланиб турибди.

Ҳаж-2014 мавсуми харажатлар сметасига биноан ҳар бир ҳожи учун 8 миллион 265 минг сўм миқдорида белгиланган.

Ўзбекистонда ҳажга бориш учун навбатда туриш талаб этилади. Бу борада ҳожилар учун ажратиладиган ўринни кўпайтириш масаласига тўхталган Шокиров шундай деган: “Ҳақиқатан ҳам ҳажга бориш истагини билдириб, зиёратга бориш учун навбатда турган фуқароларимиз кўпчиликни ташкил этади. Лекин бугунги кунда Саудия Арабистони подшоҳлигининг Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларида кенг кўламли таъмирлаш ва қурилиш ишлари олиб борилаётгани сабабли, бутун дунёдан келадиган ҳожилар сафи қисқартирилаётган бир вақтда биздан борадиган ҳожилар сонини кўпайтириш масаласини кўтариш ноўрин деб ҳисоблаймиз”.

“Чинни бозордаги ёнғин атайин уюштирилган”

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Чинни бозорида жорий йил 12 август тунида рўй берган ёнғин атайин уюштирилган (“Новый век”, 11 сентябрь).

Газета бозор ҳудудида савдо билан шуғулланган тадбиркорларга таяниб шундай тахминни илгари суради. Ушбу версияга кўра, бозорни ёқиш орқали тадбиркорларни янги қурилган ва ижара ҳақи анча қиммат саналган “Абу Сахий” мажмуасига мажбурий кўчиб ўтишига эришиш кўзланган.

Газетага кўра, бу сценарий ўтган йили Тошкентдаги Қатортол савдо мажмуасига ўт қўйилганда ҳам кузатилган. Шу билан бирга, “ёнғин – бозорни ўз назоратига олишга уринган гуруҳлар ўртасидаги кураш оқибати” деган тахмин ҳам илгари сурилган. Ёнғин хавфсизлигига масъул вазиржлик ёнғинлар атайин уюштирилиши ҳақидаги фикрларни бирор марта тасдиқламаган. Жумладан, 12 август кунги ёнғин ҳам, Ички ишлар вазирлигига кўра, “электр симларидаги қисқа туташув оқибатида” юзага келган.

“Тезюрар поезд кечикиб келгани сабабли масъуллар жаримага тортилди”

Тошкент-Бухоро йўналишида қатновчи “Шарқ” тезюрар поезди 1 соату 10 минутга кечикиб келгани сабабли масъуллар жазога тортилди (“Адолат кўзгуси”, 11 сентябрь).

“Адолат кўзгуси” газетаси тезюрар поезд имиллаб ҳаракат қилгани, қолаверса, ёзнинг иссиқ кунларида ҳам совитиш тизими ишламагани ҳақида танқидий мақола эълон қилган.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати текширувлардан кейин мақолада танқид қилинган фактлар тасдиқланган. Шу тариқа тезюрар поезд фаолиятидаги камчиликлар учун Йўловчи поездларини рейсга техник ва технологик тайёрлаш филиали бош муҳандиси А.Азлархўжаевга, электроцех бошлиғи И.Пўлатовга ва бошқа масъулларга жарима жазоси қўлланилган.

XS
SM
MD
LG